Парламентнинг ролини оширишга қаратилган ислоҳотлар натижасини нималарда кўриш мумкин?

    Мамлакатимизда 22 март 2022 1004

    Сўнгги беш йил парламент фаолиятида фаол ислоҳотлар даври бўлди. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга жорий қилинган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида Қонунчилик палатасининг фаолияти ҳам том маънода янги мазмун-моҳият билан бойиди.

    Яъни, Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳаларда амалга оширилган туб ислоҳотлар парламентимиз фаолиятида ҳам акс топди. Қонунчилик палатаси депутатларининг қонун ижодкорлиги, парламент назоратидаги роли ва фаоллиги сезиларли даражада кучайди.

    Миллий парламент ҳақиқий демократия мактабига айланди

    2017 йилнинг 12 июль куни Юртбошимизнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида “Парламент ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак”лиги ҳақидаги олижаноб ғояни илгари сурилган эди.

    Сўнгги 5 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари фаолияти воқеликларга бой ва сермаҳсул бўлди. Парламентимиз ҳаётидаги асосий сиёсий воқеалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-2020 йиллар давомида тўрт маротаба парламентга ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномаси билан узвий боғлиқ ҳолда кечди.

    Президентимиз томонидан ҳар йили парламентга Мурожаатнома йўллаш институти замонавий Ўзбекистондаги муҳим воқеликка айланиб, мамлакатимиз сиёсий тизимида катта аҳамият касб этмоқда. Ҳар бир Мурожаатномада белгиланган устувор вазифа ва йўналишлар парламентимиз фаолиятига замонавий ёндашув ва мутлақо янгича маъно-мазмун олиб кирди. Бунинг натижасида, Олий Мажлис фаолиятининг шаффофлигини ва унинг халқ олдидаги ҳисобдорлигини ошириш, фуқароларнинг мурожаатларига дарҳол муносабат билдиришнинг таъсирчан механизмини ўрнатиш, одамларни безовта қилаётган муаммоларга янада кўпроқ эътибор қаратилишини таъминлаш парламент фаолиятини такомиллаштиришнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган устувор йўналишига айланди.

    Айтиш керакки, халқ сайлаган вакиллик органлари – парламент ва халқ депутатлари кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли, ўрни ва аҳамияти ўтган қисқа фурсат ичида тубдан ўзгарди. Олий Мажлис палаталарининг, сиёсий партияларнинг ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилиб, парламент ва жамоатчилик назорати институтининг янги шакллари амалиётга кириб келди.

    Бугун айнан парламент фаолиятида аҳоли манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, халқни анчадан буён ўйлантириб келаётган муаммоларга тез фурсатларда барҳам бериш, мавжуд муаммолар туб илдизини чуқур таҳлил қилиш, энг муҳими, буни ишлаб чиқилаётган қонунларда акс эттириш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу эса ҳар бир фуқаронинг жамият тараққиётига дахдорлиги юксалиб бораётгани, қабул қилинаётган қонунлар уларнинг ҳаётига ўзгаришлар олиб киришига ишончи мустаҳкамланаётганини кўрсатади.

    Буни катта масъулият дея қабул қилган ҳолда миллий парламент ўз олдига устувор вазифаларни бажариш учун аниқ чора-тадбирлар дастури ҳамда унинг ўз вақтида ижро этилишини таъминлашга қаратилган иш режаси асосида қатор муҳим ва тизимли ўзгаришларни амалга оширди.

    Парламент назоратининг таъсирчанлиги ошиб бормоқда

    Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан сўнгги йилларда парламент назоратининг таъсирчан шакллари жорий этилди. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «ижро ҳокимияти идоралари фаолиятини назорат қилишда Президентнинг асосий кўмакчилари ким? Албатта, сиз, муҳтарам депутат ва сенаторлар», деган олижаноб фикри бугунги кунда барча халқ вакиллари учун дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

    Парламент назорати давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан жавобгарлигини оширувчи энг муҳим институт сифатида шаклланди.

    Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан парламент назоратининг таъсирчан шакллари жорий этилди. Парламент фаолияти тарихида илк бор 2018 йилда Қонунчилик палатаси мажлисларида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш – “ҳукумат соати” институти киритилди. 2019 йилнинг 1 апрель кунидан Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш тартиби йўлга қўйилди. Парламент қуйи палатасига ҳукумат аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш ваколати берилди.

    Бундай ваколатнинг парламентга берилиши халқ ҳокимиятчилигининг яққол ифодаси бўлиб, айни чоғда парламентга катта масъулият ҳам юклайди. Эндиликда халқ вакиллари Ҳукумат аъзосини маъқуллаш орқали унинг фаолияти билан боғлиқ улкан масъулиятнинг тенг ярмини ўз зиммасига олади. Шундан келиб чиқиб, депутатлар номзодни фақат маъқуллаш билан чекланиб қолмайди, аксинча рад этиш ҳуқуқига ҳам эгадир.

    Лўнда қилиб айтганда, ҳар бир стратегик ва халқаро аҳамиятга эга бўлган масалаларни муҳокама қилишда парламентнинг фикрини олишга катта аҳамият берилмоқда.

    Қонунларнинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи халқ бўлмоқда

    Қонун ижодкорлиги – парламемент фаолиятининг энг муҳим, биринчи галдаги вазифасидир. Мамлакатимизни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси норма ижодкорлиги фаолиятига замонавий ёндашув ва мутлақо янгича мазмун-моҳият олиб кирди.

    Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишнинг янги, демократик шаклларини жорий этиш, қонун лойиҳалари кенг жамоатчилик вакиллари ва экспертлар доирасида муҳокамалардан ўтказиш, шунингдек қонун лойиҳаларининг халқаро шартнома ва рейтингларга мослигини ўрганиш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.

    Айни пайтда, миллий парламент қонун ижодкорлиги фаолиятида “қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт” деган устувор тамойилни белгилаб олди. Бунинг ёрқин мисоли сифатида парламент аъзоларининг муҳим ижтимоий, социал-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг барча босқичида уларни жойларда фуқаролар билан кенг муҳокама қилиш, аҳолининг фикр-мулоҳазаларини бевосита жойига чиқиб ўрганиш ва кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларини шу асосда такомиллаштириш амалиёти тизимли йўлга қўйилди.

    Яна бир мисол. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2018 йилнинг 20 апрель кунидан бошлаб “Mening fikrim” махсус веб-портали орқали Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига электрон жамоавий мурожаат қилиш тартибини жорий этилди. Ушбу веб-порталга фуқаролардан 935 та электрон жамоавий мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан таълим, қурилиш, тадбиркорлик, туризм, cоғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик каби соҳаларга оид 94 та электрон жамоавий мурожаат веб-порталга жойлаштирилди. Фуқаролар томонидан 2,5 мингга яқин изоҳлар қолдирилди. Мурожаатлардан 4 таси етарли овоз тўплади. Улардан 2 таси Олий Мажлис палаталари ва 2 таси Вазирлар Маҳкамаси ваколатига тааллуқлидир.

    Парламентда норма ижодкорлиги фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида 2019 йилда Олий Мажлис палаталари юридик хизматлари негизида Юридик бошқармалар ташкил этилганлиги муҳим аҳамият касб этди.

    Рақамларга эътибор берсак, агар 2015 йилда депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида бор-йўғи 8 та, 2016 йилда 11 та қонун лойиҳалари киритилган бўлса, қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини яхшилаш борасида тизимли ишлар амалга оширилиши натижасида, 2017 йилда ушбу рақам 27 тани, 2018 йилда 23 тани ва 2020 ва 2021 йилларда 24 тани ташкил этди. Бу Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳаларининг ўртача 14-15 % ташкил этади. Миллий парламентимизда бундай кўрсаткич аввал бўлмаган.

    Қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишларни бутунлай янгича асосда ташкил этиш юзасидан кўрилган чоралар натижасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги масъулияти оширилди. Эндиликда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинаётганда, қоида тариқасида, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ёки унинг вакили маъруза билан чиқиши белгиланди. Бу эса, қонун лойиҳасининг биринчи ўқиш жараёнидаги муҳокамасини том маънода жонлантирди.

    Ўтган даврда яна бир янгилик – қонун лойиҳаларининг халқаро шартномаларга, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсияларга мослигини ўрганиш амалиёти йўлга қўйилди.

    Яна бир муҳим жиҳат. Парламентда тўғридан-тўғри амалиётга татбиқ этиладиган қонунларни тайёрлашга жиддий киришилди. Тўғрисини айтганда, кўпчилик парламентнинг тўғридан-тўғри амал қилиш механизмига эга қонунларни ишлаб чиқишига шубҳа билан қараган эди. Парламент бунинг уддасидан чиқди. Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йилда жами 96 та Қонун қабул қилиниб, маъқуллаш учун Сенатга юборилган. Шундан 33 таси янги қонун, 43 таси яхлит қонун, 14 таси жамланма (44 та қонун лойиҳасини ўз ичига олган) қонун ҳамда 6 таси халқаро шартномалар ва битимларни ратификация қилишни назарда тутувчи қонундир.Таққослаш учун айтсак, 2015 йилда бор-йўғи 60 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, 15 та алоҳида қонун ва 32 таси эса 4 та қонунга бирлаштирилиб, жамлама қонунлар таркибида қабул қилинган, холос.

    Шунингдек, ўтган даврда норма ижодкорлиги соҳасида эришилган ютуқлардан яна бири шуки, муайян соҳага тааллуқли ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга соладиган бир нечта қонунлар ўрнига, ягона кодекс қабул қилиш амалиёти муваффақиятли жорий қилинди. Фуқаролик процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, Иқтисодий процессуал кодекс, Сайлов кодекси, Солиқ кодекси каби муҳим ҳужжатлар шулар жумласидандир.

    Албатта, ҳозир ҳам ушбу амалиёт бир жойда тўхтаб қолгани йўқ. Айни пайтда норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси асосида 5 та янги кодекс – Соғлиқни сақлаш, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги, Экология, Ахборот, Тадбиркорлик кодекслари лойиҳаси, 7 та амалдаги кодекснинг янги таҳрири, яъни Фуқаролик, Жиноят, Жиноят-ижроия, Жиноят процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари лойиҳалари устида ишлар амалга оширилмоқда.

    Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилган қонун лойиҳалари сони ўрта ҳисобда қарийб 2,8 бараварга ошди. Хусусан, агар 2016 йилда қуйи палата 62 та қонун лойиҳасини кўриб чиққан бўлса, 2018 йилда бу рақам 173 тани, 2020 йилда 149 тани, 2021 йилда 156 тани ташкил этди. Ўтган давр мобайнида палатага киритилган 68 та қонун лойиҳалари қайта ишланиб, 60-85 фоизгача ўзгартирилди.

    Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги масъулияти оширилди. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга оширишнинг аниқ тартиби белгиланди. Эндиликда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинаётганда, қоида тариқасида, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ёки унинг вакили маъруза билан чиқиши белгиланди. Натижада қонун лойиҳасининг биринчи ўқиш жараёнидаги муҳокамаси том маънода жонланди.

    Ушбу амалиётнинг жорий этилиши ташаббускор идоранинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш бўйича масъулияти янада ошишига, лойиҳалар сифатининг яхшиланишига, субъектларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги фаоллигини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

    Ўтган даврда Қонунчилик палатаси мажлисларида қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиш жараёнида ташаббускор идоралар ёки уларнинг вакиллари маъруза билан чиқиб, лойиҳаларни ҳимоя қилдилар. Қонун лойиҳасининг аҳамиятини депутатлар олдида асослаб бера олмаган лойиҳа ташаббускор идорага қайтарилди.

    Қонун лойиҳаларининг халқаро шартномаларга, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсияларга мослигини ўрганиш амалиёти йўлга қўйилди.

    Бу мамлакатимизнинг халқаро ҳуқуқдаги мажбуриятларининг тўлақонли бажарилишига эришиш, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, пировардида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.

    Пандемия парламент масъулиятини янада оширди

    Қонунчилик палатасининг сўнгги йилларлдаги фаолияти мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан янада ривожлантириш, юртимизда замонавий демократик ва ҳуқуқий давлатни ҳамда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларининг мустаҳкам кафолатини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилди.

    Қонунчилик палатаси мамлакатимиз Президентининг юқорида қайд этилган Нутқлари ва парламентга Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифа ҳамда йўналишларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган амалий чора-тадбирларни амалга оширди.

    Қайд этиш жоизки, жорий йилда бутун дунёни ташвишга солган коронавирус пандемиясига қарши курашиш масаласи мамлакатимизда ҳам кун тартибидаги энг долзарб мавзулардан бирига айланди. Бироқ пандемия сабабли юзага келган ўта мураккаб шароитда ҳам Олий Мажлис палаталари ўз ишини бир кун ҳам тўхтатмай, давом эттирди.

    Карантиннинг дастлабки кунлариданоқ парламент мамлакатимиз Президенти томонидан белгиланган чора-тадбирларнинг ҳуқуқий асосларини таъминлашга қаратилган ўта муҳим қонунлар қабул қилди. Пандемия туфайли парламент фаолиятига мутлақо янгича иш услублари кириб келди. Яъни, Олий Мажлисдаги барча мажлислар, учрашув ва тадбирларни видеоконференция шаклида ўтказиш йўлга қўйилди. Депутатлар ҳам ўз сайловчилари билан масофавий ишлашга ўтди. Сайлов округларидаги ишлар ҳам онлайн алоқа воситалари орқали ташкил этилди.

    Парламентнинг ўтган даврдаги фаолиятида айниқса коронавирус пандемияси муносабати билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони ва қарорларида белгиланган имтиёзлар ва енгилликлар жойларда қандай татбиқ этилаётганлиги, жумладан, ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни ҳал қилиш, коронавирус пандемияси даврида фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳолининг тиббий хизматлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди.

    Шунингдек, белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда ҳамда Олий Мажлис палаталарида тасдиқланган дастур ва режаларга мувофиқ фаолиятнинг қонун ижодкорлиги, парламент назорати, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, шунингдек қуйи палатанинг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш каби муҳим йўналишларни янада такомиллаштириш юзасидан муайян ишлар олиб борилди.

    Хулоса

    Умуман олганда, фуқаролар манфаатларини ифодаловчи том маънода ҳақиқий демократик орган сифатида шаклланган, давлат ҳокимияти органлари тизимида муносиб ўрин эгаллаган, мамлакатда амалга оширилаётган улкан ва кенг кўламли ислоҳотларга жалб этилган парламент келгусида ҳам халқимиз фаровонлиги, Ўзбекистонни дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига кўтаришга қаратилган Янги тараққиёт йўлининг фаол иштирокчиси бўлиб қолади.

    Ихтиёр БЕКОВ

    Тошкент давлат юридик

    университети профессори,

    юридик фанлари доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates