Президент эътирофи кўнглимиздаги кемтикни тўлдирди

    "Дунёдаги барча оналарнинг  қалби бир хил бўлса керак. Фарзандининг ютуғи ҳам, муваффақиятсизлиги ҳам ҳеч кимни она қадар таъсирлантирмайди". Бу ҳақиқат бокс бўйича юртимизда биринчи марта хотин-қизлар орасида “жаҳон чемпиони” деган юксак шарафга муяссар бўлган Нигина Ўктамованинг онаси – Лайло Саидованинг кўнглидан ўтган кечинмалар.

    "Қизим — Нигина Ўктамова жорий йил апрель ойида Польшанинг Кельце шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ғалаба қозониб, олтин медалга сазовор бўлди. Бир она сифатида фарзандимнинг халқаро майдонда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилганидан фахрландим. У мусобақага отланаркан, чемпионнинг онаси бўлиш менга ғурур бағишлашини айтдим. Нигина жилмайиб, албатта, ғалаба билан қайтишга ваъда берди. То хушхабар келмагунча, на еганимда, на ичганимда ҳаловат бўлди. Қизимнинг зафар қучганини эшитибгина кўнглим тоғ мисол кўтарилди...

    Йигирма ёшимда соғлиғимда жиддий муаммо пайдо бўлиб, Самарқандда, сўнг Тошкентда даволандим. Аҳволим ўнгланавермагач, жавоб беришди, қишлоққа қайтдик. Қайнота-қайнонам ҳам, ота-онам ҳам тақдирга тан берди. Менинг эса яшагим келарди. Шу орада яна бир таҳлил топширдик. Ташхис натижасига кўра, мендаги касаллик бошқа экан. Зудлик билан операция қилишди. Аҳволим ўнглана бошлади, мен ҳаётга қайтдим. Бу пайтда қизларимиз — Сўғдиёна 3, Нигина 2 ёшда эди. Ўғлимиз бўлишини орзу қилардик, бироқ соғлиғим туфайли бошқа фарзанд кўра олмадик.

    Қизларимизнинг ўқишига, тарбиясига астойдил эътибор қаратдик. Уларнинг ҳам жисмонан, ҳам ақлан соғлом бўлиши учун бор салоҳиятимиз, имкониятимиз билан ҳаракат қилдик. Туманимиздаги 11-мактабда каратэ тўгараги очилганини эшитиб, қизларимизни Азимжон исмли мураббийга топширдик. Улар машғулотга иштиёқ билан қатнай бошлади. Туман ва вилоят мусобақаларида, тадбирларда иштирок этди. Икки йил шуғуллангач, мураббийи Россияга кетиб қолди. Сўғдиёнанинг спортга иштиёқи йўқолди. Нигина эса кўнглидагини сездирмади.

    Туман марказидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабида бокс бўйича тўгарак борлигини эшитиб, қизларимга бокс билан шуғулланиб кўришини тавсия қилдим. Сўғдиёна қатъий рад этди, Нигина эса аниқ жавоб бермади. У кўнса, дадаси кўнмайди, дадаси кўнса, Нигина. Шу тариқа бир йилча спорт билан шуғулланмади. Охири мажбурлаб спорт мактабига олиб бордим. Мураббий Акром Узоқов машғулотлари унга маъқул келди. Боксга қизиқиши ошди. Мусобақаларда Нигинага омад кула бошлади. Ўзбекистон, Осиё чемпиони бўлди.

    Кўпинча мендан Нигинага қандай шароит қилиб берганимизни сўрашади. Мен жавоб беришга тортинаман. Чунки бизда яратиб берадиган шароитнинг ўзи бўлмаган. Фақат йўналиш бердик, холос. Мен уни машғулотга олиб бориб, агар шу йўлдан кетса, бизга ўхшаб умри “қора меҳнат”да ўтмаслигига ишонтирдим. Чемпион бўлмаган тақдирда ҳам, жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиши мумкин эди. Турмуш ўртоғим уста, мен уй бекаси. Шундай вазиятлар бўлдики, биз 3-4 йил аввал Нигинанинг ўқув-йиғин машғулотларига бориб-келиши учун йўлкира ҳам топиб беролмай қолдик. Қизимнинг шашти сўнди. Машғулотларга бормаётганидан хавотирланиб, мураббий Акром Узоқов бизни чақиртирди. Фарзандимизнинг спортни ярим йўлда қолдириб кетмаслигини маслаҳат берди. Яна бир мураббийи Азим Худойқулов ҳам ёрдамини аямади. Нигина билан астойдил ишлади, устозлари унинг руҳини кўтарди, ишонч билдирди.

    Нигинага барча шароитни давлатимиз яратиб берди. Шунинг ортидан жаҳонга чиқяпти, дунё кўряпти. Ишонаманки, бу унинг маҳоратини оширади, тажриба тўплайди.

    Яқинда Президентимизнинг бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасига йўллаган табригини эшитиб, дадаси ҳам, мен ҳам ўзимизда йўқ қувондик. Нигинага ажратилган қимматбаҳо совғалар бир томон, Президентимизнинг эътирофи бир томон бўлди. “...яқинда ёшлар ўртасида бўлиб ўтган дунё биринчилигида ўзбек қизи Нигина Ўктамова миллий тарихимизда биринчи марта хотин-қизлар орасида “жаҳон чемпиони” деган юксак шарафга муяссар бўлганини фахр билан тилга оламиз”, деди давлатимиз раҳбари ўз табригида.

    Табрикни бир кунда қайта-қайта эшитаётган дадаси, “Қизим мингта ўғилнинг ўрнини босди”, деганида бошимдан ўтган бор қий инчиликлар эсимдан чиқиб кетди. Эътибор кўнглимиздаги кемтикни тўлдирди. У йилдан-бу йилга бир кийим олишга ҳам шароити бўлмаган оддий оила фарзандининг бу даражада эътироф этилишини аввал тасаввур ҳам қилмаганмиз.

    Ишонаманки, Нигина қизим Президентимиз ва халқимиз ишончини оқлайди".

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates