Ўзбекистондаги энг фаол банклар аниқланди

    2018 йилда 4 мингдан ортиқ жисмоний шахс масофавий банк хизматларидан фойдаланган бўлса, 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра ушбу кўрсаткич қарийб 14 мингга етди.

    Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Ўзбекистондаги 31 та тижорат банки учун “Банклар фаоллик индекси” ишлаб чиқилган. Мазкур индекс асосида ҳар чоракда банклар рейтинги янгилаб борилмоқда.

    Молиявий воситачилик, молиявий оммабоплик, капитал етарлилиги, активлар сифати, бошқарув самарадорлиги, даромад олиш салоҳияти, ликвидлилик каби кўрсаткичлар индекс мезони ҳисобланади.

    Ушбу тадқиқот банк тизими активлари таркибида хусусий сектор улуши ўзгаришлари, шунингдек, банк соҳасидаги ислоҳот ва трансформация жараёнлари самарадорлигини доимий баҳолаб бориш учун ўтказилмоқда.

    Банкларни трансформация қилиш жараёни аҳоли турли қатламининг молиявий хизматларга талабини қондиради. Ҳудудларни банк хизматлари билан қамраб олади ҳамда ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга оширишга ҳисса қўшиши кутилмоқда.

    2018 йилда 4 мингдан ортиқ жисмоний шахс масофавий банк хизматларидан фойдаланган бўлса, 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра ушбу кўрсаткич қарийб 14 мингга етди. Бу эса банк секторида рақамли технологиялардан фойдаланиш қамрови сезиларли даражада ошганидан далолат.

    2021 йил 1 март ҳолатига кўра, республика банк тизими активлари 366,2 триллион сўм (2020 йил 1 мартга нисбатан ўсиш – 31,3 фоиз), мажбуриятлари – 306,6 триллион сўм (ўсиш – 38,3 фоиз), капитал 59,5 триллион сўм (ўсиш – 12,4 фоиз)ни ташкил этди. Ҳозир банк тизимида 55 мингдан зиёд ходим фаолият олиб бормоқда.

    Банклар икки гуруҳга ажратилган – йирик банклар ва кичик банклар. Рейтинг ҳар бир гуруҳ учун алоҳида тузилади. Кичик банклар гуруҳига Тошкент шаҳрида ёки республиканинг фақат бир ҳудудида фаолият олиб бораётган банклар киритилган.

    17 та йирик банк орасида Капиталбанк ўтган йилнинг иккинчи чорагидан буён етакчиликни сақлаб қолмоқда. Капитал етарлилиги, даромад олиш салоҳияти ва бошқарув самарадорлиги бўйича юқори натижалар Капиталбанкка умумий рейтингда ўз ўрнини мустаҳкамлашга ёрдам берди.

    Хусусан, банкнинг муддатли депозитлари кредитларига нисбати 78 фоизни ташкил этди. Бошқа банклар ва молия институтларидан олинган маблағлар улуши 3,5 фоизга етди.

    Траст банк умумий рейтингда 2020 йил тўртинчи чоракдаги ўрнидан икки поғона кўтарилиб, 2-ўринни эгаллади. Мазкур банк капитал етарлилиги, бошқарув самарадорлиги, даромад олиш салоҳияти ҳамда ликвидлилик бўйича етакчи банклардан бирига айланмоқда. Хусусан, ликвидлиликни қоплаш коэффициенти Марказий банк томонидан белгиланган меъёрдан 5,2 баробар юқори ҳисобланади.

    Алоқа банк давлат улуши мавжуд йирик банклардан бири сифатида умумий рейтингда 3-ўринни сақлаб қолди. Ушбу банк молиявий воситачилик, капитал етарлилиги ва активлар сифати бўйича яхши натижаларни кўрсатди.

    Банкнинг муддатли депозитлари кредитларига нисбати 56 фоизни ташкил этди. Бу эса давлат улуши мавжуд бошқа банклардаги кўрсаткичдан юқори саналади. Бошқа банклар ва молия институтларидан олинган депозитлар ва кредитларнинг жами мажбуриятларидаги улуши 26 фоизга етган бўлса, ҳукуматдан олинган қарзлар улуши эса 11 фоизни ташкил этди. Бу банк тизими ўртача кўрсаткичидан (17 фоиз) кам ҳисобланади.

    Бу йил биринчи чоракда Микрокредитбанк ва Ўзсаноатқурилиш банк умумий рейтингда кўтарилишга эришди. Ушбу банклар ўтган йилнинг тўртинчи чорагидаги позициясидан тўрт поғона юқорилади.

    Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистоннинг 14 та кичик банк орасидаги фаоллик рейтингида учта етакчи банк (Давр банк, Зираат банк ва Универсал банк) 2020 йилнинг тўртинчи чорагига нисбатан ўзгаришсиз қолди.

    Давр банк ва Универсал банк молиявий оммабоплик бўйича энг юқори натижаларни намойиш этди. Зираат банк капитал етарлилиги ва бошқарув самарадорлиги бўйича етакчи банклардан бири бўлиб қолмоқда.

    Халилуллоҳ ҲАМИДОВ,

    Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

    бош илмий ходими

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates