Пойтахтдан «Тошкент денгизи»гача тезюрар автобус қатнови йўлга қўйилади

    Урбанизация 12 октябр 2021 1467

    Пойтахтдан «Тошкент денгизи»гача тезюрар автобус лойиҳаси ишга туширилиши режалаштирилган.

    Тошкент вилояти ҳокимлиги пойтахт ва «Тошкент денгизи» оралиғида тезюрар автобус (БРТ) лойиҳасини амалиётга татбиқ этиш мақсадида унинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш учун архитекторлар, муҳандислар, режалаштирувчи мутахассисларни жалб этяпти.

    Гап шундаки, жорий йил 11 октябрда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши раиси Даврон Ҳидоятов вилоят Кенгашининг «Халқаро тажрибани кенг қўллаш билан Тошкент вилоятида жамоат транспортини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига имзо чекди.

    Қарорда қайд этилишича, лойиҳанинг концепцияси ишлаб чиқилган. Унинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш учун вилоят бюджетининг орттириб бажарилган қисмидан 6,9 миллиард сўм ажратиш режалаштирилган, деб хабар беради Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.