Сўнгги пайтларда Тошкент шаҳрида электр энергияси таъминотидаги узилишлар кўпайгани фуқароларнинг кундалик турмуши, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
"Аҳоли ва тадбиркорлар томонидан 3–4 соатлик электр узилишлари бўйича кўплаб шикоятлар келиб тушмоқда. Ушбу ҳолатлар натижасида ишлаб чиқариш ва савдо нуқталарининг совутиш тизимлари ишдан чиқмоқда, уйларда эса маиший техника воситалари ёниб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Шунингдек, транспорт йўналишларида светофорларнинг ишламаслиги йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Ижтимоий инфратузилма объектлари — мактаб, боғча, шифохона каби муассасаларда ҳам барқарор иш фаолияти издан чиқмоқда", дейилади сўровда.
Шунингдек, сенатор ушбу узилишларнинг сабаблари ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан аниқ тушунтиришлар бериш сўраган.
Маълумот учун, “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуннинг 39-моддасида истеъмолчилар сифатли ва узлуксиз электр энергияси олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Шунингдек, 61-моддага кўра, таъминотни тўхтатиш ёки чеклаш фақат бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ёки аварияларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилиши мумкин.








