Пешкўда “Қалъа” ва “Чибоғони” МФЙ маъмурий бинолари фойдаланишга топширилди

    Маҳалла — миллий қадриятлар бешиги, тарбия ўчоғидир.

    Юртимизда маҳалла институтининг самарали фаолиятини ташкил этиш мақсадида жойлардаги ўзини ўзи бошқариш органлари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор кучайтирилди. Биргина Бухоро вилоятининг Пешкў туманида 37 та маҳалла фуқаролар йиғинининг талаб даражасида фаолият юритиши учун кенг қамровли чора-тадбир ишлаб чиқилган ва бу жараёнда аҳоли, айниқса, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилалар, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Икки ой илгари туман марказидан салкам 20 километр узоқликдаги «Қалъа» ҳамда “Чибоғони” маҳаллаларининг маъмурий биноларини қайта қуриш ишларига киришилганди, деб хабар беради Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

    — Ҳудудимизда 485 хонадон, 718 оила ва 2 минг 700 га яқин аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, улар ташвиш ва муаммоларини тизимли ҳал қилишда маъмурият учун ҳам рисоладагидай шарт-шароитга муҳтож эдик, – дейди “Қалъа” МФЙ раиси Комил Чориев. — Мавжуд биномиз эса ўтган аср етмишинчи йилларида қурилган ва кўп йилдирки, ташландиқ ҳолда ётганди. Умумий 15 сотихни эгаллаган майдоннинг 2 сотихини эгаллаган пишиқ ғиштли бинони қайта таъмирлаб, 6 та хонани рисоладагидай кўринишга келтиришда ҳиммати баланд юртдошларимиз яқиндан кўмаклашди. Бу юмушларга 50 миллион сўм атрофида маблағ сарфланган бўлса, туман ҳокимлиги томонидан иш стол-стуллари ва шкаф тортиқ қилинди. Бинода 47-сонли Милиция таянч пункти билан бирга ҳудуддаги ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида аёллар тикув цехи ҳам иш бошлагани айни муддао бўлди.

    Худди шундай, бугун Дегдовон, Чибоғони, Саричашма ва Чалмагадой қишлоқларини қамраган “Чибоғони” МФЙ да ҳам кўп йиллик муаммо ўз ечимини топди. Барпо этилганига 50 йилдан ошган икки қаватли мустаҳкам бино қайта чирой очди.

    — Ўнга яқин хизмат хонаси ораста кўринишга келтирилиб, ҳудуд профилактика инспектори ҳамда ветеринария хизмати шахобчаси ҳам мазкур иншоотдан ўрин олди, – дейди МФЙ раиси Улфат Худойбердиев. — Замонавий маҳалла биноси билан бирга, унинг олдидаги 4 сотихли экин ери кўкаламзорлаштирилиб, сўлим боққа айлантирилди, стол-стул, шкаф ҳамда компьютер жамланмаси берилди. Эндиликда 4 минг 200 дан ортиқ аҳоли яшаётган ҳудудда аҳоли билан ишлашда бизга яратиб берилган шарт-шароитга муносиб фаолият кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates