Ўзбекистонда фуқаролик институтини либераллаштириш изчил давом этмоқда

    Фуқаролик шахснинг муайян давлатга сиёсий-ҳуқуқий мансублигини англатувчи институт ҳисобланади.

    Ўзбекистон фуқароликка қабул қилиш борасида қонунийлик, инсонпарварлик ва ижтимоий бағрикенглик тамойилларига асосланган ҳолда инсон манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш чора-тадбирларини тизимли равишда амалга ошириб боради. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси демократик қадриятлар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига содиқлигини намоён этиб, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ғоялари асносида ҳар бир инсоннинг фуқароликка бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлаб келмоқда.

    Фуқаролик шахснинг муайян давлатга сиёсий-ҳуқуқий мансублигини англатувчи институт ҳисобланади. Давлат ўз фуқаросини Конституцияда белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланиш ҳамда мамлакат ичида ва ташқарисида ҳимоялашни кафолатлайди.

    Ўзбекистонда охирги йилларда фуқаролик бериш соҳасида муҳим ислоҳотлар юз бермоқда. Рақамларга эътибор қаратсак, 1991 йилдан 2016 йил декабргача 482 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлса, 2016 йил декабрдан 2020 йилгача бўлган муддатда бундай шахслар 16 000 минг нафарни ташкил этди. Бундан ташқари, 2020 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунга биноан 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда яшаб келган 50 000 фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинди.

    Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди. Ўзбекистон ўз фуқароларининг давлат ҳудудидан ташқарида бўла туриб, Ўзбекистоннинг ҳомийлиги остида бўлишдек конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш учун Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудига бориб қолган фуқароларини “Меҳр операциялари” доирасида Ватанига қайтариб, уларга тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатмоқда.

    Шунингдек, пандемия шароитида, хорижий мамлакатларда бўлиб турган ҳамда Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган фуқароларини давлат ҳисобидан чартер рейслар орқали Ватанга қайтарди.

    Таъкидлаш жоизки, жорий йилда халқаро ҳамжамият томонидан 60 йиллиги кенг нишонланадиган БМТ Фуқаросизликни камайтириш тўғрисидаги конвенцияси талаблари янги Ўзбекистонда изчил амалга оширилаётгани БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчи офиси ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди.

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид изчил давлат сиёсати натижасида Ўзбекистон илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига қабул қилинди. Мазкур обрўли халқаро ташкилотнинг 46-сессиясида нутқ сўзлаган давлатимиз раҳбари фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш давом этиши натижасида жорий йилда 20 мингдан зиёд киши Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлишини таъкидлаган эди.

    Ўзбекистон фуқаролик институтини такомиллаштириш ва бу борада халқаро стандартлар, принципларга риоя қилиш асносида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш мақсадида жорий йилнинг 14 июнида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида’ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун Президент томонидан имзоланди.

    Мазкур ҳужжат бошқа соҳаларда бўлгани каби фуқаролик соҳасида ҳам халқимизни рози қилиш мақсадида одамларнинг кундалик ҳаётда юзага келган эҳтиёжлари асосида ишлаб чиқилди.

    Унда бир қатор муҳим ислоҳотлар кўзда тутилган. Биринчидан, эндиликда 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиниши киритилди. Қувонарлиси, янги тартибга кўра, 20 мингдан зиёд киши Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлади.

    Иккинчидан, ўзини Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган кунга қадар Ўзбекистон Республикасида камида ўн беш йил доимий яшаб келаётган ва мазкур давр мобайнида чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиниши белгиланди.

    Яъни, ўн беш йил доимий яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини умумий тартибда қабул қилиш учун илтимоснома билан мурожаат қилиш зарурияти қолмайди.

    Учинчидан, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш, уни тиклаш ёки ундан чиқиш бўйича маъмурий тартиб-таомиллар соддалаштирилди. Хусусан, мазкур шахслар эндиликда фақатгина доимий яшаш жойидаги эмас, балки вақтинча турган жойидаги ички ишлар органига ҳам мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланди.

    Тўртинчидан, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунига бугунги рақамлаштириш даврининг энг муҳим институтларидан бири “идентификацияловчи ID-картаси” атамаси киритилди.

    Бешинчидан, Ўзбекистон Республикасида туғилган ва шу юртда яшаб келаётган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узлуксиз беш йил давомида доимий яшаб келаётган бўлиши шарт эмас этиб белгиланди.

    Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистон шароитида тобора такомиллашиб бораётган фуқаролик масалаларига оид янги тизим фуқаросизликни қисқартириш асносида Ўзбекистон Республикасининг ҳалқаро имиджи янада мустаҳкамлаш, соҳага оид давлат хизматларини такомиллаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ривожлантиришга хизмат қилади.

    Даврон Мамасобиров,

    Тошкент давлат юридик университети декан ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates