Аниқланишича, 2025 йил 24 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги давлат мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари туман тиббиёт бирлашмаларига соғлиғидаги қатор шикоятлар (тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниши ва ич кетиши) билан мурожаат қилган.
Дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга зарурий муолажалар амалга оширилган ҳамда шу куннинг ўзида аксарият болаларнинг соғлиғи яхшилангани туфайли уйларига жавоб берилган, оғир аҳволдаги беморлар аниқланмаган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги вилоят бошқармаси ҳамда Пискент, Бўка ва Оққўрғон туман бўлимлари мутахассислари томонидан ДМТ муассасаларининг ошхоналари кўздан кечирилиб, болалар суткалик истеъмол қилган таомлардан олинган намуналар лабораторияларда тегишли тартибда текширилмоқда.
Болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ ҳар қандай вазият мутасадди идораларнинг алоҳида назоратида ўрганилади.
Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан ҳолат бўйича ўз кузатувини давом эттиради.








