Ўзбекистонлик олимлар SARS-CoV-2 вирусининг 32 та геномини тўлиқ ўқиди

    Ўзбекистонда тарқалган коронавирус вариантлари ҳақидаги маълумотлар айнан юртимизда тарқалган штаммларга қарши йўналтирилган миллий вакцинамизни яратиш ишлари учун ўта муҳим

    Инновацион ривожланиш вазирлиги буюртмасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан коронавируснинг тўлиқ геномлари биринчи марта Ўзбекистонда ўқилди ва биоинформатик таҳлил ишлари олиб борилди. Натижалар коронавирус геном маълумотлари учун очиқ маълумотлар тармоғи – GISAID (https://www.gisaid.org) маълумотлар базасига жойланди ва тегишлича расмийлаштирилди.

    Шу муносабат билан Ўзбекистон ўз ҳудудида коронавируснинг барча вариантларини ДНК кетма-кетлигини тўлиқ секвенлаган 50 мамлакат қаторига кирди. Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан Тошкент вилояти Санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги бошқармаси ҳамда Biogen Med хусусий клиникасидаги бирламчи вирус юқтиргани тасдиқланган фуқароларнинг 62 нафаридан намуналар олинди. Янги авлод секвенатори ёрдамида уларнинг 32 та геноми тўлиқ секвенлаш орқали таҳлил қилинди. Бошқача қилиб айтганда, ДНК кетма-кетлиги ўқилди. Бу 29 903 нуклеотид деганидир.

    Шунингдек, олимлар қатор биоинформатик таҳлиллар ёрдамида (Nextclade) Ўзбекистонда тарқалган вирус вариантларини ҳозиргача ўқилган коронавирус маълумотлар базасидаги геномлар билан солиштирди. Натижада Ўзбекистондаги COVID-19 вариантларидан 18 тасининг шажарадаги ўрни аниқланди. Унга кўра, Ўзбекистонда учраётган COVID-19 вариантлари GR (20В) ва S (19В) гуруҳларига мансублиги аён бўлди. Шажаранинг GR (20В) тармоғида Ўзбекистон билан биргаликда, асосан, Европа, Осиё, Африка ва Австралия қитъаси вакиллари жойлашган бўлса, S (19В) гуруҳида эса Осиё ва Африкага хос вирус геномлари жойлашган. Бу факт ушбу иккита гуруҳ орқали мамлакатимизга кириб келган вируслар манбаи битта эмаслигини англатади.

    Таъкидлаш жоизки, SARS-CoV-2 вирусининг геном маълумотлари илк бора 2020 йилнинг январь ойида Хитойда аниқланган. Ўша пайтдан бошлаб дунёда тарқалган коронавирус намуналари олиниб, геномларини секвенлаш ишлари бошланди. Геномларни аниқлаш маҳаллий ва глобал миқёсда эпидемиологик тадқиқотлар ўтказиш учун зарур бўлиб, вируснинг эволюцион таҳлилини амалга ошириш, унинг қаерда пайдо бўлгани, қандай мутацияларга учрагани ва бошқа муҳим маълумотларни беради. Бу маълумотлар ёрдамида эса вакцина яратилади. Ўзбекистонда тарқалган коронавирус вариантлари ҳақидаги маълумотлар айнан юртимизда тарқалган штаммларга қарши йўналтирилган миллий вакцинамизни яратиш ишлари учун ўта муҳимдир.

    Ўзбекистонда тарқалган COVID-19 вариантларинг тўлиқ геном ДНК кетма-кетликлари аниқланиши ва дунё маълумотлар базаси билан қиёсий таҳлиллари вируснинг Ўзбекистон шароитида ўзгаришини доимий мониторинг қилишда катта қадам бўлди. Қолаверса, бу охирги йилларда Ўзбекистонда илм-фан ва олимларимизга яратиб берилаётган катта имкониятларнинг дастлабки натижаларидан биридир, дея хабар бермоқда Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates