Ўзбекистонда болалар санъати учун янги давр келди ёхуд мусиқада, қўшиқда маънавиятнинг чуқур булоғи бор

    Ўша қора кунларда юз берган бир воқеа юрагида ҳамон доғ бўлиб қолганди. Қучоғида ёш боласи билан кўсак чувиб ўтирган бир аёл хиёл мудраб қолади. Бу ҳолни кузатиб турган табелчи қўлидаги музлаган кўсак билан унинг юзини нишонга олади. Ҳалиги аёлнинг кўзидан оққан қон ёшгина Шерматнинг кўнглини ўша давр сиёсатию ҳаётдан совутиб юборади. “Падарига минг лаънат бундай ҳаётнинг”, деганди ўшанда.

    Боғимда гуллар чаман,

    Мен гулларни қучаман

    Завқ-ла очиб қулочим

    Яйраб қушдек учаман

    Эҳ, болалик... Баҳорнинг ўзимизга ўхшашига, унинг биз билан яшашига мурғак қалбимизни ишонтирган беғубор давр, гўзал олам. Ўзбекистон Халқ артисти, “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Шермат Ёрматов ана шу беғубор олам, орзулар дунёси ҳақида юзлаб куй-қўшиқлар яратиб, болалар билан бирга куйлаган устоз санъаткорлардан. 40-50 йилдан буён Ўзбекистнимиздаги ҳар бир бола ҳаётида жилла қурса бир бор хиргойи қиладиган ушбу қўшиқ ҳаммамизга таниш, қадрдон. Муаллифнинг эса кўнгли ҳамон янги қўшиқлар завқидан масрур. Болажонлар билан тиллашишдан куч оладиган бу инсон уларсиз, уларнинг қўшиқларисиз ҳаётини тасаввур ҳам қила олмайди.

    Унинг болаларга қаттиқ боғланиб қолиши, уларга ота-онадай ғамхўрлик қилишида ўзининг болалиги муҳим ўрин тутади, десак хато бўлмайди. Чунки у болаликнинг ўзига хосликлари, бола қалбининг ҳар ким ҳам англай олмас нозик қирраларини теран ҳис қилади. Шермат Ёрматовнинг болалик хотираларини эшитсангиз, севимли касби, дарҳақиқат, ҳаётининг мазмуни эканига амин бўласиз.

    Бошидан ўтказган табиб

    “Отам урушдан қайтмагач, онам шўрлик икки ўғил, икки қизни ёлғиз ўзи вояга етказди. Амакию тоғалар ҳам урушда эди. Қийинчиликларга қарамай ҳалол меҳнат билан кун кўрдик. Кичкина боғимиз бўларди. Олма, ўрик дегандек, пишган мева борки, териб бозорга йўл олардик. Фарғонанинг марказигача биз яшайдиган Лоғон қишлоғидан 15-20 километр бор. Автобус, машина анқонинг уруғи. 2-3 соатлаб кутамиз, узоқдан тириллаган овоз келса, тўхтамай ўтиб кетмасин, деб йўлнинг ўртасига чиқиб оламиз. Нон пули чиқса ҳисоб, меваларни арзон гаровга сотиб келардик. Онам кечаси билан ухламай, жўхорига ўхшаган нарсани майдалаб, атала қиларди. Ҳеч нарса қолмаган кунлари сигиримизнинг сути ҳаммамизни боқарди. Хуллас, онам шўрлик нима қилиб бўлса ҳам қорнимизни оч қўймасди. Унинг ўзи айтиб берарди, дадаси ўгай онасидан яшириб, бир бурда нон берар экан-да, “енгингизнинг ичига солиб олиб, кўрсатмай енг”, дер экан. Шу боис, бир бурда ноннинг қадрини онам яхши биларди. Шундай бўлса-да, ҳеч қачон бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, бировдан умидвор бўлмасликни ўргатди бизга.

    Бола эканман, бир сафар, дўконга кириб, ҳамма нарсани томоша қилдим. Ҳар хил ширинликлар, рўзғор буюмларига маҳлиё бўлиб, чиқиб кетаётсам, оёғим остида бир нарса шиқирлади. Қарасам, 10 сўм пул, ердан олиб, сотувчига бердим. “Сен Гулшанби опанинг ўғлимисан, раҳмат”, деди.

    Уйга бориб, воқеани онамга айтиб, чой ичиб ўтиргандик, биров чақириб қолди. Онам юзига рўмолини тўсиб, дарвозани очди. “Шермамат сизнинг ўғлингизми?”, деган гапни эшитдим-у, юрагим шув этиб, боғимиз томонга қочдим (Ш.Ёрматовнинг асл исми Шермуҳаммад бўлиб, ҳужжатда Шермат ёзилиб қолган, қишлоқдагилар кўпроқ Шермамат деб чақиришган ). Хавотирим ўринсиз экан, келган одам онамга миннатдорлик билдириб қолди. “Ўғлингиз дўконда тушириб қўйган пулимни топиб олибди, шундай виждонли бола тарбия қилганингиз учун раҳмат”. Кейин онамга катта тугунча узатди. Онамнинг эътирозига қарамай ҳалиги киши тугунчани майса устига қўйиб, отини чоптириб кетди. Онам тугунни очиб йиғлаб юборди. “Кўрдингми, болам, ҳамиша ҳалол бўлгин, сен орзу қилган нарсаларнинг ҳаммасидан олиб келибди”, деди...

    Отамнинг расмини ҳам кўрмаганман

    Томга чиқиб, қўшни болаларга онаси олиб берган доирани чалиб концертлар қўйиб берган, ким сўраса, композитор бўламан, деб юрадиган Шермат Ёрматов пойтахтдаги маданий оқартув техникумида қисқа вақтда тенгдошларию, ўқитувчилари ҳурматини қозонди. Моҳир теримчи бўлгани учун ҳар ҳафта байроқнинг олдида турар, совғалар олаверганидан уни танимаган ҳам таниб оларди. Кечки концертларда қўшиқ айтиб, ўйнаб бериши ҳам уни бутун техникумга танитди. Унга ҳавас қиладиганлар кўпайди. Бу эса, ўспириннинг шижоати, руҳини оширди.

    Ҳар беш кунликда олган терим ҳақию, мукофот пулларини рус тили ўқитувчисига бериб қўярди. Бу аёл унга бир она фарзандига бериши мумкин бўлган барча нарсани ортиғи билан берди. Тансиқ таомлар билан қорнини тўқлар, энди бироз ишлаймиз, дея пианино чалишни соатлаб ўргатар, кузатаётиб, чўнтагини конфетлар билан тўлдириб, йўлкира бераркан, ғоят хижолатдан қизарган ўқувчисига “кейин берасан”, деб қўярди. Шермат шу маънода ҳам унинг олдида ўзини бир умр қарздор, ҳисобларди. Пахта терими тугагач, “иккинчи она”си унга олиб қўйган бош- оёқ сарподан ташқари 350 сўм пулини бериб, “буни онангга бергин, ҳалол пешона теринг бу”, деди.

    Пахтадан қайтишганида бир ўқитувчи илғор теримчи Шерматжон билан қуюқ сўрашиб, “домла яхшиларми?”, деди. Кимни сўраётганини тушунмай, “ҳа яхшилар”, деб қўя қолган йигитчани директор хонасига чақиришди. Раҳбарнинг ўрнидан туриб, қучоқ очиб кўришганини у теримдаги фаоллигига йўйди. Лекин директор “шундай одамнинг ўғли бўла туриб, индамабсиз-а, Шерматжон, шунчаям камтар бўласизми”, деб қолди. Тушунмадим, кимни айтяпсиз, менинг отам оддий солдат, мен уни кўрмаганман, урушдан қайтиб келмаган, деб йиғлаб юборди. Қаҳрамонимиз дадасининг қайта ишланган расминигина кўрган, аммо унинг тасаввурида отаси елкасида погони бор, басавлат, кўркам йигитлигича қолган.

    Директорнинг тарвузи қўлтиғидан тушмади, аксинча, йигитчани маҳкамроқ қучди. Чўнтагидан 2 та ўн сўмлик олиб, ўзи ўйлаганидек, Комил Ёрматовнинг эмас, оддий аскар ўғлининг чўнтагига солди. Кўзида ёш билан “бугундан бошлаб отангизман”, дея олди халос.

    “Булбулча”нинг ютуғи нимада?

    70-йилларнинг бошида (“Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамбли ташкил топган йил) бир ота важоҳат билан келиб, “менинг қизим бу ерга қатнамайди, яллачи бўлмайди”, деб қизини олиб кетганини Шермат Ёрматов яхши эслайди. Аммо ўша ота 20 йилдан кейин қайтиб келиб, “мен катта хато қилган эканман, болалар бу ерда оладиган тарбияни ҳеч қайси фан бера олмас экан, мени кечиринг”, дейиши унинг учун табиий ҳол эди. У мағрур отанинг бош эгиб келгани эмас, санъатнинг аҳамияти, қўшиқнинг қудратини англаб етганидан хурсанд эди.

    Чиндан ҳам айримларнинг фикрича, “50-100 кишини бир жойга тўплаб олиб, оғзини очириб туришдан бошқага ярамайдиган хор”га нима учун ота-оналар болаларини етаклаб келади? Шундай бўлса нега “Булбулча” ансамбли тарқалиб кетмаяпти? Нима сабабдан Шермат Ёрматов 82 ёшида ҳам уйда қарилик гаштини суриб ўтирмай, ҳар куни ишга келяпти? Қолаверса, “Қўшиғим, жон қўшиғим”нинг мухлислари нима учун ҳали ҳам кўп?

    Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, “Булбулча”га келганлар бир ойга қолмай кўнгли кенг, юраги тоза, чеҳраси очиқ болага айланади. “Булбулча”нинг болалари ҳар қандай вазиятда ҳам ёниб, жўшиб, табассум билан куйлайди. Уларга ҳеч қачон қовоқ осмаслик, ҳамиша кулиб туриш ўргатилади. Ҳаракат, мимика орқали тингловчини ҳам қўшиқнинг ичига олиб кира олиш талаби ҳар бирининг онгию вужудига сингади. Бу ерда бирорта қўшиқ шунчаки ўргатилмайди. Айтайлик, қўшиқ пахта ҳақида бўлса, унинг инсонлар учун барча фойдали жиҳатлари, машаққатли меҳнат эвазига етиштирилиши болалар онгига ўзларининг тилида сингдирилади. Қарабсизки, болалар қўшиқдаги ҳар бир сўз оҳангини қандай ижро этишни тушуниб ижро этадиган бўлишади.

    Бир гал Шермат Ёрматовнинг очиқ дарсига кирган мактаб директори (Тошкентдаги 152-мактабда 25 йил мусиқадан дарс берган) мусиқа ўқитувчиси қўшиқни ўргатибгина қолмай, пахтанинг қандай дунёга келиши-ю, ундан нималар олинишини куйиниб гапираётганини эшитиб, “агар мусиқа дарси шунча тарбия бераётган бўлса, менинг болаларим энг бахтли болалар бўлади”, деган экан. Ҳар бир даврнинг болаларини қиёслай туриб, қаҳрамонимиз шундай тафовут сезади — оддий кўйлак ҳақидаги қўшиқни ҳам, унинг моҳиятини тушуниб куйладиган болалар афсуски, бугун кам.

    Мактаб куйласа, бутун Ватан куйлайди

    Ўтган йили июнь ойида Президентимиз Наманганда туриб, “Аттестат олишда, ҳаммамиз ўрганганмиз – физика, математика бўйича баҳо бўлади. Топшириқ бердимки, энди аттестатда ҳар бир мактабда 11-синфни битирган болаларимиз битта чолғу асбобини ўрганган деган баҳоси бўлади”, деган гапларини телевизорда эшитган Шермат Ёрматов “яшанг, бўлар экан-ку,”, дея ўрнидан туриб кетгани, ўша кун унинг учун гўё байрам бўлганини кўпчилик муболағага йўйиши аниқ. Умумтаълим мактабларидаги мусиқа дарсларининг аҳволига анчадан буён ачиниб келаётган, аммо бир ўзи уларга ёрдам бера олмаётган одам учун бу чиндан ҳам байрам қилишга арзирли янгилик бўлганди. Очиқ айтиш керак, аксарият мактаб директорлари мусиқа фанини иккинчи даражали ҳисоблаб, бу дарсни рубоб созлашни билиш у ёқда турсин, мусиқадан умуман хабари йўқ таниш-билишларига ҳам бериб қўйганди. Бир пайтлар Тошкентнинг ўзида 150–200 та мактабда хор жамоалари бўлган. Ҳозир бундай жамоаларни учратиш амримаҳол. Зеро, инсон тарбияси учун мусиқанинг нақадар кераклигини ибн Сино айтиб кетганини Шермат Ёрматов куюниб таъкидлар экан, бу борадаги оғриқларини ҳам қайд этди:

    — Айниқса, танбурдан тараладиган ажиб нола манаман деган миллатда ҳам йўқ, ўзбекнинг танбур куйи юракни титратиб юборади. Бола шу каби мусиқалардан маънавий озуқа, тарбия олади. Мусиқада, қўшиқда маънавиятнинг чуқур булоғи бор. Ҳар бир бола ўша булоқ сувидан ичиши керак. Шу маънода, кўплаб мактаблардаги мусиқа дарсларидан кўнглим тўлмайди. Ўрни келганда барча ҳамкасбларимга айтган бўлардим: қўшиқни шунчаки ўргатиш эмас, унинг моҳиятини, атрофидаги тушунчаларни ҳам ҳаётга боғлаб, бола онгига сингдириш зарур. Шундагина у қўшиқни яйраб айтади. Масалан, “Янги кўйлак тикдилар аяжоним байрамга”, деганда, бола қалби байрам шукуҳини, байрамда янги кўйлак кийиш завқини ҳис қилиши керак. 4-5 ёшли боланинг ўзига муносиб қўшиқлар, яллалар, лапарлар бўлса бас! Бола уларни ўзиники қилиб олади. Зеро, бундан анча йиллар олдин

    Қуёш бўлсин, ой бўлсин,

    Ўзбекистон бой бўлсин

    Менга атлас, укамга

    Гижинглаган той бўлсин, деган эзгу тилаклар билан бошланувчи қўшиқни миллионлаб болалар ўзиники қилиб олганидек, бугуннинг болалари ҳам ўз қўшиқларини жўшиб айтиши керак.

    Шу ўринда кейинги пайтда юртимизда адабиётга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу жуда яхши. Болалар спектакллари кўпайяпти, бу ҳам бола тарбияси учун ғоят зарур. Эндиликда болалар қўшиқлари, болалар шеърларига ҳам жиддий ёндашсак, албатта, ўлмас қўшиқлар яралаверади. Мен фаолиятимда Пўлат Мўмин шеъриятига кўпроқ суянаман. Унинг шеърлари каби ўз мусиқаси ўзи билан яралган шеърлар кўпайса, бошим кўкка етади.

    Хор — тақдирларни-да бирлаштиргувчи қудратли куч

    —Онамнинг 4 етимни бир ўзи боққанига, ҳар биримизнинг кўнглимизга қарай билганига ҳар гал гастролларда қойил қолардим, — деб хотирлайди Шермат Ёрматов. Камида 80 нафар бола билан сафарларга борадиган меҳрибон устоз, қайси юрак билан шунча болани олиб кетганига ҳозир ўзи ҳам ҳайрон. Кунда кун ора уни йўқлайдиган шогирдлари бугун 2 ёки уч нафар фарзандини баъзан ўз измига сола олмаётганидан нолиб қолади. “Устоз, шунда сиз қанчалар машаққатни, бугун биз тасаввур ҳам қила олмайдиган улкан масъулиятни зиммангизга олган экансиз”, дейишади.

    Бир гал Туркияда 78 та давлат болалари орасидан “Булбулча”энг юқори ўринни олганида, Ўзбекистон элчихонасидагилар телевизор орқали томоша қилиб турган экан. Аэропортда жамоани бир қоп совға-салом билан қарши олишади. Ҳар бир болага ўзининг исм-фамилияси ёзилган совғаларни улашаётиб, Шермат Ёрматовга “ўлчамингизни билмаганимиз учун, сиздан қарздор бўлиб қолдик, энди билиб олдик, албатта, сизга ҳам совға юборамиз”, дейишган. Ўшанда ҳам у “ мана шунча совғам борку, болаларимга берилган ҳар битта совға менинг ҳам совғам,”деган.

    Бугун ана шу болалар бир-бири билан алоқани узмагани, ҳатто қуда-анда бўлаётганига ишонмасангиз керак. Сизсиз тўй татимайди, дея 80 дан ошган устозини авайлаб тўйхонага олиб кетаётганларига-чи? Мана, беғуборликда орттирилган дўстликнинг, устоз-шогирдликнинг самимийлиги, давомийлиги. Хор — бу йиғилиб олиб ашула айтиш эмас, ички дунёнинг гўзаллиги, маънавиятга ошуфталик, умрбоқий дўстлик. Минглаб қалбларни бир-бирига боғлаган меҳрибон устоз уларнинг ҳаммасини эслай олмас, лекин барчасини “менинг болаларим”, дейди. Шогирдлари билан фахрланади.

    Улар орасида кўплаб давлат арбоблари, Ўзбекистон халқ артислари борлиги унинг ҳаётдаги энг катта ютуғи. Ғуломжон Ёқубов, Рамз Усмонов, Дилфуза Раҳимова каби санъаткорлар фидойи устознинг юзини ёруғ, номини улуғ қилди.

    –Агар домла менинг қўлимдан етаклаб, Жиззахдан Тошкентга олиб келмаганида, айтайлик, ўзим келган тақдиримда ҳам Шермат Ёрматовдан бошқанинг қўлига тушганимда бугун Халқ артисти бўлмасдим, — дейди Ўзбекистон Халқ артисти, таниқли операчи Рамз Усмонов. — Очиғини айтаман, мен устозимнинг уйида яшаб, унинг нон-тузини еганман. У нафақат менга, балки жамоадаги барча болаларга мана шундай меҳр кўрсата олган. Шунинг учун мен Шермат Ёрматовни ўз отамдек яхши кўраман, устозимдан бир умр қарздор ва миннатдорман.

    Янги Ўзбекистонда болалар санъати учун янги давр келди

    Бир пайтлар Шароф Рашидов Шермат Ёрматовнинг иқтидорли шогирдларидан бири Бурхон Бўриевни “менинг биллур болам”, деган экан. Бугун у Америкада яшайди. Яқинда устозидан хабар олгани келиб, сизни Америкага олиб кетаман, деганида, Шермат Ёрматов Ўзбекистонимиз ҳам чет эллардан кам эмас. Болаларимиз бахтиёр. Янги Ўзбекистонда барча соҳалар каби болалар истеъдодини намоён этиш учун кенг имкониятлар яратилаётир, бундай эътибор ҳеч маҳал бўлмаганди. Энди маза қилиб ишлайдиган, келажак авлоднинг юксак таълим оладиган даври келди, деб рад этди.

    Президентимиз ташаббуси билан мустақиллигимизнинг 30 йиллигига катта қўшиқлар танлови ташкил этилганидан Шермат Ёрматовнинг боши осмонга етди. Чунки бундай фестиваллар у гувоҳ бўлган аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Бугунги фестиваллар шунчаки ташкил этилмаяпти. Болаларимизнинг юракдан куйлаб, бахтли эканини ҳис қилиши учун қанчалар эътибор бериляпти, маблағ сарфланаётир. Санъаткор бутунлай янги руҳдаги бу каби фестивалларнинг мамлакат бўйлаб шиддатли тус олиши, йилдан-йилга ёшларнинг анъанавий қўшиқ байрамларига айланиб қолишини тасаввур қилади. “Бугун Ўзбекистонни янги нигоҳ билан кўряпмиз. Янгича фикрлаш, одамларга муносабатлар янги, сиёсатга ёндашув ҳам янгича”, дейди жилмайиб.

    Айниқса, пахта сиёсатининг бугун бутунлай инсонийликка асослангани қаҳрамонимизни беҳад хурсанд қилади. Чунки унинг болалиги тизза бўйи қорда ҳам кўк кўсакни теша билан ёриб, тонггача чувилган кунларга гувоҳ бўлди. Ўша қора кунларда юз берган бир воқеа юрагида ҳамон доғ бўлиб қолганди. Қучоғида ёш боласи билан кўсак чувиб ўтирган бир аёл хиёл мудраб қолади. Бу ҳолни кузатиб турган табелчи қўлидаги музлаган кўсак билан унинг юзини нишонга олади. Ҳалиги аёлнинг кўзидан оққан қон ёшгина Шерматнинг кўнглини ўша давр сиёсатию ҳаётдан совутиб юборади. “Падарига минг лаънат бундай ҳаётнинг”, деганди ўшанда.

    Бугун эса, Ўзбекистоннинг 35, 40 йиллик истиқлол тўйларини ҳам кўриш, ўша тўйларда янги-янги қўшиқларини жаранглатиб, ўзбек болаларининг мароқ билан куйлаганини эшитиш орзуси билан яшаяпти. Қани энди қирқ-элликта боланинг бир хил овозда, майин ҳаракатлар билан қўшиқ айтганини кўриб, хорни писанд қилмаганлар лол бўлишса. Хор ансамбли келяпти, деса лабига учуқ чиқадиган баъзи режиссёрлар жамоавий куйлаш — оммавий санъатнинг асл мақсадини билса. Зеро, чет элларда “Булбулча”нинг санъатини, улар куйлаётган ўзбекча қўшиқларни юқори баҳолашади, севиб тинглашади. Шундай экан, нега шу қўшиқлар ўзимизда ҳам қадрланмаслиги керак?

    Болалар санъатига беписанд қарашга ҳечкимнинг ҳаққи йўқ

    Ҳар куни эрталаб бир хушхабар, яхши бир фармон, қарор. Айтинг-чи, қайси даврда камбағалнинг уйига бориб хабар олинган? Қайси даврда ёшлар бўш вақтини унумли ўтказишлари учун ташаббуслар кўрсатилиб, уларнинг аввалида санъат бўлган? Ёки қайси замонда энг кўп китоб ўқиган болалар рағбатлантирилиб юксак мукофотлар берилган? Ахир ҳаммани уйга қамаган карантин пайти ҳам қанча-қанча юлдузларни кашф этдик. Бошқа халқлар сингари юрак ҳовучлаб, очлик ғамини чекмадик. Буларнинг бари кўз ўнгимизд, янги Ўзбекистонда юз беряпти. Ёнма-ён яшаб бир-биридан узоқлашиб кетган, бориш-келиш жуда катта муаммога айланган давлатларда бугун аҳвол бутунлай бошқача тус олди. Бугун уларнинг барчаси яна иноқ, аҳил дўст бўлиб яшаяпти.

    Президентимизнинг оқилона бошқаруви туфайли юртимизда тинчлик, фаровонлик. Болаларимиз замонавий илмларни, тилларни ўрганяпти, чет элларда таълим оляпти. Улар чинакамига бахтли болаликнинг гаштини суряпти. Қалбининг тубидан қўшиқлари каби жўшиб келаётган мана шундай илиқ фикрлар Шермат Ёрматовнинг кўнглидан ҳар куни бир ўтади.

    –Агар Яратган умр берса, ҳаётим сўнгига қадар мана шу бахтиёр эртамиз эгаларига куй-қўшиқ ўргатишдан, уларни шу азиз Ватанга муҳаббат руҳида камол топтиришдан тўхтамайман, — дейди санъаткор. — Мустақиллик байрамларида жажжи болаларимиз ҳам мароқ билан ўз операларини айтишларини истайман. Болаларнинг, ёшларнинг ўз қўшиқлари бўлса, улар мадҳияга айланса, қандай яхши! Уларни болаларимиз маза қилиб куйлаши, завқ олиши, янги Ўзбекистонда аждодлари орзу қилганидек яшаётганини ҳис қилишлари керак. Истардимки, юртимизнинг ҳар гўшасидаги ҳар бир хонадонда болалар қўшиқлари жаранглаб турсин. Болаларнинг жамоа бўлиб куйлашига, ўз истеъдодларини дунё бўйлаб намоён этишига эътиборсизлик билан қарашга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

    Болалигим гулбаҳор

    Унда баҳор ҳусни бор

    Қуёш уни эркалаб

    Кулиб боқар ҳар наҳор

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири