“PowerChina International Group Limited” компанияси Андижон вилоятида қуёш фотоэлектр станцияси қуради

    Энергетика 3 август 2023 1328

    Жорий йил май ойида Хитой Халқ Республикасига Олий даражадаги ташриф доирасида Энергетика вазирлиги билан “PowerChina International Group Limited” компанияси ўртасида Андижон вилоятининг Андижон туманида қуввати 400 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича “Англашув меморандуми” имзоланган эди.

    Шунга асосан, жорий йил 31 июлда Энергетика вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимияти “PowerChina International Group Limited” компанияси ўртасида лойиҳани амалга оширишнинг асосий шартларини белгиловчи шартномаси имзоланди. Мазкур шартномага мувофиқ қуйидаги ишлар рўёбга чиқарилади:

    - лойиҳа доирасида жорий йил сентябрь ойида қурилиш ишлари бошланиши, қуёш фотоэлектр станциясининг дастлабки 100 МВт қуввати 2024-йил 1 апрелга қадар ва тўлиқ қуввати 2024-йил 30 ноябрга қадар ишга туширилиши режалаштирилган;

    - мазкур қуёш фотоэлектр станцияси ишга тушгандан сўнг йилига 700 миллион кут/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, 212 миллион куб/метр табиий газ тежалади ва атмосферага 294 минг тонна зарарли иссиқхона газларининг чиқиши олди олинади.

    Таъкидлаш керакки, ушбу лойиҳа учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда фойдаланилмайдиган ер майдонлари танланган, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

    Маълумот учун: “PowerChina International Group Limited” компанияси 2016 йилда “Power Construction Corporation of China” томонидан халқаро лойиҳалар учун ташкил этилган. “PowerChina International Group Limited” бугунги кунга қадар умумий 200 ГВт қувватга эга лойиҳаларни амалга оширган. Компания 2019 йилда 50,5 миллиард доллар, 2020 йилда 58,2 миллиард доллар ва 2021 йилда 69,5 миллиард доллар миқдорида айланма маблағларга эга бўлган.