«Ўзбеккино» Миллий агентлиги ёш киномутахассисларни Москвага  ўқишга жўнатмоқда

    Маданият 28 август 2020 3014

    Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК) имтиҳон комиссияси Россиядаги энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бирида ўқиш учун ўзбекистонлик етти нафар иқтидорли талабаларни танлаб олди.

    Имтиҳон Бутунроссия давлат кинематография институти ва "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ўртасида имзоланган меморандум талабларига мувофиқ равишда танлов асосида ўтказилди. Имтиҳонларни мазкур Кинематография институтининг малакали профессор-ўқитувчилари қабул қилди.
    Эслатиб ўтамиз, имтиҳон онлайн видеоконференция шаклида бўлиб ўтган эди.

    – Мен ўзбекистонлик талабаларнинг ВГИКга ўқишга қабул қилинаётганини “Ўзбеккино" Миллий агентлигининг расмий сайтидан билдим, – дейди талаба бўлиш бахти насиб этган абитуриент Саид Тўлаганов. –Менга Россиянинг энг машҳур олийгоҳларидан бирида қўшимча таълим олиш имконияти берилганидан бахтиёрман. ВГИКда ўқишимдан асосий мақсад энг аввало нетворкинг, яъни соҳа усталари билан кенг доирада фикрлар алмашиш, таниқли режиссёрлар, продюсерлар, актёрлар билан учрашиш ва бевосита ижод қилиш истагимни рўёбга чиқаришдан иборат. Умид қиламанки, бу имконият келажакдаги кино карьерамда сўзсиз бурилиш нуқтаси бўлади. Мен Ўзбекистонга етук мутахассис сифатида қайтиб, муносиб кино асарлари яратишга аҳд қилганман.

    Ёш киноижодкорлар билан учрашувда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган "Ўзбеккино" Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг таъкидлашича, ВГИКда ўқиш учун ўзбекистонлик кино соҳаси ёш мутахассисларини юбориш Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Миллий кино саноатини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорида назарда тутилган вазифаларни бажариш юзасидан амалга оширилаётган навбатдаги тадбирлардан биридир. «Умид қиламанки, бу имконият барчангиз учун катта кино оламига қилажак саёҳатингизни бошланиши учун мустаҳкам зинапоя вазифасини ўтайди. Биз албатта сиз билан алоқада бўлиб турамиз, шунингдек, ўқишингиз давомида "Ўзбеккино” Миллий агентлиги билан ҳамкорликда махсус лойиҳаларни амалга оширишни йўлга қўямиз", – деди Ф. Абдухолиқов.

    ВГИК билан музокаралар 2019 йил октябрь ойидаёқ "Ўзбеккино" Миллий агентлиги томонидан ташкил этилган "Ўзбек киноси кунлари" доирасида Россия Федерацияси Маданият вазирлиги ва Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси ўртасида бўлиб ўтган эди. Йил охирида ВГИК делегациясининг Ўзбекистон халқаро кинофорумига ташрифи чоғида юқоридаги музокараларга доир меморандум ҳам имзоланди.

    – Кириш имтиҳонларини Бутунроссия давлат кинематография институти томонидан қўйилган талаблар ва қоидаларга мувофиқ равишда ўтказиш учун “Ўзбеккино” Миллий агентлиги қошида ишчи гуруҳи тузилди. Мазкур гуруҳ бўлғуси талабаларга режиссёрлик, драматургия, кино операторлик ва продюсерлик йўналиши бўйича қабул имтиҳонларининг муҳим босқичларидан муваффақиятли ўтишга ёрдам берди, – деди ишчи гуруҳ аъзоси Сайёра Худойбердиева.

    – Мен ҳар доим ҳикоялар тўқишни яхши кўрар эдим. Болалигимдан бунга меҳр қўйганим учун сценарийлар ёзардим, – дейди ВГИК драма йўналишининг магистри Гулнора Иванова. – 2018 йилда менинг қисқа метражли фильмим сценарийси Ўзбекистондаги энг яхши питчинг сифатида қабул қилинди. Ва ушбу сценарий бўйича суратга олинган қисқа метражли "Фаввора" фильми Канн қисқа метражли фильмлар кинофестивалида, Венециядаги қисқа метражли фильмлар архитектура фестивалида, Тунисдаги хотин-қизлар кинофестивали ва бошқа кўплаб халқаро фестивалларда қатнашди. Ушбу имконият туфайли мен ҳақиқий кинематография дунёсига тобора кириб боришни, жиддий рақобат ва профессионаллик нималигини чуқур билишни орзу қиламан.

    Эслатиб ўтамиз, “Россотрудничество” ваколатхонаси, "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ва Бутунроссия давлат кинематография институти ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида ўзбекистонлик талабаларнинг 5 йиллик ўқиш учун тўловларини"Ўзбеккино" Миллий агентлиги ва “Россотрудничество” ваколатхонаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тўғрисида битим имзоланган.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates