“Дунё“ ААнинг хабар беришича, уч босқичли – миллий, минтақавий ва глобал тизим асосида ўтказилган мусобақаларда Тошкент ахборот-технологиялари университетининг “Volta” жамоаси қатнашди.
Шунингдек, дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларидаги икки мингта олий таълим муассасаларидан 960 минг нафар талаба иштирок этди.
Мусобақанинг “Инновациялар танлови“ номинациясида жамоалар кундалик ҳаётда тўқнаш келадиган муаммоларни аниқлаб, сунъий интеллект, “булутли“ ҳисоблаш, катта маълумотлар ҳамда бошқа технологиялардан фойдаланган ҳолда ижтимоий ва тижорат қийматга эга бўлган функционал ечимларни тақдим этишди.
Финал босқичида иштирок этган Хитой, Германия, Туркия, Польша, Аргентина, Қатар ва бошқа давлатлар жамоалари орасида Тошкент ахборот-технологиялари университетининг “Volta” жамоасининг тақдимоти ташкилотчилари томонидан юқори баҳоланди ва улар учинчи ўринга лойиқ кўрилди.








