Қарорга кўра, “Ўзпахтасаноат” аксиядорлик жамияти тугатилиб, фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашиши асосида пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари ташкил этиладиган бўлди. Эндиликда, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига бериладиган имтиёзлар кооперациялар учун ҳам татбиқ этилади.
Шунингдек, қарор билан Фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашиши асосида пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.
Унда кўрсатилишича, кооперация унинг муассислари ва аъзолари саъй-ҳаракатлари, уларнинг моддий ва молиявий ресурсларини бирлаштириш асосида ташкил этилиб, пахта хомашёсини етиштириш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда сотиш билан боғлиқ тармоқларни ягона тизимга бирлаштиради.
- Кооперацияни таъсис этишда унинг муассислари ўзларининг мустақиллигини сақлаб қолади.
- Кооперацияга аъзо бўлиш ва ундан чиқиш ихтиёрий бўлиб, аъзолар меҳнатига ишлаб чиқарган маҳсулоти ҳажми ва сифатига қараб ҳақ тўланади.
- Кооперация уставида назарда тутилган тартибда унинг фаолияти кооперация аъзолари томонидан назорат қилинади.
- Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари кооперациянинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.
- Кооперация тегишли фаолиятни амалга оширишда рухсатнома ва лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари билан шуғулланиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ, тегишли рухсатнома ва лицензия олиши шарт.