Ўзбекистонда иқтисодий вазият яхшиланишда давом этмоқда

    Сўровнома ўтказилган 1003 та корхонанинг 41 фоизи бизнеснинг ҳозирги ҳолатини “яхши”, 41 фоизи “қониқарли” ва 18 фоизи “ёмон” деб баҳолади.

    Мамлакатимиздаги иқтисодий вазият аста-секин яхшиланишда давом этмоқда. Буни юртимиздаги ишбилармонлик ҳолатини баҳолаш, Ўзбекистон бизнес доираларидаги кайфиятни акс эттириш бўйича декабрь ойида ўтказилган сўровнома натижалари ҳам кўрсатиб бермоқда.

    Пандемия билан боғлиқ чекловлар босқичма-босқич бекор қилиниб, иқтисодиёт тикланар экан, ҳукуматнинг роли асосий омил бўлиб қолмоқда. Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиёт учун ижобий импульслар бермоқда. Ўзбекистон Президентининг парламентга Мурожаатномасида янги чора-тадбирлар, жумладан, бизнесни қўллаб-қувватлаш, хўжалик юритувчи субъектларни текшириш мораторийсини яна бир йилга узайтириш, солиқ имтиёзлари, озиқ-овқат, нефть ва электр саноатидаги 73 товар маҳсулотига акциз солиғини бекор қилиш ва соғлиқни сақлаш харажатларини ошириш ҳақида маълум қилинди.

    Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2020 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитини баҳолаш учун корхоналар ўртасида сўровнома ўтказилди. Сўровномада республика бўйича мингдан ортиқ корхона иштирок этди. Мутахассислар тадбиркорларга уларнинг бизнесини ривожлантириш истиқболлари тўғрисидаги саволлар билан мурожаат қилишди.

    Сўровнома икки йўналишда ўтказилди:

    • бизнеснинг ҳозирги ҳолатини сифатли баҳолаш;
    • тадбиркорларнинг ўз бизнеси бўйича кейинги 2-3 ойлик кутилмалари.

    Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳити таҳлили шуни кўрсатдики, бизнеснинг ҳозирги ҳолати кўрсаткичи ўтган ойга нисбатан 6 пунктга ошиб, 33 баллни ташкил этди. Бу эса тадбиркорлар ўз бизнесининг ҳозирги ҳолатига нисбатан мўътадил ижобий кайфиятда эканини билдиради.

    Хусусан, саноат саоҳасида индекс 10 баллга кўтарилди, қурилиш ва хизматлар соҳаларида мос равишда 14 ва 24 пунктга ўсиш кузатилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида эса аксинча 24 баллга пасайиш кузатилди.

    Сўровнома ўтказилган 1003 та корхонанинг 41 фоизи бизнеснинг ҳозирги ҳолатини “яхши”, 41 фоизи “қониқарли” ва 18 фоизи “ёмон” деб баҳолади.

    Корхоналарнинг 36 фоизи товарлар/хизматлар учун талаб “ошди”, 45 фоизи – “ўзгармади”, 19 фоизи – “ёмонлашди” деб баҳолаган. Корхоналарнинг 18 фоизида ходимлар сони “ўзгармаган", 73 фоизида “камайган” ва 9 фоизида “ошган”.

    Кейинги 3 ой давомида бизнесни ривожлантириш кутилмалари индекси ўтган ойга нисбатан 22 пунктга ошиб, 73 баллни ташкил этди, яъни тадбиркорларнинг келгуси 3 ой ичида ўз бизнесини ривожлантириш истиқболлари тўғрисида умидлари ижобийдир.

    Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболларни кутиш кўрсаткичи мос равишда 29 баллга, саноат – 21 баллга, қурилиш – 39 балл, хизмат кўрсатиш соҳасида - 14 баллга ошган.

    Сўровда қатнашган 1003 корхонадан 73 фоизи ўз бизнесининг истиқболларини "яхшиланмоқда", 23 фоизи – "ўзгармайди" деб баҳолашди ва атиги 4 фоизи "ёмонлашади" деб тахмин қилган.

    Таҳлиллар шуни кўрсатдики, товар/хизматларга талаб кўрсаткичини корхоналарнинг 60 фоизи «яхшиланади», 32 фоизида «ўзгармайди», 8 фоизи «ёмонлашади» деб баҳолаган. Корхоналарнинг 59 фоизи ишчилар сонини «ошади», 39 фоизи «ўзгармайди» ва 1 фоизи «пасаяди» деган тахмин қилган.

    Шунингдек, мазкур корхоналарнинг 27 фоизи маҳсулотларнинг нархи "ўзгармайди", 54 фоизи "билмайман" деб жавоб беришди, 16 фоиз корхоналар товарлари/хизматлари нархларининг ошишини кутмоқда ва атиги 3 фоизи "пасаяди" деб тахмин қилган.

    Ишбилармонлик муҳити индикатори ўтган ойга нисбатан 13 пунктга ошиб, 52 пунктни ташкил этди. Яъни, мамлакатда ишбилармонлик муҳити “яхши” деб баҳоланади.

    Мавжуд вазият ва тахминлар қийматлари ўртасидаги боғлиқлик иқтисодий ривожланишнинг ижобий тенденцияси яқин 3 ой ичида давом этишини англатади. Хусусан, 2020 йил ноябрь ойига нисбатан қишлоқ хўжалигида ишбилармонлик муҳитининг кўрсаткичи 1 пунктга ошди, саноатда ва қурилишда мос равишда 15 ва 29 пунктга, хизмат кўрсатишда 19 пунктга ошгани қайд этилди.

    Ҳамкор давлатларда жорий йилнинг декабрь ойидаги ишбилармонлик муҳити бўйича шу каби кўрсаткичларини учун қуйидагича бўлди: Туркия (7) ва Россия (-7,3), Хитой (1,9), Жанубий Корея (-18).

    Ферузбек ДАВЛЕТОВ,

    Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ходими

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates