Ўзбекистонлик талабалар иккита давлат дипломини олади

    Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Беларусь Республикаси таълим вазири Игорь Карпенко бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

    Учрашувда икки давлат ўртасида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда вазирлик ахборот хизмати.

    2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрида Беларусь-Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти фаолият бошлади. Бугунги кунда институтда 6 та таълим йўналиши бўйича 245 нафар талаба таҳсил олмоқда.

    Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 38 та олий таълим муассасасида Беларусь Республикасининг 17 та нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қўшма дастурлари (double degree) бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Биргина жорий ўқув йилида мазкур қўшма таълим дастурларига 2741 нафар талаба ўқишга қабул қилинган.

    Беларусь олий таълим муассасалари билан биргаликдаги қўшма таълим дастурлар доирасида юртимиздаги ҳамкор университетларда 56 та бакалавриат таълим йўналиши ва 18 та магистратура мутахассислигида кадрлар тайёрланмоқда. Мазкур дастурларни муваффақиятли якунлаган талабаларга икки томонлама диплом берилади.

    Беларусь таълим вазири Игорь Карпенко Ўзбекистон олий таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича Россия ва Хитойдан кейин учинчи ўринда туришини, Ўзбекистон тимсолида ишончли ҳамкорни кўришини алоҳида қайд этиб, олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик икки давлат ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг драйвери бўлиши лозимлигини қўшимча қилди.

    Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети ректори Вадим Богуш ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун икки томонда ҳам салоҳият етарли эканини таъкидлаб, Ўзбекистон ва Беларусь ОТМ ректорлари форумини ўтказишни таклиф қилди.

    Вазир Абдуқодир Тошқулов беларуслик ҳамкорлар таклифларини қўллаб-қувватлаб, жамият ривожида зарур бўлган мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар тайёрлаш қамровини кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари салмоғини ошириш ғоясини илгари сурди.

    Шунингдек, Беларусь давлат университети базасида Ўзбек тили ва адабиёти марказини ташкил қилиш, Беларусь олий ўқув юртларида ўзбекистонлик докторантлар ва аспирантлар учун алоҳида грантлар жорий этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

    Ўтказилган музокаралар якунида Ўзбекистон ва Беларусь Республикасининг 10 та олий таълим муассасаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик битимлари тузилди.

    Учрашувларнинг мантиқий давоми Тошкент давлат техника университетида давом этди. Меҳмонлар учун талабалар иштирокида маданий-маърифий учрашувлар ташкил этилди.

    — Беларуслик ҳамкорларимиз билан малакали кадрлар тайёрлаш, ўқитиш жараёнинини модернизация қилиш борасида ижобий натижаларга эришиляпти. Жумладан, Тошкент давлат техника университети ва Беларусдаги иккита энг йирик олий таълим муассасаси — Беларусь миллий техника университети ва Беларусь давлат технология университети ўртасида шартномалар имзоланиб, кўп йўналишлар бўйича салмоқли ишлар бажариляпти, — дейди Тошкент давлат техника университети проректори Улуғбек Маннонов. — Хусусан, Тошкент шаҳрида Беларусь-Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтининг очилиши ҳам жуда катта гап. Биринчидан, талабаларимиз ўқитишнинг Европада оммалашган модуль-кредит тизимида таълим олади. Бундан ташқари, қўшма дастурлар бўйича ҳамкорлигим ҳам бор. Бугунги кунда Беларусь миллий техника университетида 130 нафар, Беларусь давлат технология университети 120 нафар талаба ўқишни давом эттиряпти. Талабаларимиз 1-2-курсни бизнинг олий таълим муассасамизда, 3-4-курсни Беларусда ўқийди. Йигит-қизларимиз олган билимини Беларусь Республикасидаги БелАЗ, Минск трактор заводи каби йирик заводларда ўтайди.

    Вазирлик ахборот хизмати ва Музаффар Абдуллаев

    олган суратлардан фойдаланилди.