Ўзбекистонда қишки спорт турлари ҳам ривожланмоқда

    Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун ҳар жабҳада бўй кўрсатмоқда. Хусусан, спорт соҳасида эришилган ютуқлар ҳам таҳсинга лойиқ. Фикримизга Токио-2020 да спортчиларимиз эришган ютуқлар, шу кунларда паралимпиячиларимиз қўлга киритаётган медаллар далил бўлади.

    Таъкидлаш жоизки, кейинги беш йилликда мамлакатимизда янги спорт турларини оммалаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Гап шу ҳақда кетганида, Президентимизнинг қишки спорт турларини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида тилга олиш ўринли. Бу борада Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳам бир қатор амалий ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 4 февралдаги “Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида университетимизда Қишки спорт турлари кафедраси ташкил этилди.

    Бу кафедрада талабалар хоккей, тоғ-чанғи каби қишқи спорт турлари бўйича назарий ва амалий билимларни қўлга киритмоқда. Шу мақсадда кафедрада талабаларга хоккей йўналиши учун “Спорт педагогик маҳоратни ошириш (хоккей)”, “Хоккей назарияси ва услубияти”, Тоғ-чанғи йўналиши учун “Спорт педагогик маҳоратни ошириш (тоғ-чанғи)”, “Тоғ-чанғи назарияси ва услубияти” фанларидан сабоқ берилмоқда.

    Таъкидлаш жоизки, қишки спорт турлари фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида 2021-2022 ўқув йили қабулида яна иккита янги – Фигурали учиш ҳамда Чим устида хоккей йўналишларига квотлар ажратилди. Ҳозирда Қишки спорт турлари кафедрасида 95 талаба таҳсил олаётир.

    Қишки спорт турларини ривожлантириш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида кафедрамиз “Бинокор”, “Семурғ”, “Снежний барс” номли хоккей клублари, Спортнинг қишки ва мураккаб турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби, Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети Самарқанд филиали ҳамда ЎзДЖТСУ Фарғона филиали билан доимий ҳамкорлик алоқларини йўлга қўйган.

    Кафедрада халқаро ҳамкорлик алоқаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Университетда кафедра ташкил этилгандан кейин ўтган қисқа вақт мобайнида кафедранинг 4 нафар профессор-ўқитувчиси Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги П.Ф.Лесгафт номидаги жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик миллий давлат университети қошидаги “Хоккей академияси” Мураббийларни тайёрлаш олий маҳорат мактабида малака ошириб қайтди.

    2020-2021 ўқув йилида хоккей спорт тури бўйича Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Беларусь давлат жисмоний тарбия, спорт ва туризм университети қўшма факультетининг Қишки спорт турлари кафедрасига бириктирилган уч нафар магистрант диссертациясини ҳимоя қилди. Шунингдек, ҳамкор хорижий олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари иштирокида онлайн конференциялар, амалий машғулотлар ўтказиш ҳам самарали ташкил этиб келинади.

    ЎзДЖТСУ Қишки спорт турлари кафедраси ўқитувчилари хоккей спорт турига илмий ёндошган ҳолда талабалар учун адабиётлар яратиш борасида ҳам бир қанча ишларни амалга оширишга муваффақ бўлди. Хусусан, “Зимние виды спорта” дарслиги, “Повышение спортивно – педагогического мастера (хоккей)” ўқув қўлланмасини нашр этишга рухсат олинди. Шунингдек, “Ёш хоккейчиларнинг тўғри овқатланишини ташкил этиш” мавзусидаги услубий қўлланма нашр этилди.

    Талабаларимиз бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун кутубхоналар, музейлар ва спорт клубларига ташрифлар одатга айланган. Кафедра томонидан икки марта “УФЛ” ва “ЧФЛ” мусобақалари юқори савияда ўтказилди. Талабаларимиз қишки спорт турлари бўйича ўтказилаётган турли мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритиб, университетимиз шаънини муносиб ҳимоя қилмоқда. Мисол учун, тоғ-чанғи спорт тури бўйича ёшлар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида кафедра ўқитувчиси Иброҳим Жўраев мураббийлигида университет шарафини ҳимоя қилган Арман Гаюпов, Азамат Жумабаев, Атабек Сапаров, Ширин Мирзалиевалардан иборат талабалар умумжамоа ҳисобида 7 та медални қўлга киритди.

    Мақсадимиз истеъдодларни саралаш ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш, қишки спорт турларини ривожланган мамлакатлар билан рақобат қила оладиган даражага етказиш. Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонимизнинг равнақи йўлида ўз мақсад ва вазифаларимиз қамровини янада кенгайтиришга ҳаракат қиламиз.

    Султонбек ДАВЛЕТМУРАТОВ,

    ЎзДЖТСУнинг Қишки спорт турлари кафедраси мудири,

    педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates