Ўзбекистонда «Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» қўшма кампания иш бошламоқда

    2021 йил 22 ноябрь куни “Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз” шиори остида 16 кунлик қўшма кампаниянинг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

    Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси Танзила Нарбаева иштирок этди ва нутқ сўзлади.

    Бу йил ўзининг ўттиз йиллигини нишонлаётган хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши ушбу глобал кампания жаҳоннинг 187 та мамлакатида ўтказилиб, 6 мингдан зиёд ташкилотлар ҳамда 300 миллион кишини қамраб олмоқда. Бунинг сабаби гендер зўравонлик географик, ижтимоий ёки иқтисодий чегараларни билмаслигидадир. Ривожланаётган мамлакатларда ҳам, ривожланган мамлакатларда ҳам бу муаммога барҳам бериш жиддий чоралар кўришни талаб қилади.

    Тадбирда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари, уларнинг оқибатларини юмшатиш бўйича кўриладиган чоралар, хусусан, амалиёт, муаммолар ва кейинги режалар ҳақида сўз борди.

    Таъкидланганидек, охирги йилларда Президент Шавкат Мирзиёеев раҳбарлигида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларга янги иш ўринларини яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Ушбу масала давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган.

    Шу билан бирга, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ижтимоий ҳимояга, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож хотин-қизларга давлат томонидан манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича мутлақо янги тизим – “Аёллар дафтари” жорий қилинди.

    Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган инсон қадри устувор бўлган янги Ўзбекистонда аёл қадри – она қадри алоҳида ўринга эга. Биргина жорий йилда мамлакатимизда оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори зўравонликка учраган аёлларга ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш, оилавий-маиший зўравонликнинг олдини олиш ва унинг салбий оқибатларига барҳам беришга қаратилган ўз вақтида қабул қилинган қарор бўлди. Мазкур қарор асосида Маҳалла ва оилани қўллаб - қувватлаш вазирлиги ҳузурида 29 та аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари ташкил этилди. Шу вақтгача реабилитация марказлари нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида фаолият юритиб келган бўлса, эндиликда уларнинг фаолияти тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

    Ҳукумат томонидан 2021-2022 йилларда оилавий ва маиший зўравонликнинг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишга қаратилган чора-тадбирлар дастури амалга оширилмоқда. Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши томонидан жорий йилнинг апрель ойида оилада зўравонликнинг олдини олиш ва оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланди. “Йўл харитаси” ижросини таъминлаш мақсадида ваколатли давлат идоралари раҳбарлари даражасидаги Ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга тиббий руҳий ёрдам кўрсатиш бўйича” ўқув қўлланмаси яратилди. Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар билан ўзаро алоқа ўрнатиш ва тезкор руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш мақсадида “1146” қисқа Ишонч телефони “AZIZ-AYOL.UZ” ягона интерактив миллий платформаси билан мувофиқлаштирилди. Адлия вазирлиги томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган онлайн ўқув курслари ишлаб чиқилиб, барча учун бемалол фойдаланиш имконияти яратилган “kurslar.huquqiyportal.uz” электрон платформасига жойлаштирилди.

    “Аёллар дафтари”га киритилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида мурожаат қилган 74 мингдан ортиқ хотин-қизларга соҳанинг етук мутахассислари томонидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. “Аёллар дафтари”даги тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд 71 мингдан зиёд хотин-қизларга малакали психологлар томонидан психологик ёрдам кўрсатилди.

    Тадбирда зўравонликнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар тизимли, манзилли, ҳар бир маҳалла, корхона, жамоа ва оилада амалга ошириладиган вазифага айланиши кераклиги, мазкур ишларнинг ижроси билан барча даражадаги раҳбарлардан тортиб, маҳалла фаолларигача доимий шуғулланиш, самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлиги ҳақида фикр юритилди. Тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг гендер асосидаги зўравонликка қарши кўп тармоқли чора-тадбирларни кучайтириш, жумладан, зўравонликдан жабрланганлар ва уни бошидан кечирган хотин-қизларга реабилитация ва мослашиш марказлари ҳамда шелтерлар орқали хизматлар кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, бу борадаги илғор тажрибани муҳокама қилдилар.

    Бутун мамлакат бўйлаб “Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз!” шиори остидаги “Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампанияси доирасида кенг кўламда ўтказиладиган тадбирларни юқори савияда ташкил қилиш, уларда барча фаол иштирок этиши лозимлиги, аёлларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, хотин-қизларни жамиятдаги мавқеини оширишга қаратилган ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates