Ўзбекистоннинг тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи ҳақида маълумот берилди

    Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ОАВ вакилларига мамлакатнинг халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзларнинг қайси соҳаларга йўналтирилаётгани ҳақида маълумот берилди.

    “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, 2018 йилдан бошлаб Марказий банк томонидан Ўзбекистон Республикасининг тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи кўрсаткичлари шакллантирилиб, Халқаро валюта жамғармаси томонидан қабул қилинган форматларда ҳар чоракда мунтазам Марказий банкнинг веб-сайтида жойлаштириб борилмоқда.

    Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ОАВ вакилларига мамлакатнинг халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзларнинг қайси соҳаларга йўналтирилаётгани ҳақида маълумот берилди.

    Айтиш керакки, мазкур маълумотларни шакллантиришда идоравий маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида 2018 йил 3 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 263-сонли қарори қабул қилинган.

    Тадбирда таъкидланганидек, йўналишдаги кўникмаларни ривожлантириш ҳамда маълумотларни халқаро қабул қилинган қўлланмаларга мувофиқ, тузилишини таъминлаш мақсадида бугунги кунга қадар Халқаро валюта жамғармасининг тўртта техник кўмак миссиялари жалб қилинди.

    Бунинг натижасида:

    - Ўзбекистон Республикасининг тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзига оид 2020 йилгача бўлган 6 йиллик статистик маълумотлар қайта тузилди;

    - маълумотларни шакллантириш жараёнларини жаҳон андозаларига мувофиқлаштиришга эришилди.

    Маълумотларни шакллантириш жараёнининг жаҳон андозаларига мослиги таъминланиши уларга бўлган ишончни ошириб, Ўзбекистон Республикасининг тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи статистикасидан халқаро ташкилотлар фойдаланишига замин яратади.

    Маълумотларнинг асосий фойдаланувчилари – бу Халқаро валюта жамғармаси ва халқаро рейтинг агентликлари мутахассислари, хорижий инвесторлар ва ташқи савдо ҳамкорлар, маҳаллий ва хорижий илмий-тадқиқот институтлари ҳамда мустақил изланувчилардир.

    Шу билан бирга, 2020 йил 3 августда қабул қилинган миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4796-сонли қарори ижроси доирасида ташқи сектор статистикасига доир кўрсаткичларнинг даврий қаторларини 2010 йилга қадар кенгайтириш мақсадида Марказий банк ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан бир қатор вазифалар белгилаб олинди.

    Ушбу ишларни самарали ташкил этиш мақсадида жорий йилнинг 9-20 ноябрь кунлари давомида Халқаро валюта жамғармасининг навбатдаги техник кўмак миссияси ҳам жалб этилди.

    Қайд этилдики, ташқи сектор статистикаси, жумладан, Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи тўғрисида давлат органлари мансабдор шахсларининг саводхонлиги ва кенг жамоатчиликнинг хабардорлик даражасини ошириш мақсадида Марказий банкнинг молиявий саводхонлик бўйича ахборот-таълим Finlit.uz порталида “Тўлов баланси хақида нималарни биласиз?”, “Жорий халқаро операциялар хақида”, “Ташқи қарз – бу нима?”, “Халқаро инвестицион позиция” каби мавзуларда ихчам мақолалар жойлаштирилиб борилмоқда.

    Анжуманда айтилишича, 2020 йилнинг I ярим йиллиги якуни бўйича Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 27,6 миллиард долларни ташкил этди. Шундан 10,1 миллиард доллари хусусий сектор қарзи ҳисобланса, 17,5 миллиард доллари давлат қарзларидир. 2020 йилнинг I ярим йиллиги давомида Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси кўрсаткичларининг шаклланишига жаҳонда COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ички ҳамда ташқи бозордаги ўзгаришлар, глобал бизнес фаолияти ўсишининг секинлашиши ва молиявий хатарларнинг ортиши, ташқи савдо айланмасининг пасайиши каби омиллар ўз таъсирини ўтказгани таъкидланди.