Пандемиядан омон чиқишнинг энг қулай ечими

    Биолог олим сифатида таъкидламоқчиман: яратилаётган ва ҳозир синовдан ўтказилаётган ёки аллақачон фавқулодда фойдаланишга рухсат этилган вакцина турларининг барчаси инсон саломатлигини сақлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Баъзилар айтаётганидек, инсониятга қарши ўйлаб топилган эмас.

    Кенг жамоатчилик ҳамда депутатлар иштирокидаги муҳокамалар хулосаси ва ўтказилган синовлар натижасига кўра, юртимизга Хитойдан бир миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси келтирилди. Бу Хитой ҳамда Ўзбекистон олимлари ҳамкорлигида яратилган, клиник тадқиқотлари олиб борилган, коронавирусга қарши янги рекомбинант вакцинадир.

    Дунёда коронавирус пандемияси бошланган кунлардан бугунга қадар ўтган вақт мобайнида одамларни ушбу хатардан ишончли ҳимоялай оладиган вакцинанинг қачон яратилиши барча давлат ва жамиятларнинг, шу жумладан, юртимиз аҳолисининг энг муҳим ва долзарб саволи бўлиб келди. Вилоят ва туманларга сафарларимиз чоғида ҳам, пойтахтимизда ҳам COVID-19 вирусига қарши вакцина ҳақидаги саволларга кўп дуч келяпмиз. Шунингдек, интернет ва ижтимоий тармоқларда ҳам XXI асрнинг ушбу балосига қарши курашиш усуллари ҳақида жуда кўп савол, фикр ва мулоҳазалар чиқиб турибди.

    Коронавирус пандемиясининг илк кунлариданоқ давлатимиз раҳбари томонидан ўз вақтида амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли COVID-19 пандемиясининг оммавий таъсири бошқа ўлкалардагига қараганда анча оз бўлди. Инсоният аввал дуч келмаган ушбу офатга қарши мамлакатимизнинг барча тегишли тизимлари сафарбар этилгани, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва инфекция тарқалишининг олдини олиш тадбирларининг ўзаро узвийлик, тезкорлик билан жорий қилингани бунинг асосий омилларидан бири бўлди, албатта.

    Пандемия даврида давлатимиз раҳбари билан халқимизга, шифокор ва олимларга бир неча бор мурожаат қилди. Кишиларни бирдамликка, жипсликка чорлаб, аҳоли саломатлигини сақлаш давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири эканини қайта-қайта таъкидлади. Коронавирусга қарши кураш мобайнида бажрилган ишларнинг кўлами ва натижалари, аҳолини COVID-19 га қарши энг самарали ва хавфсиз вакциналар билан таъминлаш борасида Президентимиз, жумладан, шундай деди: “Унинг энг маъқулини топамиз. Бизнинг иқлимимизга мос, халқимизга фойдаси кўпроқ бўладиган вакцинани сотиб оламиз. Ота-бобомиз айтганидек, етти марта эмас, ўн марта ўлчаб, бир марта кесамиз. Халқимизнинг саломатлигини ўйлаш мен учун энг катта масалалардан бири. Синовларни ўтказяпмиз. Қайси синов маъқул бўлса, пулидан қатъи назар, халқимизга керакли миқдорда бу вакцинани албатта етказиб, олиб келамиз”.

    Ўз вақтида, халқ саломатлиги учун узоқни кўзлаб, давлат раҳбари айтганидек, етти эмас, ўн марта ўйлаб, бир кесилган қарорлар натижасида бугун юртдошларимиз саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида режалаштирилган вакцинация тадбирлари бошланиш арафасида. Бу бутун жамоатчилик эътибор қаратадиган, “шахсий фикр”лардан чекиниб, ақл ва ҳамжиҳатликда амалга ошириладиган кенг кўламли тадбирдир.

    Бугун халқимиз орасида “Вакцина нима?”, “У қандай фойдали ёки ножўя таъсирга эга?”, “Самарадорлиги ва хавфсизлиги бўйича таҳлиллар қандай қандай натижа берди?” каби саволларга билиб-билмай муносабат билдириш қизғин тус олди.

    Вакцина нима?

    Вакцина биологик тиббий препарат бўлиб, инсон организмида муайян вирус ёки микробга қарши иммунитет ҳосил қилиши билан қийматлидир. У анъанавий усулда вирус ёки микробларнинг зарар келтиролмайдиган даражада заифлаштирилган ёхуд жонсиз шаклини яратиш орқали олинади.

    Ҳозирги илм-фан ютуқлари вирус ёки бактериядан тўла фойдаланмасдан ҳам вакцина яратиш имконини беради. Бу жараёнда касаллик қўзғатувчи вирус ёки бактериянинг кичик бўлаги биотехнологик усуллар ёрдамида кўпайтирилиб, тозалаб олинади. Ушбу турдаги вакциналар таркибида инфекция қўзғатувчи бўлмагани учун касалликнинг қайталаниш эҳтимоли мавжуд эмас. Вакциналар бизни касалликлардан қандай ҳимоя қилишини билиш учун, аввало, инсон иммун тизимининг ишлаш жараёнини тасаввур қилиш керак.

    Организм қандай курашади?

    Инсон танасининг ҳимоя тизимини ўта тезкор ва замонавий армияга ўхшатиш мумкин. Унга “душман”, яъни вирус ёки бирор микроб (фанда антигенлар деб юритилади) кириб келганида, иммун тизими уни ташқи белгилари (асосан, оқсил қобиғи) орқали таниб олади ва унга қарши антитаначалардан иборат тезкор гуруҳ “аскар”ларини ишлаб чиқаради. Бу жараён ўз-ўзидан, автоматик равишда рўй беради.

    Жонсизлантирилган ёки рекомбинант вакцина инсон танасига юборилганида ҳам шундай жараён содир бўлади: иммун тизими уни аниқлаб, курашувчан махсус “бўлинма”ларни ишлаб чиқаради. Жонли вирусдан фарқи шундаки, у инсон танасида касаллик келтириб чиқаролмайди. Ушбу усул ҳозирги пайтга қадар касалликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг энг самарали усули бўлиб келмоқда. Табиийки, инсон организми доимий микроблар (антигенлар) қуршовида экани эътиборга олинса, бундай иммун тизим ва табиий вакцинация мунтазам равишда танамизни ҳимоя қилиб туради.

    Микробларга қарши тананинг ўзи курашчи (антитаначалар) эканини англаб етиш инсониятга “душман” ҳужумига олдиндан тайёр туриш учун ёвнинг ўзидан (вакцина) фойдаланиш ва ҳужумга қадар инсон танасида мустаҳкам ҳимоя қўрғонларини (антитаначалар) қуриб қўйиш орқали ҳужумдан беталафот чиқиб кетиш (иммунитет) имконини очиб берди. Дунё тарихида илк вакцинация намуналари бундан тахминан минг йил олдин Ҳиндистон ва Хитойда қўлланган деган фаразлар мавжуд. Бироқ ҳақли равишда дунё тиббиётининг отаси деб тан олинган улуғ аждодимиз Абу Али ибн Сино ўнинчи асрдаёқ хавфли юқумли касалликлар билан курашишнинг жуда муҳим қоидаларни инсониятга туҳфа этгани ҳақиқат.

    1025 йилда ёзилган “Тиб қонунлари” асарида буюк аллома юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш учун қирқ кунлик иҳоталаниш зарурлигини айтиб ўтган эди. Абу Али ибн Сино инсоният тарихида биринчи бўлиб касалликларни микроблар келтириб чиқаришини аниқлаган. Одамларда сариқ касаллиги ва Сибирь яраси каби жиддий хасталикларнинг келиб чиқиш сабабларини тушунтириб берган.

    Эмланмаларнинг қандай турлари мавжуд?

    Дунёда вакциналарнинг бир қанча тури мавжуд. Жумладан, уларни мамлакатимизда жорий этилган, чақалоқликдан ўсмирликкача бўлган даврда бажариладиган эмлаш дастурлари орқали яхши биламиз. Табиийки, юртимизда вакцина кириб бормаган хонадон бўлмаса керак. ЖССТ маълумотларига кўра, самарали эмлаш жараёни ҳар йили миллионлаб кишиларни муқаррар хавфли касалликлардан сақлаб қолади.

    Касаллик чақирувчи микробларни кучсизлантириш (ёки ўлдириш) орқали яратилган вакциналар, аввал қайд этилганидек, фаоллиги кимёвий усулда сўндирилган вирусдан иборат. Бу ҳолатда организмнинг мудофаа тизими вирусни тўлалигича “кўради” ҳамда унинг “жавоби” вируснинг қобиғидаги ёпишувчан оқсил ва нуклеопротеинга қаратилади. Коронавирусга қарши яратилган ва фойдаланишга рухсат берилган бундай вакциналарга CoronaVac, Sinopharm, BBIBP-CorV (Хитой), Covaxin (Ҳиндистон) ва КовиВак (Россия) препаратларини мисол қилиб келтириш мумкин.

    Генетик ўзгартирилган тирик вирус вакциналари, қисқача айтганда, ген муҳандислиги усуллари ёрдамида касаллик чақирувчи микроблар геномидан унинг кўпайиши ва юқишига масъул бўлган муҳим генетик компонентлари олиб ташланган ва мазкур ўзгариш орқали умумий шакли сақланган, бироқ тўла зарарсиз ҳолга келтирилган вируснинг ўзидир. Коронавирусга қарши бундай вакциналарга мисол қилиб BCG Vaccine (Нидерландия, АҚШ, Австралия) ва COVI-VAC (АҚШ, Ҳиндистон) эмланмаларини келтириш мумкин. Улар айни пайтда клиник синовлардан ўтказилмоқда.

    Векторли, репликацияланмайдиган (яъни кўпаймайдиган) вакциналар, асосан, лабораторияда ўзгартирилган аденовируслар асосида олинади. Аденовируслар табиатда липопротеин қобиқларига эга бўлмаган умуртқали ҳайвонларда тарқалган вирус бўлиб, кўп ҳолларда одамларда юқори нафас йўллари ва ошқозон-ичак трактидаги инфекцияларга сабаб бўлади. Олимлар томонидан ген муҳандислиги усулида аденовирусларнинг кўпаймайдиган ва биологик жараёнларда ген ташувчи (вектор) штаммлари яратилган. Бу турдаги аденовируслар геномига касаллик чақирувчи микроб (масалан, коронавирус)нинг қобиқ оқсилларини синтезловчи муҳим генини жойлаштириш орқали инсон тана ҳужайрасида “душман” оқсили бўлакчаларини ишлаб чиқариш мумкин. Бундай биологик тузилма ДНКга асосланган аденовирусли рекомбинант вакциналар деб юритилади. Короновирусга қарши бу турдаги вакциналарга Гам-КОВИД-Вак ёки Спутник V (Россия), Convidicea (Хитой), AZD1222 (Швеция, Буюк Британия), COVID-19 Vaccine Janssen (Нидерландия, АҚШ) кабиларни мисол қилиш мумкин.

    ДНК вакциналарининг вирусларга асосланмаган рекомбинант ДНК турлари ҳам мавжуд бўлиб, микроб генлари махсус плазмида векторларига жойлаштирилади. Рекомбинант ДНК тутган плазмидалар бактериал хужайраларда кўпайтириб олинади. Шундан сўнг тозаланиб, тана ҳужайралари ядросига етказиш учун махсус ёғ пардаларига ўралган ҳолда ёки мускул тўқималарига тўғридан-тўғри электропорация (электр майдон таъсирида липидли икки қаватли мембранада тешикларни ҳосил қилиш; ушбу ҳодиса биотехнологияда макромолекулаларни сутемизувчилар, бактериялар ёки ўсимликларнинг ҳужайраларига киритиш учун ишлатилади — муҳаррир изоҳи) усулида киритилади ва микробга қарши антитаначалар ишлаб чиқарилишига эришилади. Ҳозир ўндан ортиқ ана шундай рекомбинант плазмидали ДНК вакцинаси яратилган. Масалан, nCoVв, INO-4800+electroporation, AG0301-COVID19 AnGes/Takara, GX-19 каби эмланмалар иккинчи ва учинчи босқич клиник синовлардан ўтмоқда.

    Шунингдек, коронавирусга қарши вакциналарнинг РНК молекулаларига асосланган турлари ҳам бор. Микробнинг оқсил молекуласи синтезловчи фаол матрицали-РНК молекуласи пробиркаларда кўпайтириб олинади. Инсон танасига киритилиши жараёнида парчаланиб кетмаслиги учун махсус ёғ пардалари (липосома) билан ўралган ҳолда инъекция қилинади. Тана ҳужайраси цитоплазмасига тушган микробнинг фаол м-РНК молекуласини инсон ҳужайрасидаги рибосомалар “таниб”, микробнинг тегишли оқсилини синтезлайди. Бу оқсил (антиген) танага ёт бўлгани учун антитанача ҳосил қилиб, иммунитетни шакллантиради. Бу энг охирги ва жуда қисқа муддатда ишлаб чиқилиши мумкин бўлган вакцина технологияларидан бири бўлиб, коронавирус пандемияси даврида илк марта вакцина яратилишида қўлланди. “Pfizer” ва “Moderna” каби короновирусга қарши кенг фойдаланилаётган вакциналар ана шундай РНК вакциналаридир. Шу билан бирга, РНК молекулаларининг ярим яшовчанлик даври жуда қисқа бўлгани ва фаол ҳолда сақлаш учун камида 70 даража совуқда сақланиши кераклиги ҳисобга олинса, бундай вакциналардан фойдаланиш анча ноқулай.

    Рекомбинант оқсил вакциналари эса биотехнологик усулда вирус ёки микроб қобиғини ҳосил қилувчи муҳим оқсил синтезлаб олинишидан вужудга келади. У организмга юборилганда, вирус ёки микробдан умуман холи, “тоза” оқсилга нисбатан иммун жавоб ҳосил бўлади. Бундай вакциналар бошқа турдаги эмланмалар билан солиштирилганда, энг юқори хавфсизлик профилига ва 2-4 даража ҳароратда фойдаланиш имконига эга. Уларга мисол тариқасида халқимизга яхши таниш бўлган, чақалоқларни Б гепатити вирусига қарши эмлашда кенг қўлланадиган вакциналарни ёки ҳозир коронавирусга қарши ишлаб чиқилган ва фойдаланилаётган ЭпиВакКорона (Россия) ва ZF-UZ-VAC2001 (Хитой ва Ўзбекистон) кабиларни келтириш мумкин.

    Мишмишлар ҳақиқат эмас

    Мазкур мисоллардан дунё олимларининг ақлу-заковати инсониятни қутқариб қоладиган, COVID-19 га қарши эмланма яратишга қаратилганига, бу йўлда қанчалар кўламли иш бажарилаётганига шоҳид бўлиб турибмиз.

    Биолог олим сифатида таъкидламоқчиман: яратилаётган ва ҳозир синовдан ўтказилаётган ёки аллақачон фавқулодда фойдаланишга рухсат этилган вакцина турларининг барчаси инсон саломатлигини сақлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Баъзилар айтаётганидек, инсониятга қарши ўйлаб топилган восита эмас. Вакциналар бир-биридан самарадорлиги, ишлатишга қулайлиги, етказиб беришга тайёрлиги, яъни етарлилиги ҳамда аҳоли орасида таниқлигига қараб ўзаро устуворликка эга бўлиши мумкин. Жумладан, биринчи ва иккинчи клиник синовлардан ўтган вакциналар биологик хавфсизлик жиҳатидан тўла кафолатланади. Улар организмга юборилганда, албатта, жавоб реакцияси содир бўлади. Сабаби, “ҳимоя қўрғонларини қуриш” жараёнида тана ҳужайралари меҳнат қилади. Маълум муддат тезроқ ишлайди. Пировардида, баъзан бу тезлашган биокимёвий жараёнлар кам сонли одамларда ножўя физиологик таъсир (ҳарорат кўтарилиши, ич кетиши, аллергик тошмалар, бош оғриғи каби)ларни келтириб чиқариши мумкин. Буни тўғри талқин қилиб, мутахассис фикрларига таяниб иш юритиш, хулоса чиқариш энг тўғри йўлдир.

    Ўзбекистоннинг ҳиссаси

    Давлатимиз раҳбарининг халқимизга фойдаси кўпроқ тегадиган вакцинадан фойдаланиш ҳақидаги сўзлари замиридаги мазмун-моҳият ҳам холис туриб, барча жараёндан, тадқиқот ва таҳлиллардан хабардорликни талаб этади. Клиник синовларнинг у ёки бу босқичида турган юзга яқин турли-туман вакцина орасидан халқимиз саломатлиги учун энг керакли ва безарарини танлаб, қўллашга ундайди. Бу борада Президентимизнинг “Халқимизнинг саломатлигини ўйлаш мен учун энг катта масалалардан бири” деган сўзлари барча давлат органлари, вазирликлар ва тегишли ташкилотларнинг ходимлари, мутахассислари учун ёрқин намунадир.

    Шу маънода, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти олимлари ҳам хитойлик ҳамкорлар билан янги рекомбинант вакцина устида олиб борилаётган тадқиқотларга ҳисса қўшди. Саъй-ҳаракатларимиз натижасида хитойлик ҳамкорлар Ўзбекистонни мазкур вакцина ҳаммуаллифи деб эълон қилди ва эмланмага ZF-UZ-VAC2001 деб ном берилди. Ушбу салмоқли тадқиқотда мамлакатимиз илм-фан намояндалари ва тиббиёт ходимларининг ўрни алоҳида тилга олинди. Бу янгиланаётган Ўзбекистон илм-фани учун катта эътироф бўлиш баробарида давлатимиз билдирган юксак ишончни оқлаш йўлидаги қадамлардан биридир.

    Ҳозиргача ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан юртимизда етти мингдан зиёд киши эмланган бўлиб, уларнинг ҳар бирида кечаётган ўзгаришлар тўла назоратда. Ваҳоланки, организмга тўлақонли вирус эмас, иммун тизимининг “жавоби”ни ҳосил қилиш учун махсус танлаб олинган вируссиз бўлакчалардан иборат вакцинанинг юборилиши жуда безарар ҳисобланади.

    Иммун тизими “душман” зарраларни ташқи белгиларидан таниб олишини юқорида қайд этдик. Демак, вируснинг қайта комбинацияланган бўлаги кириб келганида ҳам организм деб аталган мамлакатнинг мудофаа тизими барча бўлинмаларга хавф чақириғини юборади. Махсус ишлаб чиқариш масканларида саф-саф бўлиб, вирусга қарши курашадиган тезкор бўлинмалар чиқарила бошлайди. Ушбу маълумотлар иммун тизими хотирасида бир неча ойдан бир неча ўн йилгача сақланиб қолади. Мисол учун, болаларимиз эмланадиган БЦЖ вакцинаси аслида ўта заифлаштирилган сил таёқчаси бўлиб, иммун тизими уни осонлик билан бартараф этади ва бу маълумот унинг хотирасида деярли умрбод сақланиб қолади. Янги туғилган гўдакларни эмлаш дастурига диққат қилинг: фарзандимизни айнан шу эмлаш туфайли турли хавфли касалликлар четлаб ўтади.

    ZF-UZ-VAC2001 рекомбинант вакцинаси ҳам ана шундай — иммун тизимига коронавирусни таниб олиш имкониятини берадиган зарарсиз ген ва оқсил бўлакчаларидан иборат. Шу сабабли ҳам унга рекомбинант, яъни қайта комбинацияланган деб ном берилган.

    Шу ўринда яна бир савол туғилади: мазкур вакцина коронавируснинг мутацияга учраган, яъни ўзгарган шаклларига қарши қандай самара бера олади? Мутацияга учраган вируснинг пайдо бўлиши вакцина самарасиз бўлиб қолишини англатмайди. Бугунги кунда ишлаб чиқилган вакциналар коронавируснинг консерватив (жуда секин ўзгарадиган) оқсиллари асосида тайёрланган. Бу шуни англатадики, агар эмлашдан кейин бемор мутацияга учраган вирусни юқтирса ҳам иммунитети фаоллашади. Иммунитет тизимини енгиб ўтиш учун вирус қатор мутацияларга учраши ва кўплаб оқсилларини ўзгартириши керак.

    Хусусан, ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси айнан коронавирусда кузатиладиган, мутацияга кам учрайдиган вирус “шохчалари”даги рецептор доменига нисбатан антитаначалар ҳосил қилади. Натижада вирус ўз “шохчалари” ёрдамида ҳужайрага кирмоқчи бўлганида антитаначалар бунга йўл қўймайди.

    Коронавирус “шохчалари”даги рецептор домени кам ўзгарувчан бўлгани учун ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси вируснинг “британча” ва бошқа вариант ёки штаммларига ҳам самарали таъсир қилиши тажрибаларда ўз исботини топди.

    Коронавирус балосига қарши курашиш учун давлатимиз барча имкониятларни қўллаш устида тинмай изланмоқда. Дунёнинг юзлаб лабораторияларидаги минглаб олимлар унга қарши кураш усуллари устида тадқиқот ўтказяпти. Зеро, пандемия одамлар олдига ҳаёт тарзини оптималлаштириш, янги ижтимоий муносабатларни жорий қилиш каби турли-туман вазифаларни қўйди. Мураккаб вазият инсонлар саломатлигини тўла муҳофаза қилган ҳолда ижтимоий муносабатларнинг аввал кўрилмаган, янада самарали усулларини топиш ва татбиқ этишга сабаб бўлди. Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатимизда бундай янги муносабатлар тезкор ва ҳамжиҳат фаолият натижасида қарор топди.

    Айни кунларда дунёда инсон заковати, қобилияти ва истеъдоди нималарга қодир экани синовдан ўтмоқда. Давлатимиз раҳбарининг илм ўрганиш, илм-фаннинг янги марраларини эгаллашга қаратилган чорловлари нақадар чуқур мазмун-моҳиятга эгалиги яна бир карра ўз исботини топмоқда.

    Ҳа, оддий чанг заррасидан миллион марта кичик, кўзга кўринмас бу офат билан фақат ақл-заковат, билим билангина курашиш мумкин. Мамлакатимиздаги илм-фан фидойилари билдирилган юксак ишончни тўла оқлашига шубҳа йўқ. Шунингдек, илм-фан борасидаги туб ислоҳотлар, мамлакат ёшларининг билим олиш ва яратувчанликка бўлган иштиёқининг қўллаб-қувватланиши келгусида янгидан-янги самараларини намоён қилади.

    Эмланиш нега зарур?

    Шу ўринда энг кутилган — “Эмланиш зарурми?” деган ҳақли саволга жавоб бериш палласи келди, назаримда. Жавоб оддий — эмланиш шарт! Сабаби, биринчидан, ўта зарарли, заҳарли ва ҳатто ўлимга олиб бораётган коронавирусни танамизга қабул қилиб, уни вужудимиз енгиб, чиқариб юбормагунгача кутишдан, бу “катта жанг”да организмимизни батамом ҳолдан тойдириб, кейинчалик турли бошқа касалликлар (инфаркт ва инсульт каби) орттириб олишимизга сабабчи бўлгандан кўра, бир-икки кунда ўтиб кетадиган, оддий ножўя таъсири бўлса-да, коронавирусдан тамомила холи вакциналар ёрдамида ўзимизни, оила аъзоларимизни, яқинларимизни ва халқимизни эмлаган минглаб карра афзал.

    Иккинчидан, коронавирус пандемиясининг янги тўлқинига тутилиб, вирус юқтириб олган яқинларимизни узоқдан кузатиб туришдан, яна карантин чекловларини жорий қилиб, фарзандларимизни мактабларга юбормай уйга қамаб, орзу-ҳавасли дамларини чеклаб туришдан ва энг ёмони, ўзимиз ва мамлакат иқтисодиётининг издан чиқиши, жамиятимизда ҳукм сураётган янгиланиш жараёнларининг секинлашувига сабабчи бўлишдан кўра, вакциналар билан эмланиш ақл ва мантиққа мос бўлган энг тўғри қарордир. Зеро, барчамиз инсониятнинг бир йилдан зиёд вақт мобайнида коронавирусдан қай даражада азият чекканига гувоҳмиз. Пандемия эса, афсуски, ҳали давом этмоқда.

    Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

    инновацион ривожланиш вазири, академик

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates