Бу ҳақда Миграция агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йил сентябрь ойида Сеул шаҳрида Миграция агентлиги ва KIA Auto компанияси ўртасида муҳим келишувга эришилган эди. Унга мувофиқ, бугун компания раҳбарияти агентликка ташриф буюриб, лойиҳани амалга ошириш бўйича аниқ йўналишларни муҳокама қилди.
KIA Auto — Корея бўйлаб 600 га яқин сервис марказига эга, йиллик 1 миллиондан ортиқ автомобилларга хизмат кўрсатувчи йирик тармоқ бўлиб, малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжи юқори.
Учрашув якунларига кўра, 2026 йил бошидан Миграция агентлиги қошида KIA Auto стандартлари асосида жиҳозланган ўқув устахоналари очилади. 3 ойлик дастурда корейс тили ва маданияти, техника хавфсизлиги, шунингдек, Корея методикаси асосида амалий автомобиль сервиси ўқитилади.
Ўқувни муваффақиятли тамомлаганлар Кореяда малакали мутахассислар учун мўлжалланган E-7 визаси билан ишга жойлаштирилади. Ушбу виза учун асосий талаб — корейс тилини TOPIK 1 даражасида билиш.
Лойиҳа аҳамияти шундаки, Корея Адлия вазирлиги 2025 йилдан бошлаб автомобиль кузовини бўяш йўналишига хорижлик мутахассисларни жалб этишга рухсат берди. Илгари бу соҳада фақат маҳаллий кадрлар фаолият юритарди.
Ўзбекистон мазкур лойиҳага биринчи бўлиб жалб этилмоқда. Ҳамкорликнинг асосий мақсади — юртдошларимизнинг техник малакасини ошириш, уларнинг хорижда тажриба орттириши ва қайтиб келгач, мамлакат автомобиль сервис саноатига ҳисса қўшишидир.
Дастурнинг илк иштирокчиси бўлиш имконияти бўйича янгиликлар Миграция агентлиги каналларида эълон қилиб борилади.








