Польшанинг расмий, эксперт, ишбилармон ва илмий доиралари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

    Халқаро ҳамкорлик 2 декабр 2022 972

    2022 йил 30 ноябрда мамлакатимизнинг Варшавадаги Элчихонасида Польша парламенти вакиллари, экспертлар, ишбилармонлар, академик ва журналистлар доиралари, шунингдек, Ўзбекистон-Польша муносабатларини ривожлантириш масалаларига жалб этилган Польшанинг вазирлик ва идоралари ходимлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди (жами - 50 дан ортиқ киши).

    Учрашувда иштирокчиларга «Янги Ўзбекистонни» ривожлантириш стратегиясининг мазмун-моҳияти, конституциявий ислоҳот, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳнамолигида мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, Ўзбекистон билан Польша ўртасидаги савдо ва инвестициявий алоқаларни кенгайтиришнинг салоҳиятли йўналишлари ҳақида сўз юритилди.

    Польша ишбилармон ва расмий доиралари вакиллари Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва ташқи сиёсатдаги туб ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади.

    «Польша – Осиё» Савдо-саноат палатаси президенти Януш Пиечочинский (Польша бош вазирининг собиқ ўринбосари, иқтисодиёт вазири) сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар жадал ривожланаётганини таъкидлади.

    – Барча соҳаларда, жумладан, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун катта имкониятлар мавжуд.

    Ўзбекистон ва Польша Марказий Осиё ва Шарқий Европанинг асосий давлатлари ҳисобланади. Улар Европа, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида «кўприк» ролини ўйнаши мумкин.

    Бугунги кунда Польша иқтисодиёт бўйича Европада 6-ўринда, дунёда 22-ўринда. Польша Ўзбекистондаги тараққиёт, мамлакат раҳбарияти томонидан хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни катта қизиқиш билан кузатяпти.

    Шунингдек, биз Польшада меҳнат миграцияси соҳасида (Польша бозорида 5-6-ўринларда) Ўзбекистон фуқаролари сонининг (тахминан 20 минг) ортиб бораётганини кўряпмиз», — деди у.

    Ўзбекистоннинг Познан шаҳридаги фахрий консули, Варшава бошқарув университети ректори Павел Чарнетский таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги даражасини юқори баҳолади.

    – Бугун Ўзбекистон бутун дунёга улкан салоҳиятни намойиш этяпти. Университетимиз Осиёда, яъни Андижонда ўз филиалини очган биринчи Польша университетидир. Биз учинчи йилдирки муваффақиятли ишлаяпмиз ва ўзбек ёшларининг Европа таълим тизимига қизиқишини кўриб турибмиз. Биз инсон капитали ва таълимга сармоя киритганимиздан фахрланамиз. Ўзбекистон ёшлар саводхонлигининг юқори даражасини кўрсатаётгани мамлакат эртанги кун муваффақиятининг кафолатидир, – деди П.Чарнетский.

    Польша аёллари лигаси бошқаруви раиси Алдона Михаляк Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакатлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга қизиқиш билдирди.

    –Ўзбекистон ёшлари мамлакат тараққиёти йўлидаги ҳаётий жараёнларда фаол иштирок этаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Ўрта ва юқори лавозимларга асосан эркин, ижодий фикрлайдиган ёшлар жалб этилган.

    Хотин-қизлар ташкилотларимиз фаол ҳамкорлик қиляпти, маданият ва таълим соҳаларида гендер лойиҳалари устида ҳамкорликда ишлаяпмиз. Халқ дипломатияси мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун мустаҳкам кўприкдир».

    Польша Савдо-саноат палатаси Халқаро ҳамкорлик департаменти директори Ежи Дрожд иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Польша HAK 7-йиғилишида (2021 йил 14 апрель) эришилган келишувларни амалга ошириш зарурлигини маълум қилди. Хусусан, икки мамлакат Савдо-саноат палаталари Ўзбекистон-Польша ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш масаласи устида ишлаяпти. Унинг сўзларига кўра, бундай механизмлар Польша учун стратегик аҳамиятга эга бўлган қатор давлатлар билан аллақачон ишга туширилган ва улар катта самара беряпти.

    Й.Дрожд Польша томонининг 2023 йил май ойида бўлиб ўтадиган иқтисодий ҳамкорлик бўйича HAK 8-йиғилишида имзолаш учун инвестиция шартномалари ва экспорт шартномаларининг мустаҳкам тўпламини тайёрлашдан манфаатдорлигини билдирди.

    Учрашув якунида Польша ишбилармон ва илмий доираларининг бир қатор фаол вакиллари, эксперт ва журналистлар Ўзбекистон-Польша ҳамкорлигини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг дипломлари билан тақдирланди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates