Парламентнинг салоҳиятини янада ривожлантириш ва ролини кучайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди

    Аввал хабар берганимиздек, Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Европа Иттифоқининг “Inter Pares” глобал дастури ўртасида ҳамкорлик бўйича лойиҳанинг расмий бошланишига бағишланган анжуман бўлиб ўтмоқда.

    Унда сенаторлар, “Inter Pares” глобал дастури вакиллари, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, Венгрия, Словакия, Франция Германия, Кипр, Чехия, Литва каби мамлакатларнинг парламентлари вакиллари ҳамда Европа Иттифоқига аъзо бир қанча давлатларнинг дипломатик корпуси вакиллари иштирок этди.

    Тадбирнинг иккинчи куни иштирокчилар сессияларга бўлинган ҳолда маҳаллий бюджет ижросини назорат қилиш, “электрон парламент” тизимини жорий этиш, гендер тенгликни таъминлаш, ёшлар билан ишлаш каби масалаларни муҳокама қилди.

    Хусусан, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Э. Гадоев Сенатнинг маҳаллий бюджет ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари устидан парламент назоратини амалга ошириш борасидаги фаолиятига батафсил тўхталиб ўтди. Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан барча даражадаги бюджетларни шакллантириш ва Давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш жараёнида фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари амалга оширилаётганини таъкидлади. “Ташаббусли бюджет” жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш устидан парламент назоратини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан “Туман (шаҳар) бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтирилган тартиби тўғрисидаги” Намунавий низом тасдиқланган.

    Сессия давомида Литва, Франция, Венгрия, Чехия ва Кипрнинг молиявий назорат соҳасидаги тажрибаси ўрганилди.

    Сенаторлар халқаро ҳамкорлар билан электрон парламентга ўтишдаги муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари юзасидан фикр алмашди. Электрон парламент ва рақамли трансформация режалари муҳокама этилди.

    Жумладан, Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Ф. Боқиев Ўзбекистон Республикаси қонунчилик амалиётида “Электрон парламент” дастурий комплексини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор амалий таклифларни илгари сурди. Парламентда очиқ электрон ва архив ҳужжатлари базасини шакллантириш мақсадида етакчи Европа давлатларининг (Франция, Латвия, Кипр, Венгрия) тажрибасини ўрганиш, Европа мамлакатлари парламентларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини кўриш, фуқароларнинг қонунчиликдаги роли билан яқиндан танишиш каби фикрлар таклиф этилди.

    Халқаро ҳамкорлар Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Республика комиссиясининг иш механизми билан қизиқди.

    Ёшлар билан ишлаш масалаларига бағишланган сессия муҳокамасида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари

    Д. Ташмухамедова мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш, ёшларга бўлган эътибор барча даражадаги давлат органларида устувор йўналиш ҳисобланишини таъкидлаб ўтди. Ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича 50 дан ортиқ норматив ҳужжатлар қабул қилингани ҳам буни тасдиқлайди.

    Форум иштирокчилари Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламентининг мақсад ва вазифалари билан ҳам таништирилди.

    Анжуман иши якунлари бўйича парламентнинг салоҳиятини янада ривожлантириш ва ролини кучайтириш, тажриба алмашиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.