баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Ўзбекистонда раҳбарлар ўринбосарларининг фаолияти баҳолаб борилади

    Баҳолаш тизими 2021 йил якунига қадар эксперимент тарзида амалга оширилади.

    Мамлакатимизда вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини тубдан оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, сўнгги беш йилда уларнинг вазифалари, ваколатлари ва жавобгарлик соҳаларини аниқ белгилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

    Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 июлдаги “Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори  билан барча вазирлик ва идора раҳбарлари ўринбосарлари ўзига бириктирилган тармоқ ва соҳалардаги фаолиятининг самарадорлиги,  натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси  Президенти олдида шахсан жавобгар эканлиги, Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.

    Унга мувофиқ, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолиятини баҳолаш тизими  жорий этилди. Эндиликда давлат бошқаруви органлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланади.

    Ҳар йили ижро интизомининг аҳволи юзасидан баҳо беришни назарда тутган ҳолда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти кўрсаткичлари давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг коллегиал органлари томонидан ишлаб чиқилиб, тасдиқланади. Қолаверса, баҳолаш мезонлари ва кўрсаткичлари асосида ҳар бир раҳбар ўринбосари фаолиятига баҳо бериш орқали уларга рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.

     Қарорда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолияти ҳар чорак якуни бўйича коллегиал орган йиғилишида танқидий муҳокама қилиниб, баҳоланиши ҳам белгилаб қўйилган. Бунда, раҳбар ўринбосарлари томонидан фаолият кўрсаткичлари ижроси 70 фоиздан кам таъминланганда — “қониқарсиз”, 71 фоиздан 90 фоизгача — “қониқарли”, 91 фоиздан 99 фоизгача — “яхши” ҳамда 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда “аъло” деб баҳоланади.

    Раҳбарлар ўринбосарларининг фаолияти кўрсаткичлари ижроси устидан мониторингни амалга оширишда асосий эътибор қуйидаги тизимли ва устувор масалаларга қаратилади.

    Хусусан, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида макроиқтисодий барқарорликни, барқарор ва мутаносиб иқтисодий тараққиётни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларини комплекс ривожлантириш ва диверсификациялаш, шунингдек, “хуфёна” иқтисодиётга қарши курашиш ҳамда унинг улушини кескин қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг даромад топишга қаратилган тадбиркорлик интилишларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳоли ва бизнес учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилади.

    Ижтимоий соҳада эса Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни ҳудудларда тўлақонли жорий этиш, таълим тизимини ривожлантириш, унинг сифати ва самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳар бир шахс билан индивидуал ва тизимли равишда мунтазам иш олиб боришни ташкил қилиш орқали аҳолининг, айниқса, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар, кам таъминланган хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг реал даромадларини ошириш муҳим вазифа этиб белгиланди.

    Капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик соҳаларида эса аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, уларни муносиб турар жой билан таъминлаш ва фаровонлигини ошириш, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда орқада қолаётган қишлоқ туманлари, шаҳарларни комплекс ва жадал ривожлантириш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув, ички хўжалик йўллари ва бошқа коммуникация тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашга қаратилади.

    Мазкур ҳужжат билан вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.

     Қарорда белгилаб қўйилганидек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ўз ваколатига киритилган тегишли йўналишлар,  масалалар бўйича давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари томонидан стратегик ва устувор вазифалар, тасдиқланган “йўл хариталари”, ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган дастурларнинг самарали амалга оширилишида уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун таъсирчан чораларни кўради.

    Давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари бир ой муддатда белгиланган тартибда тасдиқланган баҳолашнинг асосий мезонларидан келиб чиқиб, 2021 йил II ярим йиллиги учун давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти кўрсаткичларини тасдиқлайди. Жорий этилаётган давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятини самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими 2021 йил якунига  қадар эксперимент тарзида амалга оширилади.

    Мамлакатимиз тараққиётининг замонавий босқичида янги Ўзбекистонни барпо этиш учун амалга оширилаётган шиддатли ва кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида мамлакатимиз олдида турган устувор, стратегик ва долзарб вазифаларни тезкор ҳал қилишда раҳбар ўринбосарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш ғоят муҳим. Шу жижатдан қарорда белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлаш, унинг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида тарғиб қилиш, тушунтиришда барчамиз фаол ва ташаббускор бўлишимиз керак.  

    Абдулла РЎЗМЕТОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик

    палатаси депутати

    No date selected
    September 2021
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates