Покистонда масжид портлаши оқибатида 28 киши ҳалок бўлди

    150 га яқин одам касалхонага ётқизилган, баъзиларининг аҳволи оғир. Полиция худкушлик ҳужуми эҳтимолини истисно қилмаяпти.

    Покистоннинг Пешовар шаҳридаги масжидда юз берган портлаш оқибатида 28 киши ҳалок бўлди.

    Таъкидланишича, яна камида 150 киши касалхонага ётқизилган, улардан баъзиларининг аҳволи оғир. Ярадорлар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам кўп.

    Пешовар полицияси бошлиғи Ижоз Хоннинг сўзларига кўра, масжид полиция штаб-квартираси ва терроризмга қарши кураш бўлимини ўз ичига олган мажмуада жойлашган.

    Унинг қўшимча қилишича, худкушлик ҳужуми эҳтимолини инкор этиб бўлмайди – масжид ичидан портловчи моддалар излари топилган.

    Ҳодиса пешин намози вақтида, бинода камида 260 киши бўлган вақтда содир бўлган. Масжиднинг бир қисми қулаган, вайроналар остида одамлар бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

    Ҳозирча ҳеч қайси ташкилот ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.