Ўзбекистонда бюджет ташкилоти ходимларининг иш ҳақларини онлайн кузатиб бориш мумкин бўлади

    Долзарб 11 июл 2021 748

    Тошкент шаҳрида Молия вазирлигида бюджет маълумотларининг очиқлигини ошириш, шунингдек, янгиланган «Очиқ бюджет» ахборот портали тақдимотига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

    Қайд этилишича, семинар бюджет маълумотларининг транспарентлиги ва мавжудлиги масалалари бўйича жамоатчилик билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган. Хусусан, тадбирда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, халқаро ташкилотлар, вазирлик ва идоралар, вилоят ва туман ҳокимликлари вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиш учун таклиф этилган.

    Семинарнинг расмий қисми доирасида Молия вазирлиги «Очиқ бюджет» (www.openbudget.uz) порталининг янгиланган версиясини тақдим этган. Маълумот учун, портал 2019 йилдан буён фаолият олиб боради ва мамлакатда бюджет жараёнининг асосий жиҳатларини очиб беради, бюджетнинг асосий параметрлари, бюджет даромадлари ва харажатлари таркиби, шунингдек, давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар ва бошқа бюджет маълумотлари ҳақида маълумот беради.

    Хабарга кўра, 2021 йилда БМТТД ва Молия вазирлигининг «Ўзбекистонда барқарор ривожланишни молиялаштириш» қўшма лойиҳасини амалга ошириш доирасида порталнинг дизайни қайта кўриб чиқилган ва унинг фаолияти сезиларли даражада кенгайтирилган. Порталнинг тақдим этилган версиясида янги қулай форматда давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган. Портал маҳаллий бюджетларнинг ижроси, жумладан, бюджет ташкилотларининг (ҳар бир бюджет ташкилоти кесимида) ва бюджетдан ташқари даромадлар ва харажатлар (ЎзAСБО дастури билан интеграциялашув орқали) реал вақт режимида бажарилиши ҳақида маълумот олиш имконини беради. Қизиқувчилар, шунингдек, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи маълумотларини онлайн равишда кузатиб боришлари ва юклаб олишлари мумкин.

    Бундан ташқари, порталнинг функциялари фуқароларга тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ташаббусларни илгари суриш ва танлашда иштирок этиш имкониятини бериш бўйича такомиллаштирилди. 2019 йилдан бошлаб республикада фуқароларнинг бюджет маблағларини тақсимлашда иштирок этиш механизми жорий этилди, бу эса туманлар (шаҳарлар) бюджетларининг қўшимча манбаларининг бир қисмини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтиришни назарда тутади.

    Шунингдек, 2021 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш учун ажратиладиган маблағлар манбалари кенгайтирилган. Шу муносабат билан, порталнинг янги версиясида фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббуслар бўйича бюджет маблағлари, шунингдек, жамоатчилик овози орқали амалга ошириладиган ташаббусларни илгари суриш жараёни бутунлай янгича тарзда ишлаб чиқилган.

    «Энди ҳар бир фуқаро ўз ташаббусини илгари суриш ёки фуқароларнинг бошқа ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали бюджет маблағларини сарфлашнинг устувор йўналишларини белгилашда иштирок этиши мумкин. Бунинг учун фуқаро сайтда рўйхатдан ўтиши ва бундан кейин ўз ташаббусини таклиф қилиши ёки илгари таклиф қилинган ташаббуслар учун овоз беришлари керак», дейилади хабарда.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates