Кейинги йилларда Тошкент шаҳри итисодий салоҳияти ва қурилиш ишлари кўлами жиҳатидан Марказий Осиё шаҳарлари орасида етакчилар қаторидан жой олмоқда. Айниқса, пойтахтимизнинг тобора ривожланиб бораётган инвестицион имкониятлари ҳамда бизнес муҳити жаҳон мамлакатларида қизиқиш уйғотиб, уларни Тошкенти азим томон чорламоқда. Шаҳримиз эса, ўз навбатида, инвесторлар учун қулай ва тенг шароитлар яратиб беряпти. Бу ерда ташкил этилаётган халқаро тадбирлар, бизнес форум ва кўргазмалар мамлакатимизни дунё халқларининг бизнес вакиллари билан боғламоқда.
Бу галги йирик бизнес тадбир меҳмонлари япониялик ишбилармонлар бўлди. Улар пойтахтимиздаги “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик марказидаги Конгресс-холлда кутиб олинди. Ва меҳмонлар мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган Япония—Ўзбекистон халқаро экспо-форумининг очилиш маросимида иштирок этишди. Уч кунга мўлжалланган форумда турли ташкилотлар вакиллари, 100 га яқин япон компаниялари қатнашмоқда.
Халқаро форум юртимизга япониялик инвесторларни жалб этиш, улар билан панель музокаралар олиб борган ҳолда, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли. Бу давлатимиз раҳбарининг 2019 йил декабрь ойида Япония давлатига расмий ташрифи давомида қабул қилинган ҳужжатларда ҳам кўзда тутилган эди.
— Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлиги узоқ даврларга бориб тақалади, аммо бу алоқалар охирги йилларда мутлақо янги, аниқ лойиҳаларга асосланган самарали босқичга кўтирилди, — дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Беҳзод Ботиржонов. — Биргина мисол, жорий йилнинг 6 ойи давомида Япония ва Тошкент шаҳри ташқи савдо айланмаси 56 миллион долларни ташкил этиб, ташқи савдо айланмасида мазкур давлатнинг улуши ортиб бормоқда. Шу йил биринчи ярим йилликда пойтахтимизда ташкил этилган Япония капитали иштирокидаги корхоналар сони 41 тага етди. Япониялик ҳамкорларимиз билан турли соҳаларда инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Япониялик ҳамкорлар учун Тошкентнинг жанубий қисмидан ўтувчи Чирчиқ дарёсининг ўзанини қисқартириш ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилган “Дарё бўйи” лойиҳаси, Янгиҳаёт туманидаги 2,5 минг гектар майдонда ташкил этиладиган маъмурий ва ишбилармонлик маркази ҳамда “Янгиҳаёт” индустриал технопарки, пойтахтимизнинг ўзига хос лойиҳаси бўлиши кутилаётган, миллий меъморчилигимиз ва замонавий шаҳарсозлик ечимларини ўзида уйғунлаштирган “Янги Ўзбекистон” лойиҳаларда иштирок этиш таклифи берилди.
Японлар мамлакатимизга ўз-ўзидан инвестиция киритаётгани йўқ. Сармоядорлар юртимизнинг иқтисодий имкониятлари, ишбилармонлар учун яратилган қулай шарт-шароитларни ўз талаблари доирасида кузатиб, холис ва ижобий баҳосини бергани турган гап. Диёримизнинг иқтисодий, инвестицион имкониятларини йиллар давомида ўрганган кунчиқар мамлакат тадбиркорлари бугун уларнинг эркин ишлаши учун шароит борлиги, ҳуқуқлари кафолати қонун билан ҳимояланганига ишонч ҳосил қилгани учунгина йирик лойиҳаларга қўл урмоқда.
Япония—Ўзбекистон халқаро форуми ана шундай истиқболли лойиҳалар сонини оширишга шароит яратади. Тадбир икки давлат тадбиркорларини ўзаро боғловчи мулоқот майдонига айланди. Форум доирасида бир қанча тадбирларни ўтказиш режалаштирилган бўлиб, йирик анжуман очилиш маросимидан сўнг “Japan-uz Expo — 2022” кўргазмаси билан ўз ишини давом эттирди. Унда саноат, ишлаб чиқариш, туризм, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш, консальтинг ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳаларида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Япониялик тадбиркорлар кўргазма майдонининг ўзларига ажратилган бўлимларида махсус стендларни ўрнатиб, маҳсулотларини намойишга чиқарди. Меҳмонлар кўргазма майдонига киргани ҳамон Япониянинг ўзига хос муҳитини ҳис этди. Мамлакатнинг миллий либослари, таомлари ҳамда доривор гиёҳларидан тайёрланган чой ва дамламалари бизга ҳам бегона эмас. Аммо японлар фақат таомлари билангина дунёга танилмаган. Улар саноат, ишлаб чиқариш, инновацион технологиялар яратиш борасида жаҳонда етакчилар қаторида туради. Бу миллат, ҳатто, миллий ҳунармандчилик намуналарига ҳам инновацияларни жорий эта олган. Улар юртимизга янги ҳамкорларни топиш, Ўзбекистон бозорига кириш ҳамда бизнинг маҳсулотларимизни импорт қилиш бўйича шартномалар имзолаш мақсадида келганини таъкидлади.
— Ўзбекистонга келиб, бу ерда барча соҳалар ривожланганига гувоҳ бўлдим, — дейди Япониядаги “Sansho” корхонаси раҳбари Масаки Аказава. — Айниқса, одамларнинг меҳмондўстлиги, илиқ муносабати менда катта таассурот қолдирди. Бундай халқаро тадбирлар ҳар икки давлат ишбилармонлари учун манфаатли бўлади. Ҳеч бўлмаганда, ўзаро тажриба алмашиб, янги ҳамкорлар билан танишамиз. Бизнинг компаниямиз саноат чиқиндиларини қайта ишлайди. Ҳозирги вақтда, катта шаҳарлар иқтисодиёти, шаҳарсозлиги ривожланиб, саноат корхоналари сони ортиб боряпти. Бундай жараёнда саноат чиқиндиларини тўғри тақсимлаб, қайта ишлаш долзарб масалалардан саналади. Албатта, чиқиндиларни қайта ишлашда энг охирги технологиялардан фойдаланамиз. Улар бизга бир кунда 30 тонна чиқиндини қайта ишлаш имконини беряпти. Кўргазмада ана шу замонавий технологияни таклиф этяпмиз. Ушбу лойиҳани Ўзбекистонда ҳам амалга оширишни мақсад қилганмиз.
Халқаро кўргазмадан кўзланган мақсад ҳам турли соҳалардаги энг янги технологиялар ва ишланмаларни тарғиб қилиш, янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, битимлар тузиш ва натижада янги лойиҳаларни амалга оширишдан иборат. Бунда давлатларнинг ўзаро якдиллик, дўстлик муносабатлари асосий жиҳатга айланиши муҳим.
Япония—Ўзбекистон халқаро экспо-форумида шундай муҳит яратилганини пайқаш қийин эмас. 24 сентябрга қадар давом этиши кўзда тутилган тадбир давомида икки давлат ишбилармонлари иштирокида B2B шаклидаги музокаралар ҳам ўтказилмоқда. Улар қўшма инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш бўйича катта форматдаги келишувларга асос бўлиши кутилмоқда.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири