Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасида никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шу жумладан электрон сигареталар ва улар учун суюқликларнинг муомаласи (ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, олиб чиқиш) тақиқланмоқда.
Бундан ташқари, айланмаси тақиқланган чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шу жумладан электрон сигареталарни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан депутатлар берган таклифлар асосида ундаги нормалар такомиллаштирилди ва лойиҳа матни маромига етказилди.
Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини янада ҳимоя қилиш, миллат генофондини сақлаш, атроф-муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.