Помидор вакцинаси ишлаб чиқаришга қачон татбиқ этилади?

    Фан 22 октябр 2021 2133

    Вакцина олиш керакми ёки йўқ? Қайси бирини танлаган маъқул? Шу каби саволлар кўпайган ва кўпчилик иккиланган бир пайтда ўзбекистонлик олимлар танновул қиладиган вакцина лойиҳасини тақдим этганидан хабарингиз бор.

    Биз ижодий жамоамиз билан бу лойиҳа устида иш олиб борилаётган лабораторияга ташриф буюрдик. Саволларимизга Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Геномика ва биоинформатика маркази директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Мирзакамол Айюбовдан жавоб олишга ҳаракат қилдик.

    — Помидор вакцинаси ғояси қачон ва қандай пайдо бўлган?

    — Бу ғоя фанда янгилик эмас. Қолаверса, коронавирусга қарши вакцина яратиш бўйича ҳукумат томонидан топшириқ берилган. Биз узоқ йиллардан бери ўсимликлар билан шуғулланиб келаётганимиз боис янги ёндашув сифатида вакцинани ҳосил қиладиган оқсилни ўсимликлардан оламиз, деган ғоя пайдо бўлди. У лойиҳа шаклига келтирилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ушбу лойиҳамиз қўллаб-қувватланди ва ишга киришилди.

    Аслида ейиладиган вакцина ғояси аслида тўқсонинчи йилларда фанда пайдо бўла бошлаган. Дастлаб вабо, қизамиқ, В, С гепатити каби касалликларга қарши курашиш мақсадида қўлланилган. Ҳозир кунда ҳам дунё амалиётида бор. Масалан, Канадада айни шу кунларда тамаки ва маккажўхоридан коронавирусга қарши ейиладиган вакцина олиш технологиялари устида тадқиқотлар олиб бориляпти. Бундан ташқари, россиялик олимлар ҳам сут маҳсулотидан вакцина тайёрлаш борасида изланмоқда.

    — Кўпчиликда шу савол туғилган бўлса керак: вакцина сифатида ишлатиш учун нега айнан помидор танлаб олинди?

    Помидор, бодринг каби полиз маҳсулотлари бежиз танланмаган. Уларга термик ишлов берилмайди. Маҳсулотлар юқори ҳароратда пиширилганда антитаначалар ҳосил қилувчи вакцина парчаланиб кетади. Биз клонлаштириш орқали коронавирусни ўсимлик ҳужайрасига киритдик. “Эмланган помидор” истеъмол қилингач, у инсон организмига киради, ҳужайраларидан эса антителалар ажралиб чиқади.

    Биласиз, помидор йил бўйи пишади. Яъни, уни иссиқхоналарда ҳам етиштириш мумкин. Қолаверса, аҳолининг кунлик рационида фаол истеъмол қилинади. Бундан ташқари, помидорда кўп уруғ ҳосил бўлади. Демак, уни тез ва самарали кўпайтириш имконияти юқори. Ҳозирда бошқа мева ва сабзавотларда ҳам тажриба қилиб кўриляпти. Айтайлик, помидорни истеъмол қилишни хуш кўрмайдиганлар учун бодринг таклиф этилиши мумкин.

    — Сир эмас, бутун дунё олимлари инъекция орқали қилинадиган вакцина яратиш устида иш олиб борди ва бугунги кунда ҳам изланишлар тўхтагани йўқ. Айтинг-чи, ейиладиган вакцина қандай афзалликларга эга?

    — Тўғри, бутун дунё коронавирус пандемиясига қарши инъекцион вакциналар ёрдамида кураш олиб бормоқда. Аммо баъзи инсонларда унга нисбатан ишончсизлик бор. Сабаби, айрим ҳолларда уни қабул қилгач юзага келиши мумкин бўладиган аллергик реакциялар хавотир уйғотади. Ейиладиган вакцина эса аллергик ҳолатлар келтириб чиқармайди.

    Қолаверса, инъекцион вакцина ишлаб чиқариш учун катта-катта лабораториялар, нархи қиммат препаратлар зарур бўлади. Помидор вакцинасини тайёрлаш учун эса қимматбаҳо лабораториялар ҳам, препаратлар ҳам шарт эмас. Оддий лабораторияларда, ҳаттоки далаларда ҳам бемалол етиштириш мумкин. Шу томондан олиб қараганда, помидор вакцинасини камхарж вакциналар тоифасига киритиш мумкин. Бошқа препаратлардан афзал томонларидан яна бири, уни ҳаттоки ёш болаларга ҳам бериш мумкинлигида.

    Аммо ҳамма нарсанинг ҳам ижобий ва салбий жиҳатлари бор. Бу вакцина бутун дунё бўйлаб оммалашмагани ва одамлар истеъмол қилиб кўрмагани учун унинг таъсири ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Шу боис унинг меъёри борасида ҳам муйян бир тўхтамга келинмаган, яъни стандартлашмаган. Агар кимдир бу сабзавотни севиб истеъмол қиладиган бўлса-ю, кўп еб қўйса, унга вакцина ножўя таъсир этиши ёки кам истеъмол қилса, фойдаси бўлмаслиги мумкин.

    — Помидор вакцинаси яратилгани ҳақидаги хушхабарни эшитганимизга ҳам бир-икки ойдан ошди. Хўш, шу кунгача қандай тажрибалар ўтказилди? Ишлаб чиқаришга қачон татбиқ этилади?

    — Помидор бўйича дастлабки молекуляр тадқиқотлар амалга оширилди. Тўқима културасидан фойдаланган ҳолда помидор ўсимликлари олинди.

    Айни пайтда ўсимликларни парвариш қилиш жараёни кетмоқда. Буларнинг мевалари йиғиштириб олингач, тахминан 48 га яқин синов тури бўйича текшириб кўрилади. Масалан, помидор турли тадқиқот объектларидаги ҳайвонларга едириб кўрилади. Синовлар самарали натижа бергандан сўнггина кейинги босқичларга ўтилади. Агар инсон ҳаётига хавфи бўлмаса, ёндош касалликлар чақирмаслиги тасдиқланса, Ўзбекистон бу вакцинани амалиётга татбиқ этишга республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рухсат берилса, ишлаб чиқаришга йўналтириш мумкин бўлади.

    “Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири

    Соҳиба МУЛЛАЕВА суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates