Парламентлараро ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама этилди

    Халқаро ҳамкорлик 5 декабр 2023 893

    Жорий йил 4-декабрда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Остона шаҳрига амалий ташрифи доирасида Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев ҳамда Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси Раиси Ерлан Кошанов билан учрашувлар ўтказди.

    Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатларида парламентлараро ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Шу боис икки мамлакат вакиллари доимий равишда ўзаро мулоқот олиб боради.

    Бу галги учрашувларда ҳам ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари яна бир бор муҳокама этилди.

    Хусусан, давлатларимиз ўртасида юқори даражада эришилган келишувларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш учун қонун ижодкорлигига эътибор қаратиш ҳамда парламент назорати доирасида уларнинг ижросини таъминлашга кўмаклашишга келишиб олинди.

    Маълумки, Марказий Осиё мамлакатлари барча соҳаларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келяпти. Шу жумладан, парламент йўналишида ҳам. Шу нуқтайи назардан 2024-йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатларининг парламентлараро форуми юзасидан фикр алмашилди.

    Қозоғистон Парламенти вакиллари Тошкентда 30-ноябрда ўтказилган Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича II Глобал форум натижаларини юқори баҳолади.

    Томонлар қўшма ташаббусларни илгари суриш амалиётини давом эттириш, шунингдек, халқаро парламент тузилмалари ва бир қатор бошқа халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга келишиб олди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.