Ўзбекистоннинг дунёга ўз тилидаги хитоби

    Икки юзга яқин давлатларнинг раҳбарлари ва ваколатли расмийлари иштирок этадиган катта машваратда Ўзбекистоннинг давлат тили бўлган ўзбек тили илк марта жаранглади.

    Дунё давлатлари ва халқлариниг энг олий, мўътабар минбари бўлмиш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тузилганига етмиш беш йил тўлди. Ана шу сана муносабати билан тўпланган Бош Ассамблея мажлисида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзбек тилида маъруза қилди. Икки юзга яқин давлатларнинг раҳбарлари ва ваколатли расмийлари иштирок этадиган бундай машваратда Ўзбекистоннинг давлат тили бўлган ўзбек тили илк марта жаранглади.

    Дунёга ўзбек тили улуғ Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва башарият бадиий ҳамда ақлий тафакккурига сезиларли таъсир кўрсатган бошқа боболаримизнинг беназир дурдоналари боис таниш бўлса-да, жаҳон сиёсати ва ҳамкорлигининг бош майдонида бу тил биринчи марта янгради. Биринчи марта муҳтарам Президентимиз Ўзбекистоннинг давлат тилида дунёга хитоб қилди.

    Ўзбек тили турли халқаро анжуманларда, турли халқлар вакиллари жамланган муҳокама-мунозараларда, ҳамкорлик ҳадафи билан тўпланган издиҳомларда бўй кўрсатиб келган бўлса-да, дунёдаги миллатларнинг энг муаззам минбарига энди қадам қўйганлиги билан, шубҳасиз, тарихий воқеадир. Шунинг учун ҳам бундан бутун халқимиз, каттаю кичик, чексиз ифтихор туйганлиги мутлақо табиийлигини тасаввур қилиш мумкин. Айни пайтда нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам, оммавий ахборот воситаларидаги хабарлардан аён бўлаётганидай, бу тилнинг хорижда муқим яшаётган соҳиблари ёки бу тилнинг чинакам дўстлари ўзбек тилининг дунё сиёсати майдонида жаранглаганидан мамнуниятларини изҳор этмоқдалар.

    Алоҳида айтиш лозимки, мазкур маърузанинг залворли ва мазмундор мундарижаси ҳам ўзбекона бағрикенглик ва вазминлик, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик, хавфсизлик ва фаровонлик каби салмоқли, умужаҳоний ғоялар билан суғорилган. Унда давлатимиз раҳбари камбағалликка қарши кураш, экология, инсон ҳуқуқлари, минтақавий ҳамкорлик, хавфсизлик ва бошқа соҳалардаги аинқ таклифларини билдирди.

    Ўзбекистон барча соҳалардаги тараққиётининг тамомила янги босқичини бошдан кечирмоқда. Президентимиз раҳнамолигида жадал ва кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, бу ислоҳотларнинг нақд натижалари барчамизнинг кўз ўнгимизда. Бу илдам ислоҳотларнинг ҳаққоний самараларини хориждаги дўстлар ҳам, нодўстлар ҳам эътироф этмоқда. Халқни рози қилиш, унинг фаровонлигини таъминлаш, камбағалликни бартараф қилиш каби эзгу ва улуғвор ниятлар ижобати йўлида давлатимиз раҳбари ташаббуслар, аниқ ҳаракатлар дастурининг тарҳини чизиб бермоқда.

    Мамнуният билан таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мунтазам тараққий қилдириш тарихида ҳам чин маънода янги босқич бошланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 21 октябрида “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ва шу куни имзоланган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда бу борадаги ишларни бутунлай янги ўзанга киритиш, асосий мақсад-вазифалар нинг моҳиятини аниқ-аниқ кўрсатиб берди. Мазкур Фармонда бир ҳақиқат бениҳоя ўринли таъкидланган: “Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада, аввало, ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир”.

    Фармонга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси тузилмаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилган ва бу департамент самарали фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда Атамалар комиссияси ташкил қилинган, 2020 – 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастури ишлаб чиқилган. Шунингдек, “Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси” таъсис қилинган ва шу кунга қадар мазкур жамғарма маблағи ҳисобидан беш жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Давлат тилида иш юритиш” ва бошқа бир қанча китоблар нашр этилди. Ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунини такомиллаштириш, унинг янги таҳририни тайёрлаш юзасидан иш олиб борилмоқда. 21 октябрь “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинган ва уни кенг нишонлаш бўйича ҳам тайёргарлик ишлари жадал бормоқда.

    Халқимиз, мамлакатимизнинг барча фуқаролари “Ўзбек тили байрами куни”ни кенг ва чексиз ифтихор билан нишонлашига бир ойча вақт қолди. Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг муҳташам издиҳоми иштирокчиларига Ўзбекистоннинг давлат тили бўлмиш ўзбек тилидаги хитоби бу тилнинг қутлуғ байрами арафасидаги гўзал бир воқеадир.

    Низомиддин Маҳмудов,

    ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори

    институти директори, филология фанлари

    доктори, профессор