Педагогика университетида “Карьера маркази” очилди

    Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг барча туманларидаги бўш иш ўринлари электрон базаси яратилди. У орқали талабалар ўзи яшаётган тумандан мос иш ўрнини топиши мумкин.

    Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ёшлар учун “Карьера маркази” ташкил этилди. Марказ талабаларга, айниқса, битирувчиларга ҳозир мавжуд бўлган бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар бериб боради.

    Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг барча туманларидаги бўш иш ўринлари электрон базаси яратилди. У орқали талабалар ўзи яшаётган тумандан мос иш ўрнини топиши мумкин. Электрон база ҳар ойда янгиланади ва унга янги бўш иш ўринлари киритиб борилади.

    Марказнинг очилиш маросими ҳамда унинг мақсад ва вазифаларига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимлари, университет раҳбарияти, талабалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Талабалар ўзлари қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.

    Марказнинг мақсади иш излаётган талабаларни ярим кунлик иш билан таъминлаш, касбий ўсиши, иш берувчилар билан ўзаро алоқаларини ривожлантиришдан иборат. Вазифалари эса университетда бўш иш ўринлари ярмаркалари ва ўқув-семинарлар ўтказиш, талабалар учун касбий синовлар ташкил этиш ва уларни касбга йўналтириш, иш берувчилар билан ҳамкорликдан иборат.

    Марказ бўш иш ўринлари учун талаб этилаётган билим, кўникма ва малакадан талабаларни хабардор қилиб боришни асосий вазифа қилиб белгилайди. Ушбу хизматда талабалар учун келгусида касб танлаш, суҳбат жараёнида асқотадиган тавсия ва вақт унумдорлигини оширувчи маслаҳатлар ҳавола этилади. Бундан ташқари, ёшларнинг ишга муносабати ва ёндашувини аниқлаб берадиган тестлар тўплами киритилади.