Афсуски, далалардаги ёнғин ҳавони ифлослантиради. Ёнғин пайтида кўп миқдордаги углерод оксидлари, тутун ва заҳарли газлар атмосферага чиқади. Бу нафақат ҳавони, балки одамлар саломатлигини ҳам хавф остига қўяди.
Ёнғинлар чўллашувни тезлаштиради, ўсимлик ва ҳайвонлар ҳаёт муҳитини йўқ қилади. Қушлар, кичик сут эмизувчилар ва ҳашаротлар жабр кўради.
Айниқса, ёнғиндан кейин ернинг юқори қатлами куйиб кетади, унумдорлик пасаяди. Эрозия кучаяди, суғориш ва қайта тиклаш қийинлашади. Энг ачинарлиси, катта майдонлардаги ёнғинлар глобал исишни кучайтиради.
Дала ёнғинларининг табиий муҳитга катта зарар етказишини кўпчилик билади, аммо бу ҳақда қаерга ва кимга мурожаат қилишни билмайди. Шу боис, “Ўзбеккосмос” дала ёнғинларини кузатиш имконини берувчи портални ишга туширди.
Эндиликда фуқаролар республиканинг қайси ҳудудида дала ёнғинлари содир бўлаётгани, унинг манзили ва ҳажми бўйича https://dalayongini.cmspace.uz (https://dalayongini.cmspace.uz/) очиқ портали орқали тўлиқ маълумот олиши мумкин.
Қолаверса, “Ўзбеккосмос” шу каби салбий ҳолатлар бўйича хабардорликни ошириш мақсадида махсус _@UzCosmos_Yongin_botни ҳам ишга туширди.
У орқали дала ёнғинларига гувоҳ бўлганлар реал вақт режимида суратлар ва манзилларни агентликка юборишлари мумкин.
Хулоса қилиб айтганда дала ёнғинлари табиат учун яширин таҳдид ҳисобланади. Шу боис, табиатга бўлган хавфни камайтириш учун ўз вақтида профилактик чоралар кўриш ва жамоавий масъулият ҳиссини ошириш зарур.