Ўзбекистонда катта мис захирасига эга кон очилмоқда

    Геология ишлари натижасида Олмалиқда 45 миллион тонна мис захираси топилган. Олтин захираси эса 5 минг тоннадан кўпроқ, дея баҳоланмоқда. Бу жуда катта бойлик.

    Юқори ҳароратда ёнаётган печ олдида туриб, бир неча соат давомида олов билан ёнма-ён “ёниш”га ҳар кимнинг ҳам сабр-матонати етмайди. Олмалиқ шаҳрининг жанубий шарқида жойлашган Олмалиқ кон-металлургия комбинатида эса ҳар куни минглаб ишчилар ана шундай фидоийлик кўрсатади.

    Рангли металлургия соҳасининг байроқдорларидан бўлган комбинат 70 йиллик тарихга эга. Йирик кон-металлургия корхонаси мис-молибден, рух-қўрғошин, полиметалл ва олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ҳам мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Мис маҳсулотларини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш бўйича эса дунёдаги 30 та энг йирик корхоналар сафидан жой олган.

    Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи мазкур комбинат ҳиссасига тўғри келади. Комбинатда мис ишлаб чиқариш ҳажми охирги йилларда 1,4 баробарга, кумуш эса 1,6 баробарга ўсган. Унинг қувватларида қарийб 40 минг нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда.

    Охирги йилларда йирик инвестицион лойиҳалар асосида комбинатнинг барча цехларидаги технологияларни автоматлаштириш, қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш натижасида ишлаб чиқариш ҳажми ошиб боряпти. Биргина мисол, якунига етиб бораётган 2021 йилда ОКМК томонидан 30,6 триллион сўмлик товар маҳсулотлари тайрланиши кутиляпти. Бу 2017 йилга нисбатан 5,6 баробар юқори кўрсаткич. Экспорт ҳажми эса, 171 фоизга ўсди. Жорий йилда 1 миллиард 100 миллион АҚШ долларига етиши мўлжалланган.

    Бугун комбинат корхоналарида молибден, рений, рух, кадмий, вольфрам, палладий каби нодир ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарилса-да, унинг асосий маҳсулоти мис ҳисобланади. Бу йил унинг ҳажми 2017 йилга қараганда, 135,1 фоизга кўп, яъни 148,5 минг тоннани ташкил этади.

    Геология ишлари натижасида Олмалиқда 45 миллион тонна мис захираси топилган. Олтин захираси эса 5 минг тоннадан кўпроқ, дея баҳоланмоқда. Бу жуда катта бойлик.

    Ҳозирда Олмалиқ кон-металлургия комбинатида йирик лойиҳа — мисни йиллик қазиб олиш ҳажми 65 миллион тонна атрофида бўлган янги “Ёшлик” конини ўзлаштириш ҳамда лойиҳа доирасида 3-мисни бойитиш фабрикаси қурилиши ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бу дунёда талаб кун сайин ортиб бораётган мис маҳсулотини ишлаб чиқариш қувватини янада кенгайтиришга қаратилган кенг кўламдаги лойиҳа бўлиб, Президентнинг 2017 йил 1 мартдаги “Ёшлик I” кони негизида “Олмалиқ КМК” АЖнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Конга “Ёшлик” номи ҳам ўшанда давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган.

    65 миллион тонна маъдан қазиб олинади

    Менделеев даврий жадвалидан 29-тартиб рақами билан жой олган мис кимёвий элементи табиатда нисбатан кам тарқалган. Шу боис, дунёда кундан-кунга талаб юқорилаб бораётган бу маҳсулот жаҳон миқёсида улкан тижорий аҳамиятга эга бутун бошли индустрия ҳисобланади. Ҳатто, ҳозирги вақтда унинг бозордаги нархи асосида дунё иқтисодиётининг йўналишини мўлжал қилиш, прогноз тузиш, технологиялар ривожининг у ёки бу тарафга ўзгаришини олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлиб қолди.

    Халқаро экспертларнинг фикрича, электромобиллар, электротехника ва қайта тикланувчи энергия соҳаларининг ривожланиши эвазига 2030 йилга бориб дунёда мисга бўлган талаб 40 фоизга ошиши кутиляпти. Жаҳон бозорида мисга бўлган талаб ва маҳсулот нархларининг ортиб бориши Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг экспорт салоҳияти, бу орқали юртимиз иқтисодиёти ўсишига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

    “Ёшлик-1” кони комбинатнинг энг истиқболли лойиҳаларидан бири бўлиб, унинг очилиши Ўзбекистон мис ишлаб чиқариш саноатида янги даврни бошлаб беради. Унинг қиймати 5 миллиард 122 миллион доллар бўлиб, кон ҳудуди 11 минг гектардан иборат. Инвестицион лойиҳа 2 босқичда амалга оширилади. 2021—2025 йилларга мўлжалланган биринчи босқичда 290 минг тонна мис катоди, 38 тонна олтин ва 203 тонна кумуш ишлаб чиқарилса, иккинчи босқич — 2024—2028 йилларда 400 минг тонна мис катоди, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш металлари ишлаб чиқаришга эришилади.

    — Асли, бу кон 1984 йилда “Қалмоқир” конининг давоми сифатида аниқланиб, унинг геологик захиралари тасдиқланган, — дейди “Ёшлик” кони Кон-транспорт комплекси ва инфратузилма объектларини қуриш дирекцияси директори Зокирхўжа Эшонхўжаев. — Аммо уни очишга бўлган жиддий ҳаракатлар 2017 йилдан бошланди. Дастлабки жараёнларда “Олмалиқ КМК” АЖ минерал ресурслар хомашё базасини кенгайтириш ва захираларни “JORC” кодекси стандартларига мувофиқ қайта баҳолаш ишларини олиб бориш мақсадида Буюк Британиянинг “SRK Consulting” компанияси жалб қилинди. Кўплаб қудуқлар қазилиб, уларнинг таҳлили асосида ўрганишлар олиб борилди. Сўнгра “JORC” кодекси талабларига мувофиқ, бирлашган “Қалмоқир” ва “Ёшлик-1” олтин-мис порфирли конларининг минерал захиралар ҳисоботи Давлат захира комиссиясига тақдим қилинди ҳамда тегишли баённома билан тасдиқланди. Лойиҳа доирасида йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб олиш қувватига эга бўлган кон, 60 миллион тонна қайта ишлаш имкониятига эга 3-сон мис бойитиш фабрикаси, унинг инфратузилма объектлари ва 650 МВтни ташкил этган электр таъминоти объектлари ҳам қурилади. Ҳозир конда 1,5 минг ишчи ўрни яратилган. Инвестицион лойиҳа доирасидаги барча объектлар ишга тушгач, иш ўринлари сони 6 минг кишига етади.

    2028 йилдан кейин “Қалмоқир” ва “Ёшлик-1” конлари бирлаштирилиб, ер юзидаги энг йирик мис конига айланиши кўзда тутилган. Натижада мис қазиб олиш биринчи босқичда 100 миллион тонна, иккинчи босқичда эса 160 миллион тоннага етади. Шунингдек, ОКМК доирасида олтин ишлаб чиқариш 3 баробар, кумуш 2,1 баробарга кўтарилади. Умумий ҳисобда мис тармоғидан тушадиган даромадлар жорий 2,5 миллиард доллардан 8,5 миллиард долларга ошади. Ўзбекистон эса мис ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги энг етакчи давлатлардан бирига айланади.

    Улкан, аммо қулай ва мустаҳкам...

    ... Тоғ бурғиланади. Коннинг захчил йўлаклари оқишроқ нимтатир туманларга бурканган. Тепадан қараганда улкан жарликка монанд очиқ кон саҳнини биргина нигоҳ билан илғашнинг имкони йўқ...

    Бой мис захирасига эга бўлган “Ёшлик-1” конини пастдан, қазиш ишларига яқин ҳолда кўришнинг завқи бошқача. Бир томондан, унинг бахайбат деворлари, бошқа томондан, улкан юк ташиш машиналари ҳайбати олдида инсон ўзини кичрайиб қолгандек ҳис этади. Конга киришдан олдин ҳар бир кишига, албатта, бериладиган махсус иш кийимларида эса одам тоғ жинсларини қазиб олишга тайёр шахтёрга айланади.

    “Ёшлик-1” очиқ конида ишлар қизғин. Маъданлар қатламига етиб бориш учун туну кун бурғилаш ишлари олиб бориляпти. Елкасига 220 тонна юк оладиган БелАЗ автосамосваллари бирин-кетин манзилга қатнайди. Конга чет давлатлардан 30 дан ортиқ шундай замонавий юк ташиш машиналари келтирилган. Россия, Белорусь давлатларидан экскаватор, автосамосвал, бурғулаш ускуналари ва бошқа техникалар олиб келинди. Уларни бошқараётган ҳайдовчилар орасида эса салкам 30 йиллик тажрибага эга инсонлар ҳам бор.

    — 1992 йилдан буён конда ҳайдовчи бўлиб ишлайман, — дейди Алишер Исмоилов. — Асосан, катта юк машиналарини бошқараман. Илк иш бошлаган пайтларимда 75 тонналик БалАЗ бўларди. Тез бузилиб қолгани боис, жуда кўп таъмирлардик. Ҳозирги замонавий юк ташиш машиналари эса буткул бошқача. Анча мутаҳкам ишланган, жуда кам таъмирланади. Ҳозир мен бошқараётган БалАЗнинг оғирлиги 157 тонна бўлиб, 220 тонна юк олади. Кўпчилик шундай катта машинани ҳайдаш қийин эмасми, деган савол беради. Очиғи, сира қийналмайман. Аксинча, уни бошқариш жуда қулай. Ички қисмида ҳам барча шароитлари яратилган. Қишда иссиқ, ёзда салқинни таъминлайдиган кондиционерлари бор. Машинага рация қурилмаси ҳам ўрнатилган. Иш тартиби шу рация орқали бошқариб турилади. Бу самарадорликни оширяпти. Кунлик нормани ортиғи билан бажаряпмиз.

    Бугунга қадар “Ёшлик-1” кони руда қатламига етиш ва уни қазиб олиш учун жами 101,8 миллион куб метр тупроқ ишлари бажарилди. Самарадорликни ошириш мақсадида 570 дан зиёд техника жалб этиллган.

    Саноат темирйўл транспорти бошқармаси бошлиғи Бунёд Қурбонов берган маълумотларга кўра, Ёшлик-1” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида бир қанча янги ҳаракатланувчи таркиблар келтирилган. Тепловоз, тортув агрегат, йўл техникалари эскиларига қараганда энергиятежамкор, тортиш кучи 30 фоизгача юқори. Электровозларнинг ўзи электр энергия чиқариб, ҳаво линияларига яна ушу қувватни қайтаради. Бу билан ташиш таннархини камайтиришга эришиляпти.

    — 2017 йилга қадар 40 йилдан ортиқ ишлаган, аллақачон эскириб, деярли яроқсиз ҳолга келган ҳаракатланувчи таркиб билан ишлардик, — дейди мутахассис. — Лойиҳа доирасида темирйўл транспортларининг 35-40 фоизи янгиланди, тузилмада катта ўзгаришлар бўлди. Вагонлар сони, юк ташиш ҳажми 3 баробарга кўпайди. Келгусида бу миқдорни 5 баробаргача ошириш режалаштирилган. Энг асосийси, 16,5 километр янги темирйўл ётқизилди. Ҳозирда қурилиш ишлари давом этяпти. Лойиҳа якунигача унинг узунлиги 45 километрга етади.

    Ушбу замонавий ускуналарнинг аксариятини ёшлар бошқараётганига гувоҳ бўлдик. Умуман, комбинатда ёш кадрларга алоҳида эътибор қаратилади. Уларни ўқитиш, амалий кўникмаларини шакллантириш ва ишга қабул қилишнинг замонавий тизими йўлга қўйилган. Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали ҳам шу мақсадда очилган. Унда асосан металлургия, кончилик иши, машинасозлик технологияси, жиҳозлари ва уларни автоматлаштириш, кончилик электромеханикаси соҳалари бўйича кадрлар тайёрланади. Филиал ҳамда ОКМК ўртасида ҳамкорлик шартномаси мавжуд. Унга кўра, олий ўқув юртида тайёрланаётган мутахассислар комбинатда амалиёт ўтаб, барча жабҳа ва корхоналарга ишга қабул қилинади. Ҳозирда икки томон ҳамкорлигида мис эритиш заводи чиқиндиларини қайта ишлаш, мис бойитиш фабрикалари чиқиндиларини қайта ишлаш ҳамда мураккаб таркибли маъданларни қайта ишлаш бўйича лойиҳалар устида ишлар олиб бориляпти. Уларнинг натижаси комбинатнинг ишлаб чиқариш жараёнларига тадбиқ этилади.

    “Ёшлик-1” конида 2019 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Заҳриддин Омонуллаев ана шундай умидли кадрлардан. “Қолмақир” конига ёш геолог сифатида келган йигит бугунги кунда етакчи геолог вазифасида. У “Ёшлик-1” конида маъданга етиб бориш жараёнини назорат қилиш, уни бўш жинс билан аралашиб, чиқиндига чиқиб кетмаслигининг олдини олишга жавобгар. Жараёнда тоғ жинслари лаборатория таҳлилига юборилади ва ундан олинган натижалар асосида маъдан сифати аниқланади.

    Очиқ конда ишлар ана шундай тизимли равишда олиб борилмоқда. Бу ердаги ҳар бир кишининг ўз вазифаси бор. Ишлар худди соатдек аниқ ва кетма-кетликда амалга оширилади. Мақсад — тезроқ асосий маъдан қатламига етиб бориш ва энг йирик мис конини очишга қаратилган.

    “Яшил” энергетика учун асосий хомашё

    Мамлакатимиз мис саноатида кабель ва сим маҳсулотларидан ташқари, электротехника ва улар учун ускуна, қуёш ва шамол энергетикаси, электромобиллар учун янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш орқали уни қайта ишлаш ҳажмини 4 баробарга етказиш вазифаси ҳам белгиланган.

    Боиси, мис иссиқлик ва электр қувватини энг яхши ўтказувчи бўлиб, айниқса, электротехника саноатида кенг қўлланилади. Турмушимизда ишлатиладиган оддий музлаткичдан тортиб, телевизор, электрон қурилмаларгача бўлган товарларни ишлаб чиқаришда мис металидан фойдаланилади. Жаҳонда бу тармоқнинг ривожаланиши билан бирга, мисга бўлган талаб ҳам ортиб боряпти.

    Юртимиз саноатида электротехника энг ёш тармоқлардан ҳисобланади. Шунга қарамай, ривожланиш жараёни тез кечмоқда. Кейинги 5 йилда электротехника саноатида 11,1 баробар ўсишга эришилди. Бундан 5 йил олдин юртимизда 1,5 триллион сўмлик электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2021 йилнинг 9 ойи давомида бу рақам 12 триллион сўмни ташкил этди, йил якунига бориб бу кўрсаткични қарийб 17 триллион сўмга етказиш режалаштирилган.

    Истиқболли тармоқда электротехника саноати корхоналари сони ҳам йилдан-йилга ортиб боряпти. 2016 йилда улар сони 97 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб республикада 900 дан зиёд ана шундай корхоналар фаолият юритмоқда. Тармоқда амалга оширилаётган ана шундай йирик лойиҳаларда мис хомашёсидан кенг фойдаланилаётгани масаланинг аҳамиятли жиҳати. Хусусан,

    жорий йилнинг ўтган даврида электротехника саноати корхоналари томонидан 24,8 минг тонна мис хомашёси қайта ишланди. Йил якунида бу кўрсаткични 55 минг тоннага етказиш имконияти мавжудлиги таъкидланмоқда.

    Мис метали яшил энергетикага ўтишда ҳам энг қулай манба ҳисобланади. Яқинда Глазгода иқлим бўйича бўлиб ўтган халқаро саммитда жаҳоннинг ривожланган давлатларининг тоза, қайта тикланадиган энергетикага ўтиши жадаллашиб бораётгани таъкидланди. Бунда мис ишлаб чиқарилиш ҳам асосий ўрин тутади.

    Халқаро мис уюшмаси маълумотларига кўра, мис энг кўп машинасозликда, шунингдек, қурилиши ва инфратузилмада ишлатилади. Охирги йилларда мисдан фойдаланган ҳолда электромобиллар ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошди. Агар оддий автотранспорт воситасини тайёрлаш учун 8 килограмдан 20 килограмгача, автобусларда 224—369 килограмм мис ишлатилса, электромобилда бу кўрсаткич 83 килограмгача етади. Бу ўзгаришлар кейинги йилларда мисга бўлган эҳтиёжнинг бир неча баробар кўпайишига олиб келади.

    Мамлакатимизда сўнгги 5 йилда мис ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 1,5 баравар ошди. Аммо хомашёнинг 60-70 фоизи хориж давлатларига экспорт қилинади, ўзимизда эса мисдан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлаш ишлари етарли даражада эмас. Шу боис, давлатимиз раҳбари топшириғига асосан мис саноати кластерини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилган. Бу жараёнга Канаданинг “Хэтч” ва Германиянинг “Прожект консалтинг” компаниялари жалб қилиниб, геология-қидирув ишлари дастури асосида рангли ва нодир металлар захирасини ошириш бўйича тадбирлар амалга оширилади.

    Мис кластери доирасида лойиҳалаштириш, инжиниринг, кон-геология ишлари, IT, маркетинг, транспорт каби хизматларни аутсорсинг асосида ривожлантириш учун 500 миллион долларлик бозор шакллантирилади. Кластер мис хомашёсидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, тармоқда иш олиб борувчи тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратади.

    Хомашёдан кўра қайта ишланган маҳсулотни экспорт қилиш иқтисодиётга кўпроқ фойда келтиради. Шу боис, “Ёшлик-1 конини ўзлаштириш лойиҳаси” доирасида йилига 65 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қувватига эга бўлган 3-мис бойитиш фабрикасини қуриш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда. У ерда комбинатга қарашли конлар, хусусан, “Ёшлик-1” конидан олинадиган рудалар қайта ишланади.

    Бу айтишгагина осон бўлган, аммо кўлами ва аҳамияти ниҳоятда кенг лойиҳа. Объект учун 106 гектар ер майдони ажратилган. Фабрика 2023 йилда ишга тушгач, мис ишлаб чиқариш қуввати бир неча баробарга ошади.

    — Қурилиш жараёнидаги асосий ер ишлари тугатилиб, бурғулаш ишлари олиб бориляпти. Ҳозирги кунга қадар майдонни вертикал тартибга келтириш учун бурғулаш ва портлатиш ишлари ёрдамида 4 миллион 370 минг куб метр тоғ жинслари ажратиб олинган, — дейди 3-мис бойитиш фабрикаси бош муҳандиси Азиз Муродов. — 1076 минг куб метрлик майдоннни қаттиқ тоғ жинслари ёрдамида тартибли жипслаш ишлари олиб борилди. Фабрика Марказий Осиё ва Россиянинг саноат қурилиши бозорида етакчи консорциуми “Enter Engineering” компанияси ҳамда “Газпромбанк”нинг машинасозлик дивизиони корхонаси “Уралмашзавод” ПАЖ томонидан барпо этилмоқда. Шартномани молиялаштириш мақсадида Россиянинг “Внешэкономбанк”и билан 712 миллион евро қийматидаги 7 йил муддатга кредит келишуви имзоланган.

    Янги мис бойитиш фабрикасининг барча технологик жараёнлари тўлиқ замонавий ускуналар ёрдамида автоматлаштирилади. Бу инсон омилининг технологик жараёнларга таъсирини камайтириб, маҳсулот сифатини яхшилайди, меҳнат сифатини оширади, шунингдек, фавқулодда вазиятларни камайтиради.

    Фабрика таркибида катта ва майда майдаланган маъдан омборлари, ўрта ва кичик майдалаш мажмуалари, янчиш бўлими билан бош корпус биноси, флотация ва сувсизлантириш бўлимлари, гидрометаллургия цехи, тайёр маҳсулотни сақлаш ва жўнатиш бўлими, таъмирлаш-механик устахоналари, чиқинди хўжалиги ва бошқа бўлинмаларни қамраб олади. Уларнинг ҳар бири аниқ вазифаларга йўналтирилган бўлиб, мисни бойитиш жараёни кетма-кетликда амалга оширилади. Тайёр концентрат конвейер тасмалари ёрдамида мис эритиш заводига юборилади, фабрика чиқиндилари эса қувурлар орқали махсус сақлаш омборига жўнатилади ва жойлаштирилади.

    Лойиҳа доирасида, шунингдек, 1,5 минг кишига мўлжалланган қурувчилар шаҳарчаси ва дирекция бинолари қурилиши якунланиб, қўшимча 1,8 мингта қурувчи учун иккинчи шаҳарча бунёд этилмоқда ва унинг якунланиши 2022 йилнинг февраль ойига режалаштирилган.

    3-мис бойитиш фабрикаси билан бирга, унинг фаолиятини барқарор таъминлаш мақсадида соатига 23 минг куб метр қувватига тенг сув таъминоти объектлари ҳамда 360 минг тонналик янги оҳак заводи қурилиш ишлари ҳам ташкиллаштирилган.

    Комбинат таркибида барпо этиладиган машинасозлик заводи эса оширилган қувватларни маҳаллий технологик ускуналар, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар билан тўлиқ таъминлайди. Завод мис бойитиш фабрикалари учун майдалагичлар, тегирмон каби ускуналар ҳамда бутловчи-эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш имкониятини беради. Унинг таркибида қуюв, механик-йиғув ва ностандарт ускуналар цехлари ҳамда резинатехника буюмлар, бутловчи қисмларни тайёрлаш, чилангарлаш ва пресслаш участкалари фаолият юритади. Лойиҳани амалга ошириш натижасида 3-мис бойитиш фабрикаси ва тоғ-кон комплекси учун 35 турдаги 100 миллион долларлик жиҳоз ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади. Гидроциклонлар, конус қопламаси, тегирмон футеровкаси, занжир бўлинмаси ва метизлар маҳаллийлаштирилади.

    Мухтасар айтганда, бу каби йирик лойиҳалар юртимизнинг қимматли маъданлар, хусусан, мис қазиб олиш ва кончилик салоҳиятидан унумли фойдаланиш, хомашё ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб, экспорт қилиш қувватларини оширишга қаратилган. Зеро, Ўзбекистон яқин келажакда мис ишлаб чиқариш ва мис захираси бўйича дунёда етакчи давлатга айланиши учун имкониятларимиз етарли.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates