баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Президент мактаблари — таълим тизимида янги тузилма

    Мамлакат тараққиёти кўп жиҳатдан истеъдодли болаларни танлаш, уларга тўғри йўналиш бериш, қобилиятини ўстириш, интеллектуал салоҳиятини намоён этишга кўмак бера оладиган таълим тизимини яратишга боғлиқ.

    Президентимиз 2018 йил Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида “Мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, буни амалга ошириш учун бизга, энг аввало, янги авлод кадрлари керак”, деган эди. Ана шундай эзгу ният ва мақсадлар натижаси ўлароқ давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди. Бу мактабларни соҳа мутахассислари ва экспертлар мамлакат таълим тизими локомативига қиёс қилишмоқда.     

    Давлатимиз раҳбари 2019 йил 20 февралда “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди. Бундан кўзланган асосий мақсад —  иқтидорли болаларни аниқлаш, таълим жараёнига илғор технологиялар, услублар ва хориж тажрибасини кенг жорий этиш, уларни ўқитиш ва тарбиялашда яхлит тизим яратиш, истеъдодли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан иборат.

    Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тасарруфида айни пайтда 16 та мактаб фаолият юритяпти. Бундан тўрттаси Президент, 9 таси ижод, учтаси ихтисослаштирилган мактаблардир.

     Президент мактаблари бугунги кунда Тошкент шаҳри, Нукус, Наманган ва  Хивада фаолият олиб бормоқда. Келгуси ўқув йилидан бошлаб яна 10 та вилоятда Президент мактаби очилиши режалаштирилган. Шунингдек, жорий йилда Алишер Навоий номидаги халқаро мактаб ташкил этилиши кутиляпти.

    Ҳар бир Президент мактабини бу йил илк бор 24, жами 96 нафар ўқувчи битириб чиқади. Уларнинг 86 нафари хорижий олий таълим муассасаларида ўқиш учун таклиф олган. Президент мактабларида айни пайтда жами 569 нафар ўқувчи таҳсил оляпти.

    Кембриж университетидан 4 минг 245 дона дарслик ва қўлланмалар олиб келинди

    Тошкент шаҳридаги Президент мактаби 2019 йилда ташкил этилган. Давлатимиз раҳбари мазкур таълим муассасига ташрифи чоғида бу ерда таълим олаётган ёшларга катта ишонч билдириб, Президент мактабининг фахрий меҳмонлар китобига жумладан шундай сўзларни ёзиб қолдирди:

    “Бугунги кунда юртимизда мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига, бутун жамиятнинг устувор вазифасига айланмоқда.

    Янги Ўзбекистонимизни юксак тараққиёт босқичига кўтаришдек эзгу ниятимизга янгича ва мустақил фикрлайдиган, ўз Ватанини жонидан ортиқ севадиган, унинг ёруғ келажаги учун садоқат билан хизмат қиладиган, фидойи ёшларни тарбиялаш орқали эришамиз.

    Ана шундай салоҳиятли ва баркамол кадрларни тайёрлаш мақсадида республикамизнинг ҳар бир ҳудудида мутлақо замонавий шаклдаги таълим муассасалари — Президент мактабларини ташкил этдик.

    Мен ишонаман, бу масканлар жонажон Ўзбекистонимизнинг эртанги тақдирини ўз қўлига олишга, глобаллашув даврида кескин беллашув ва рақобатларда ғолиб бўлишга қодир шахсларни — янги хоразмийлар, фарғонийлар, берунийлар, улуғбекларни тарбиялаб етиштиради.

    Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида фаолият бошлаган Прeзидeнт мактаби халқимизнинг улуғвор ва олижаноб орзу-ниятларини рўёбга чиқаришда барчага намуна бўлишига тилакдошман”.

    Ана шундай юксак ишонч ва эзгу тилак билан ўз фаолиятини бошлаган мазкур таълим муассасида бугун таълим ўзига хос услуб ва кенг кўламда олиб борилаётир. Хусусан, мактабда ўқитиш sciense — табиий фанлар, tehnology — технологиялар, engineering — техник ижодкорлик, art — cанъат ва matehematics — математика йўналишига чуқур ихтисослашган. Унда таълим халқаро “STEAM — таълим” дастури асосида олиб борилмоқда.  “STEAM–таълим” дастури “Cambridge ўқув дастури” (информатика, математика, физика, кимё, биология, science, инглиз тили) ва “Маҳаллий ўқув дастури” (она тили ва адабиёт, рус тили, тарих, тасвирий санъат, чизмачилик, жисмоний тарбия ва технология)дан иборат.

    Битта синфда 12 нафар ўқувчи ўқийди. Ўқувчилар сонининг камлиги уларнинг барча фанларни чуқур ўзлаштиришига имкон яратади. Халқаро таълим дастурлари асосида ўқитиш, ўз навбатида, инновацион янгиликлар яратишга йўл очади. Мактабда ўқувчиларнинг ҳам академик салоҳиятини ўстириш, ҳам уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, етакчилик кўникмаси, нотиқлик санъатини ривожлантириш, олинган билимларни амалиётда қўллаш малакасини ошириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш, ҳаётга қатъий ишонч ва қарашларини шакллантиришга эътибор қаратилади. Хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда Cambridge университети тажрибаси асосида “Computer Science”, “Coding Club”, “Environmental Club”, “Theatre Arts”, “Visual & Performing Arts”, “Science Olympiads Club” ҳамда “Robotics” номли қўшимча машғулотлар олиб борилади. “Рақс”, “Драма”, “Мусиқа” каби ижодий, “Шахмат”, “Сузиш”, “Стол тенниси” ва “Футбол” спорт тўгараклари ташкил этилган.

    Айниқса  Intel League” интеллектуал клуби, “Журналистика”, “Радио”, “School counselor”, “Book drive” лойиҳалари ўз ичига мактабнинг қарийб барча ўқувчиларини қамраб олган. “Intel League” интеллектуал клуби ўйинларида нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар жамоаси ҳам иштирок этади.

     “Журналистика” лойиҳаси доирасида мактабда ўқувчилар “Projeсtor” журналини тайёрлайди ва нашр этади. “Радио” лойиҳаси воситасида ўқувчиларга кундалик янгиликлар, фойдали маслаҳатлар, умумий фанларга оид қизиқарли маълумот ва саволлар ўқиб эшиттирилади.

    “School conselor” лойиҳаси битирувчи ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий қилинган. Унда ўқувчиларнинг қизиқишларига қараб юқори рейтингга эга хорижий университет ҳамда грантлар ҳақида маълумотлар тўпланиб, битирувчиларга етказилади. Хорижий университетлар талаб этадиган ҳужжатлар, қабул жараёни ва уларга киришда яқиндан ёрдам беради.

    —Бир-бирига яқин ва ўзаро узвий боғлиқ фанлар интеграциялашуви натижасида улар сони оптималлаштирилди, — деди Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ижрочи директори Тўрабой Шерматов. — “Ҳуқуқ ва давлат асослари”, “Дунё динлари тарихи” фанлари “Ўзбекистон тарихи” ва “Жаҳон тарихи” билан, “Иқтисодий билим асослари” фани “География” билан, Cambridge ўқув дастуридаги “Character Education” фани ўзимизнинг “Тарбия” фани билан интеграциялашди. Синфлар кесимида ўқитиладиган фанларнинг 15 тадан 11тага камайиши ўқувчиларни ортиқча  юкламадан халос қилди, пировардида, таълим сифати ва самарадорлиги ўсди.

      Англиянинг Кембридж университетидан 4 минг 245 дона ўқув-услубий қўлланмалар олиб келинди ва улар мактаб кутубхонасини бойитди. Ўқувчилар  кутубхонада  инфографика, чизма ва визуал расмларга бой нуфузли Cambridge University Press, Oxford University Press Collins, Hodder каби нашриёт компаниялари чоп этган юқори сифатли китоб ва қўлланмалардан фойдаланишлари мумкин.  Бу методик қўлланмалар дарсни чуқур ва сифатли ўтишига хизмат қилмоқда.

                 Кириш имтиҳонлари: шаффофлик қай даражада таъминланган?

    Президент мактабига кириш имтиҳонларини шаффоф ва адолатли ташкил этиш мақсадида Англиядаги Cambridge Assessment компанияси билан ҳамкорлик қилинади. Ўқув  материаллари ҳам ушбу ташкилот томонидан тайёрланади. Имтиҳонлар математика, ахборотни таҳлил қилиш ва инглиз тили фанларидан 2 босқичда олиб борилади.

    Бериладиган саволлар, умуман, имтиҳон жараёнини Cambridge Assessment компаниясининг ўзи назорат қилади. Кириш имтиҳонларини ота-оналар (online) кузатиб боришлари мумкин. Бунинг учун уларга барча шароит яратиб берилади. Имтиҳон натижалари Англияда текширилади ва шу боис  уни сохталаштириб бўлмайди. Олинган натижалар Агентлик ва Президент мактаби веб-сайтида эълон қилинади.

                     24 битирувчидан 21 нафари халқаро грант соҳиби бўлди

    Президент мактаби ташкил топгандан сўнг қисқа фурсат ичида унинг 50 нафардан ортиқ ўқувчилари дунёнинг нуфузли олимпиадаларида иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритди. Масалан, Муҳаммадризо Мажидов 2019 йил октябрь ойида Осиё давлатлари ўртасида ўтказилган SЕАМО математика фани олимпиадасида олтин медал, 1 декабрда ўтказилган “Bebras Singapure” халқаро интернет-олимпиадасида  эса 3-ўринга сазовор бўлди.  “Кавказ олимпиадаси”да 2020 йилда 3-ўрин, 2021 йилда 2-ўринга лойиқ топилди. Америка Қўшма Штатларида онлайн тарзида  ўтказилган халқаро олимпиадада Шамил Ҳуснулин олтин медал, Одил Бозорбоев кумуш медал билан тақдирланди.

    2020 йил 10-15 декабрь кунлари Озарбайжон Республикаси пойтахти Боку шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказилган III халқаро интеграциялашган фан олимпиадасида ушбу мактабнинг 10-синф ўқувчиси Дониёр Воисов бронза медалини қўлга киритди.

     Президент мактабининг 24 нафар битирувчисидан 21 нафари АҚШ, Япония, Латвия, Австралия ва Буюк Британиянинг 100 га яқин олий таълим муассасаларига қабул қилиниб, 5 миллион 145 минг 800 АҚШ доллари миқдоридаги грантларни қўлга киритди.

     —   Мактабда жорий этилган фанларни STEM ўқув дастури воситасида чуқур ўргандим, IELTS халқаро тил билиш тестидан  7 балл,  халқаро SAT тестидан эса 1 минг 170 баллни қўлга киритдим, — деди Президент мактаби 11-синф ўқувчиси Фирдавс Абдуқаюмов.  — Бугунги кунда 10 та хорижий олий таълим муассасасининг 894 минг 600 АҚШ доллари миқдоридаги грантини қўлга киритдим.  Дунё миқёсида 120-ўринда турадиган Буюк Британиянинг Лестер давлат университети маъмурияти  иқтисодиёт йўналиши бўйича ўқиш учун таклиф қилди. Шунингдек, АҚШнинг бир қатор университетларида грант асосида ўқиш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман.  

    Айтгандай, келажакда АҚШнинг Цинциннатти университетида иқтисодиёт йўналиши бўйича ўқиб, иқтисодчи бўлишни ният қилганман. Бундай ютуқларга мактабда яратилган аъло шарт-шароит, кутубхонамиздаги бадиий ва илмий китобларни мунтазам ўқиш, дарслардан кейинги машғулотлар ҳамда STEAM ўқув дастури бўйича маҳаллий ва хорижий ўқитувчиларнинг юксак савияда берган сабоқлари воситасида эришдим. 

    — 23 та хорижий олий таълим муассасасининг 1 миллион 14 минг АҚШ доллари миқдоридаги грантларини қўлга киритдим, — дейди мактабнинг яна бир ўқувчиси Темурбек Сулаймонов.Келажакда Адельфи университетида халқаро муносабатлар йўналиши бўйича ўқиб, дипломат бўлмоқчиман. Мактабда тенгдошларим билан бирга қуйи синф ўқувчиларига ёрдам бериш мақсадида клуб ташкил қилганмиз. Мактаб кутубхонаси мен учун энг севимли маскан ҳисобланади.

                               Хориждан ўн нафар мутахассис жалб этилган

    Президент мактабига Англия, АҚШ ва Жанубий Африка давлатларидан Кембридж дастурини ўқитиш малакасига, шунингдек, қўшимча SAT, TESOL  ва IELTS сертификатларига эга бўлган 10 нафар хорижлик мутахассис жалб қилинган.

    Президент мактабида маҳаллий педагогларнинг хорижлик мутахассислар тажрибаларини ўрганиш ва дарсларга илғор педагогик технологияларни тадбиқ этиш йўлга қўйилган. Хусусан, Анмари Андерсон, Кевин Ҳатчингс ҳамда Анн Баиллие каби хорижлик мутахассислар маҳаллий ўқитувчилар маҳорати ва малакасини ошириш мақсадида мунтазам семинар-тренинглар ўтказиши анъанага айланган.

    —  Президент мактабида кимё фанидан дарс бераман, — дейди Кевин Ҳатчингс. — Англияликман. Фаолиятим давомида дунёнинг кўплаб мактабларида дарс берганман. Очиқ гап, шу пайтгача Ўзбекистон ҳақида деярли ҳеч нарса билмас эдим. Гўзал юртингизга илк бор келишим. Мактаб ташкил этилиши ва очилиши жараёнида иштирок этганимдан мамнунман. Мактабга қобилиятли ўқитувчилар жалб қилинган. Ўқувчиларни саралаб олиш жараёни ҳам шаффоф ташкил этилган. Ўқувчиларим аъло даражада таълим олишаяпти. Бугун мен таҳсил бераётган ўқувчилар вақти келиб, кимё фани ривожига ўз ҳиссаларини қўшишига ишонаман. Президент мактабларининг келажаги порлоқ.

       — Англиянинг Лондон шаҳриданман, — дейди яна бир хорижлик ўқитувчи Анн Баиллие.Бу мактаб келажакда Ўзбекистонга етук кадрлар, фан фидойилари ва кашшофларини тайёрлашга хизмат қилади. Мактабда дарс Кембридж ўқув дастури асосида ўтилади. 10-11-синфлар А Level даражасини олиш учун ана шу дастур асосида таълим олишади. Уларнинг IELTS имтиҳонларидан юқори бал олаётганидан беҳад  мамнунман. Ўқувчиларимиз бир вақтнинг ўзида SAT имтиҳонларига ҳам тайёргарлик кўришмоқда. Юртингиз ўқитувчилари билан ҳамкорликда ишлаяпмиз, кези келганда бир-биримиздан ўрганаяпмиз. Бу, ўз навбатида, яхши анъанга айланиб бормоқда.

              

                           Рисолат МАДИЕВА,

                           “Янги Ўзбекистон” мухбири