Ўзбекистондан Ҳиндистон халқига инсонпарварлик ёрдами етказилди

    Ижтимоий ҳаёт 3 май 2021 433

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, жорий йил 1 май куни Деҳли шаҳрига инсонпарварлик кўмаги етказилди.

    Мобил кислород концентраторлари тўпламлари, эҳтиёж юқори бўлган турли дори воситаларидан таркиб топган инсонпарварлик юклари Деҳли аэропортида мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳатов томонидан мазкур мамлакат Қизил хоч жамияти ва Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилларига топширилди.

    Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги Евроосиё департаменти директори ўринбосари Бандару Вилсонбабу Ҳиндистондаги жорий санитар-эпидемиологик ҳолат кескин оғирлашган бир вақтда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан биринчилардан бўлиб инсонпарварлик ёрдамини юбориш ҳақида қарор қабул қилингани Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият олдида фаол ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойилларига содиқ эканини намойиш этиш билан бирга Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги мавжуд стратегик шерикчилик алоқаларининг амалдаги яққол исботи эканини эътироф этди.

    “Бугун дўст ва биродар Ўзбекистон халқи томонидан жўнатилган инсонпарварлик юкларини қабул қилиб олмоқдамиз. Ўзбекистон ва Ҳиндистон азал-азалдан яқин қўшни, синалган дўст ва ҳамкор давлатлар ҳисобланади, - деди Ҳиндистон вакили. – Мамлакатларимиз анъанавий равишда турли масалаларда бир бирини доимо қўллаб-қувватлаб келган ва бугун ўзбекистонлик дўстларимиз томонидан кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами халқларимизнинг самимий дўстлиги, бир-бирига бўлган ишончи ва ҳурматидан далолат беради. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига ушбу мураккаб ва оғир дамларда ҳинд халқига кўрсатилган олийжаноб кўмак учун самимий миннатдорлигимизни билдирамиз”.

    Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ҳиндистон ҳукумати ўз вақтида кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан бу оғир дамда фавқулодда ёрдам сифатида юборилган материаллар самимий хайрихоҳлик белгиси сифатида қадрланишини маълум қилди. Пандемия инқирози даврида гуманитар ҳамкорлик Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди.

    Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон 2020 йилда Ўзбекистонга COVID-19 билан оғриган одамларни даволаш учун ишлатиладиган тиббий препаратлар, жумладан, гидроксиклорокин таблеткалари ва бошқа дори-дармонлар юборган эди. 2021 йилнинг март ойида Ўзбекистон COVAX ташаббуси доирасида Ҳиндистон зардоб институти томонидан ишлаб чиқарилган 660 минг доза вакцинани қабул қилиб олди.

    1 май куни Ўзбекистон томонидан етказиб берилган инсонпарварлик ёрдами Ҳиндистоннинг қатор етакчи оммавий ахборот воситаларида, хусусан, “Times of India”, “ANINews”, “ZeeNews” ва бошқаларда кенг ёритилди.