Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур қурилма заводларда табиий газни тозалашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, илк маҳсулот Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасига етказиб берилди.
Адсорбер – табиий газни олтингугурт бирикмаларидан тозалашда ишлатилади. Улар диаметри 3 метр, деворининг қалинлиги 100 мм ва узунлиги 19 метр бўлган улкан колонна бўлиб, 63 атмосфера босимига бардош беради. Ушбу гигант қурилманинг вазни 147 тоннани ташкил қилади ва у 09Г2С-12 ГОСТ 5520-17 стандартига мувофиқ юқори сифатли пўлатдан тайёрланмоқда.
Адсорбция жараёни уч босқичда амалга оширилади:
- Адсорбция: газни тозалаш.
- Регенерация: тозаловчи моддаларни қайта тиклаш.
- Совутиш: қурилмани кейинги циклга тайёрлаш.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган адсорберлар табиий газ таркибидаги олтингугурт бирикмаларини тозалаш самарадорлиги ва хизмат қилиш муддати юқори бўлиб, яна 8 та қурилма Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасига етказиб берилади.
Адсорберлар олдин хориждан олиб келинган бўлиб, маҳаллийлаштириш дастури доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши уларнинг таннархини икки баробар арзонлаштириш имконини берди.
Ушбу маҳаллийлаштириш дастури доирасида “Ўзбеккимёмаш” заводида 1200 нафардан ортиқ малакали мутахассис иш билан таъминланди.
Маълумот учун: Завод йилига 20 тага яқин адсорбер ишлаб чиқариш имкониятига эга.




