Ўзбекистоннинг ёшлар ҳуқуқлари бўйича ташаббуслари

    Фикр 24 сентябр 2020 3797

    Бугун бутун дунёда барчани бирдек ташвишга солаётган COVID-19  бутун башариятнинг олдига мураккаб вазифаларни қўймоқда, унинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатиб қўйди. Коронокризис барча давлатлар ва халқларни Ер сайёрасининг фарзандлари – улкан ягона оила вакиллари ва ўзаро бир-бирига боғлиқ эканини, улар ўртасида мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини яна бир исботлади.

    Шундай таҳликали шароитда Бош Ассамблеянинг етмиш бешинчи сессияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарихида илк марта онлайн мулоқот режимида ташкил этилганлиги улкан мулоқот макони сифатида жаҳон ҳамжамияти дуч келган оғир вазиятга ечим топишида катта аҳамиятга эга.

    Куни кеча давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиясида илгари сурилган ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни ташкил этиш бўйича ташаббус ва таклифлари минтақавий ва глобал аҳамиятга эгалиги билан ажралиб турди. Пандемиядан кейинги даврда инсоният юзага келиши мумкин бўлган қашшоқликни тугатиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экологик муаммоларнинг таъсирини юмшатиш каби кўплаб муаммолар бўйича амалий характерга эга таклиф ва ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан илиқ кутиб олинди.

    Давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлаш чорлади. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил қиладиган ёшлар соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тобора амалий характерга эга бўлиб бораётганлиги таъкидлади.

    Сўнгги йилларда Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилганлиги, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси тузилганлигининг ўзи давлатимизнинг ёшлар масаласига бераётган эътиборига яққол мисол бўла олади.

    Ёшлар тадбиркорлигини рағбатлантириш мақсадида “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури доирасида иқтидорли ва ташаббускор ёшлар 8 мингдан зиёд бизнес лойиҳаларига тахминан 1,7 триллион сўм маблағ ажратилганлигини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз.

    Бундан ташқари сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда 43 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 121 тага етди. Олий таълим муассасасида ўқиш истагини билдирган ёшларнинг умумий қамрови йилдан йилга ўсиб бормоқда

    Давлатимиз раҳбарининг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш бўйича ташаббуси БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди. Ўзбекистон раҳбари бунга асос қилиб, бугунги ғоят мураккаб даврда ёшларнинг сони дунё миқёсида икки миллиарддан ортиб кетгани, ёшларни халқаро терроризм ва эсктремизм каби иллатлардан муҳофаза қилиш зарурлигини келтириб ўтган эди.

    Мазкур ташаббуснинг долзарблигини бугунги кунда бутун дунёда давом этаётган COVID-19 пандемияси яна бир бор тасдиқлади, десак муболаға бўлмайди. Боиси, шундай синовли даврда ёшларнинг давлат ва жамият бошқарувида иштирокини кенгайтириш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва ишсизликдан ҳимоя қилиш, ахборот эркинлиги, ва умуман олганда ёшларнинг ижтимоий, сиёсий, маданий ҳуқуқларини кафолатлаш бутун дунёда долзарб аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.

    Халқаро ҳамжамият томонидан ҳам ушбу ташаббуснинг долзарблиги тан олинди. Қатор нуфузли халқаро ташкилотлар ва илғор экспертлар мазкур халқаро ҳужжатни ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш ташаббуси билан чиқишди.

    2020 йилнинг 12-13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалалари ҳамда ушбу муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ўтказилаётган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида 80 дан ортиқ халқаро ва ҳудудий ташкилотлар ҳамда 20 дан ортиқ миллий институтлар вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.

    Конвенциянинг қабул қилиниши орқали қандай натижаларга эришишга олиб келади деган ҳақли савол туғилади.

    Аввало, бутун дунёда ёшларнинг ёш тоифасини 18 ёшдан 30 ёшгача этиб белгилаш, ёшларга оид сиёсат соҳасида давлатларнинг халқаро мажбуриятлари ўрнатилади. Бу билан ёшларнинг ёш хусусиятлари бўйича ягона халқаро стандарт белгиланади.

    Белгиланган аниқ мақсадлар ва ўлчов кўрсаткичлари бўйича ёшларнинг ривожланиш истиқболларини намоён этувчи замонавий халқаро модель яратиш орқали халқаро ҳамжамиятда ёшларга оид давлат сиёсатини юритиш бўйича аниқ механизм ўрнатилади.

    Шу билан бирга, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши бевосита “Ёшлар – 2030” БМТ Ёшлар стратегиясини ҳаётга татбиқ этишга ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди.

    Бундан ташқари конвенция бутун дунё ёшларига улар жамият ҳаётида тўлиқ, самарали ва конструктив иштирок этишлари учун ҳақиқий имкониятлар тақдим этади.

    Шунингдек, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши бевосита “Ёшлар – 2030” БМТ Ёшлар стратегиясини ҳаётга татбиқ этишга ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди.

    Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциянинг қабул қилиниши билан келгусида бутун дунё ёшлари ҳаётида янги саҳифа очиши билан бир қаторда, Ўзбекистон ёшларининг дунё ёшлари билан интеграцияси кенг йўл очади.

    Ихтиёр БЕКОВ,

    ТДЮУ Конституциявий ҳуқуқ

    кафедраси доценти, ю.ф.н.

    Бекзод Нариманов,

    ТДЮУ Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий

    ҳуқуқшунослик факультети декани ўринбосари