Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти “BBC World News Eurasia” каналларида тарғиб қилинади

    BBC кунига 24 соат инглиз ва 40 дан ортиқ хорижий тилларда эшиттиришлар олиб боради.

    Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги биносида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов “BBC World News Eurasia” телеканали тижорат хизмати раҳбари, “Ипак йўлида туризм – 2022” Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси маърузачиси С. Становкинни қабул қилди.

    Учрашувдан асосий кўзланган мақсад, Ўзбекистоннинг хориждаги нуфузини мустаҳкамлаш ва мамлакатга ташриф буюраётган хорижлик сайёҳлар сонини оширишдан иборат.

    Музокара давомида юқори мартабали меҳмонга сўнгги йилларда мамлакат миқёсида туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, яратилган янги туризм объектлари, дам олиш масканлари, гастрономия ҳақида кенг маълумотлар берилди.

    Учрашув якунида BBC World News медиа корпорациясининг энг нуфузли халқаро аудиторияларга эга каналларида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига доир кенг кўламли тарғибот компаниясини давом эттириш мақсадида “BBC bilan sayohat” махсус PR коммуникацион лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

    Маълумот учун: "BBC" (British Broadcasting Corporation) - British Broadcasting Corporation" - Буюк Британиянинг ижтимоий радиоэшиттириш корпорацияси бўлиб, 1927-йилда Лондонда ташкил этилган. Дастлаб радиоэшиттиришлар 5 та йўналишда (сиёсат, иқтисод, бизнес, маданият ва спорт) олиб борилган бўлса, 1936 йилга келиб телекўрсатувлар оммавий ва маданий-маърифий соҳаларда эфирга узатила бошланди.

    BBC кунига 24 соат инглиз ва 40 дан ортиқ хорижий тилларда эшиттиришлар олиб боради ва 23 000 ходими билан дунёдаги энг йирик янгиликлар телерадиокомпанияси ҳисобланади.