Президент сайловида 80,8 фоиз сайловчи қатнашган

    Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўйича мамлакатимиздаги барча сайлов участкаларида соат 20:00 да овоз бериш якунланди. Аммо Ўзбекистондан вақт минтақаси фарқ қилувчи хорижий мамлакатларда (АҚШ, Европа давлатлари) сайловлар давом этмоқда.

    Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда сайловда қанча фуқаро овоз бергани, муҳим сиёсий жараён қандай ўтганига доир дастлабки маълумотлар эълон қилинди.

    Марказий сайлов комиссия раиси З.Низомхўжаев маълум қилишича, дастлабки маълумотларга кўра, мамлакатимиз бўйича 16 миллион 36 минг 914 нафар фуқаро овоз беришда иштирок этди. Бу сайловчилар умумий сонининг 80,8 фоизини ташкил этади.

    Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96-моддасига мувофиқ, агар сайловчиларнинг камида 33 фоизи овоз беришда иштирок этган бўлса, сайлов ҳақиқий, деб ҳисобланади. Демак, Сайлов кодексига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтган ва ҳақиқий, деб ҳисобланишига тўлиқ асослар бор.

    – Бугун бўлиб ўтган Президент сайлови халқимизнинг улкан тарихий ютуғи. Бу – ўз тараққиётининг янги, демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистон халқининг сиёсий-ҳуқуқий онги, маданияти ва сиёсий фаоллиги тобора юксалиб бораётгани тасдиғи, халқимизга хос аҳиллик ва ҳамжиҳатликнинг яна бир ифодаси. Шунингдек, кўп миллатли Ўзбекистон халқи давлатимиз томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатни, амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётганининг амалдаги ёрқин намоёнидир, – деди Марказий сайлов комиссия раиси З.Низомхўжаев.

    Таъкидланганидек, сайловда бевосита иштирок этган сайловчилар, маҳаллий ва халқаро кузатувчилар ҳамда журналистлар томонидан Ўзбекистон Президенти сайлови миллий сайлов қонунчилигимиз, очиқлик, ошкоралик, шаффофлик каби умумэътироф этилган демократик принципларга мувофиқ ўтгани кенг эътироф этилмоқда.

    Сайлов жараёнлари мамлакатимизнинг туман ва шаҳарларидаги 207 сайлов участкасига ўрнатилган 414 видеокамера орқали онлайн транслация қилинди. Шунингдек, сайлов участкаларидан журналистлар томонидан бевосита телерадио, фото репортажлар, интервьюлар мунтазам узатиб турилди. Интернетдаги ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар орқали бутун дунёга намойиш қилинди.

    Овоз бериш жараёнлари аккредитациядан ўтган 1672 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари томонидан кенг ёритилди.

    Сайлов йигирмага яқин халқаро ташкилотдан, элликка яқин давлатдан келган минга яқин халқаро кузатувчилар томонидан бевосита кузатиб борилди.

    Бундан ташқари, сайловда Президентликка номзод кўрсатган сиёсий партиялардан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 64 минг 450 нафар маҳаллий кузатувчи қатнашди.

    Маълум қилинишича, сайлов участкаларида сиёсий партияларнинг Президентликка номзодларга берилган овозларни санаб чиқиш жараёнлари давом этмоқда.

    Эртага соат 16:00 да бўлиб ўтадиган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўтказилган сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилиниши режалаштирилган.