Ўзбекистоннинг Alibaba global савдо майдончасига чиқишининг тафсилотлари очиб бериляпти

    Бизнес 26 сентябр 2022 1035

    Ўтган ҳафта Ўзбекистон Alibaba global савдо майдончасидан ўрин олгани ҳақидаги хабар мамлакатимиз Интернет ҳамжамиятида кенг тарқалди. Бугун биз ушбу воқеликнинг тафсилотларини очиб берамиз.

    Тарқалган хабарнинг мазмунини эслатиб ўтамиз: Хитойда нуфузли халқаро электрон савдо майдончасида Ўзбекистон миллий павильонининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Alibaba.com йиллик айланмаси 106 миллиард долларни ташкил этадиган Хитойнинг етакчи савдо платформасидир. Унинг асосий фаолияти B2B шаклида компаниялар ўртасидаги савдо операциялари ва онлайн чакана савдони ташкил этишдан иборат.

    Ўзбекистон павильони МДҲ мамлакатлари орасида Alibaba.com сайтида Россия ва Қозоғистондан кейин учинчи бўлди. Ўзбекистон миллий павильонига 4 800 дан ортиқ турдаги товарларга эга 50 дан ортиқ маҳаллий компаниялар киради.

    Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва Alibaba Group корпорацияси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Мақсад –Хитойнинг улкан электрон савдо платформаси орқали миллий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш.

    Шартнома доирасида Агентлик ўз маҳсулотларини Alibaba marketpleysида рўйхатдан ўтказиш учун 70 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга 4,6 миллиард сўм миқдорида молиявий ёрдам кўрсатди.

    Корхоналар орасида янги узилган ва қуритилган мева ва сабзавотлар, тайёр тўқимачилик ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар, сайёҳлик хизматларини кўрсатувчи компаниялар бор. Бугунги кунга қадар улар 67,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишга муваффақ бўлди.

    Ҳар куни ушбу платформада ўзбек экспортчилари ва ишлаб чиқарувчиларининг қатори кенгайиб боряпти. 2022 йил охирига келиб улар сонини 100 тага етказиш режалаштирилган.

    Бундан ташқари, хитойлик мутахассисларни жалб этган ҳолда 300 дан ортиқ маҳаллий корхоналар вакиллари учун ушбу электрон платформа имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича 4 та семинар-тренинг ўтказилди. Йил охиригача 500 та корхона мутахассисларини ушбу машғулотлар билан қамраб олиш режалаштирилган.

    Муҳим воқеанинг ўзи жорий йил 13 сентябрда рўй берди. Ўша куни Alibaba платформасида доимий фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон миллий павильони ишга туширилди. Унда 3 та асосий тармоқ – тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва озиқ – овқат саноатининг 100 дан ортиқ энг сифатли ва оммабоп маҳсулотлари бор.

    Йил охирига қадар павильонда электротехника, мебель ва аксессуарлар, чарм-пойабзал маҳсулотлари, спорт анжомлари, болалар ўйинчоқлари бўйича янги тармоқлар саҳифалари очилиши режалаштирилган. Натижада экспортга йўналтирилган товар позициялари сони 300 тага етказилади. Павильон мунтазам равишда Ўзбекистон товарлари билан янгиланади. Унда сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда сотувлар, харидорлар рейтинги ва шарҳлар асосида энг оммабоп ва сифатли маҳаллий маҳсулотлар автоматик равишда танлаб олинади ва жойланади.

    ИТСВ ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги тизимли равишда ушбу йўналишни илгари суришда давом этяпти. Жорий йил 8-15 октябрь кунлари Тошкентда Alibaba Group корпорацияси билан ҳамкорликда электрон тижорат форуми, тадбиркорлар учун семинарлар ва тренинглар, шунингдек, савдо майдончаси орқали экспорт қилишга қийналаётган экспортчилар учун маҳорат дарслари ва индивидуал консультациялар ўтказиш режалаштирилган. Машғулотларда Alibaba Group корпорациясининг 5 та етакчи эксперти иштирок этади. Тадбир нафақат Марказий Осиёда, балки МДҲ мамлакатларида ўтказилган энг кенг қамровли бўлиши кутиляпти, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates