Ўзбекистонлик 17 ёшли рассом «Уйғониш даври Флоренцияси» танловида Бош совринни қўлга киритди

    Воқеа-ҳодисалар 29 январ 2021 877

    Италиянинг Пезаро шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган «Аngeli» хайрия лойиҳаси доирасида анъанавий фестиваль - ёш рассомлар ва дизайнерлар танлови бўлиб ўтди.

    «Дунё» АА мухбири «Аngeli» хайрия лойиҳаси таъсисчиси, «Verbumlandiart» маданият уюшмаси аъзоси Аида Абдуллаева билан мазкур лойиҳа ва ўзбекистонлик болаларнинг фестиваль-танловдаги иштироки ҳақида cуҳбатлашди.

    - Болалик нима? Болалик – бу одамларга бўлган чексиз ишонч, имконсиз нарсаларнинг йўқлиги, атрофдаги олам ёрқин ва ҳаётбахш рангларга бурканган даврдир, - дейди А.Абдуллаева. - Мен учун болалик - бу онамнинг мулойим овози, отамнинг меҳрибон нигоҳи, дераза ташқарисидаги болаларнинг овозлари, эндигина тандирдан узилган ноннинг хушбўй таъми, ариқдаги сувнинг шилдираши, мольберт, бўёқлар ва орзулар..., орзулар..., орзулар...

    Болалар доимо ва ҳамма жойда орзу билан яшайди ва шундай бўлиб қолаверади. Орзулар эса ушалиши керак! Бугун мен болажонларга уларнинг фантазияларини рўёбга чиқариш йўлида ёрдам беришга ҳаракат қиляпман.

    Айнан шу мақсадда 2014 йил «Аngeli» лойиҳаси йўлга қўйилди. Унинг асосий мақсади ёш истеъдодларни излаш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, менинг она юртим Ўзбекистон ва қадрдон Италия ўртасидаги дўстона ва ижодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Лойиҳа доирасида Пезаро шаҳрида ҳар йили мунтазам равишда ёш рассомлар ва дизайнерлар фестивали ташкил этилмоқда.

    Ушбу фестиваль янги номларни кашф этишга ёрдам бермоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати (РИСМИ) ўқитувчилари ва ўқувчилари билан ижодий ҳамкорликка йўл очди. Ушбу ажойиб жамоа ва инсонлар билан ҳамкорликда танлов ташкил этилди. Кейинчалик унда мусиқачилар ҳам иштирок эта бошлади.

    Пандемия билан боғлиқ дунёдаги мураккаб вазият туфайли бу йилги танлов онлайн форматда ўтказилди. Унда РИСМИ ва Ўзбекистоннинг бошқа таълим муассасалари ўқувчилари фаол қатнашди.

    Бу йилги фестиваль Уйғониш даври Флоренцияси ва машҳур Медичилар сулоласига бағишланди. Санъат ва маданиятни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган мазкур сулола тарихи Уйғониш даври билан узвий боғлиқдир.

    Фестиваль Бош совринини ўзбекистонлик 17 ёшли рассом Милад Исмоилов қўлга киритди. У машҳур ҳайкалтарош Микеланжело ишларидан бирининг кўринишидан фойдаланган ҳолда қаламда Флоренция шаҳрининг расмини чизган.

    Бу йилги танлов ҳакамлар ҳайъати таркибидан Италия санъати ва маданияти вакиллари - таниқли стилист-дизайнер Элеонора Алтаморе, ҳайкалтарош Лоренца Алтаморе, компьютер графикаси бўйича рассом Мигуэль Анжель Акоста Лара, рассом Патриция Делла Валле, «Verbumlandiart» ассоциацияси президенти Режина Реста, Халқаро мусиқа ва санъат академияси президенти Эдда Силвестри, шунингдек, мексикалик рассом ва вокалист Соня Иакетти жой олди.

    Ҳакамлар ҳайъатининг онлайн шаклда ўтган йиғилишида Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Отабек Акбаров, консул Мунира Низомова, РИСМИ директори ўринбосарлари Сардор Ниғматов ва Рустам Турғунов иштирок этди.

    Гран-при ғолиби Италияга бир ҳафта саёҳат қилиш йўлланмасини қўлга киритди. Унга Флоренция шаҳрида Медичи дворянлар сулоласи вакили танлов ғолиби дипломини шахсан топширади.

    Ҳаёт бир жойда турмайди, бир авлод ўрнини иккинчи авлод эгаллайди. Лекин нима бўлишидан қатъий назар, болалар доимо орзу қилган, орзу қилмоқда ва орзу қилишда давом этади. Биз катталар уларнинг орзулари рўёбга чиқиши учун барча имкониятларни ишга солишимиз зарур. Чунки орзулар, албатта, ушалиши керак!

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates