Пойтахтимзда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги старт олишига оз фурсатлар қолди

    Спорт 15 апрел 2021 2941

    Эртага пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги серияларидан бири старт олади.

    Ушбу мусобақа Токио-2020 Олимпия ўйинларига лицензион очко берувчи 4 босқичдан биридир.

    Унда қатнашиши режалаштирилган давлатлар сони – 33 та, спортчилар сони тахминан 100 нафарни ташкил этиши кутиляпти. Халқаро гимнастика федерациясининг Олимпия ўйинларига ишлаб чиққан саралаш тизимига кўра, яқин вақт ичида бўлиб ўтадиган 4 та Жаҳон кубоги босқичи якуни бўйича яккалик йўналишда Олимпиада йўлланмалари ўйналади. Тошкент мунтазам равишда Жаҳон кубоги босқичларини қабул қилиб келган.

    Табиийки, бу йилги мусобақанинг нуфузи аввалгиларидан ўзгача. Регламентга кўра, ҳар бир мамлакат ушбу 4 босқич учун яккалик йўналишида 2 нафар спортчисини рўйхатга киритиши мумкин. Бу борада жамоамиз шарафини Екатерина Фетисова ҳамда Сабина Ташкенбаева ҳимоя қилишини айтиб ўтиш ўринли. Жаҳон кубоги босқичлари қуйидаги саналарда бўлиб ўтади:

    1. 26-28 март, София (Болгария)
      2. 16-18 апрель, Тошкент (Ўзбекистон)
      3. 7-9 май, Боку (Озарбайжон)
      4. 28-30 май, Песаро (Италия)

    Таъкидлаш жоиз, 4 босқич якунида аввалги турнирлар орқали лицензия ололмаган энг яхши 3 гимнастикачи (бир давлатга 1 квота) Токио-2020 иштирокчисига айланади. Жаҳон кубоги рейтинги якунида 2019 йилги жаҳон чемпионати орқали йўлланма олган ва лицензия олмаган мамлакатнинг иккинчи ўринда турган вакиллари кучли учлик ҳисобида юритилмайди.

    Регламентга кўра, 16-17 апрель кунлари фақат саралаш баҳслари, 18 апрелда эса барча йўналишларда финал баҳслари бўлиб ўтади. Тантанали очилиш маросими эртага соат 19:30 да мусобақага мезбонлик қилувчи пойтахтимиздаги «Универсал» гимнастика саройида бўлиб ўтади.

    Ҳозирда Софияда ўтган мусобақа якуни бўйича Сабина Ташкенбаева тўққизинчи, Екатерина Фетисова 16-поғонада турибди, деб хабар беради Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.