Давлатимиз раҳбари иштирокида 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувдаги бир ҳолат тадбир иштирокчилари ҳамда мулоқотни кузатиб борган миллионлаб қалбларга ҳаяжон тақдим этди. Велоспорт бўйича Ўзбекистон миллий паралимпия терма жамоаси аъзоси, халқаро тоифадаги спорт устаси, Осиё чемпиони Фотима Саипова ва унинг яқинлари кўнглидаги азалий орзу бир лаҳзада рўёбга чиқди.
Ёшлар куни арафасида ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Бунда ўзининг юксак азму шижоати, ижодий ва интеллектуал салоҳияти, истеъдод ва қобилиятини намоён этиб, ҳалол ва самарали меҳнати, турли соҳаларда эришган ютуқлари билан юртимиз тараққиётига, халқаро обрў-эътиборини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган ташаббускор ва етакчи ёшлар тақдирланади. Жорий йил шундай ёшлар қаторида Фотима Саипова ҳам “Келажак бунёдкори” медали билан мукофотланган эди.
Ана шу нишонни топшириш жараёнида давлатимиз раҳбари мамлакатимиз шаънини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилаётган параспортчи қизимизни бағрига босиб табриклади. Сўнг Ўзбекистон етакчиси Фотиманинг шуғулланиши учун барча шароитлар етарли экани, аммо уйи йўқ эканини айтиб, уни турар жой билан таъминлашга қарор қилди. Бу бўйича Тошкент вилояти ҳокимига топшириқ берилди.
Ёдингизда бўлса, ўтган йили Ёшлар куни арафасида Президентимиз бундан кейин ҳам қизларнинг таълим олиши, даромад топиши, шароитларини яхшилаш борасидаги ишлар давом эттирилишини таъкидлаган эди. Жумладан, оғир шароитга тушиб қолган, уй-жойга муҳтож қизлар учун ижтимоий уйлар қурилиши, соғлиғи туфайли ишга қатнай олмайдиган қизларнинг яшаб турган хонадонида масофавий иш билан таъминланиши чоралари кўрилиши белгилаб олинган эди. Мазкур қарор эса сўз ва амал бирлигини намойиш қилди.
Фотима Саипова — Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси аъзоси, Т1 тоифасидаги велоспортчи, кўплаб халқаро мусобақаларда мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилиб келади. Жумладан, ўтган йили январда Австралияда ўтган “Париж — 2024” Олимпиадаси йўлланмаси учун муҳим ҳисобланган жаҳон кубоги биринчи босқич саралаш баҳсларида бронза медални қўлга киритди. Бу мамлакатимизнинг паравелосипед шоссе йўналишида биринчи нуфузли медали эди.
2025 йил февралда Таиландда ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Ғалабага муносиб ҳисса қўшганлар орасида Фотима Саипова ҳам бор эди — у Т1 тоифасида энг яхши натижани қайд этиб, мусобақанинг олтин медалига эга чиқди.
— Велоспортга қизиқишим бир неча йил олдин бошланган, — дейди чемпион қиз. — Бу бир қарашда осон туюладиган, лекин жуда ҳам ирода ва меҳнат талаб қиладиган спорт тури. Илк бор 2019 йили расмий мусобақаларда иштирок этдим. Дастлабки натижаларим маҳаллий миқёсда эди, бу мени қаноатлантирмади. Кейинчалик устоз ва жамоа ёрдамида халқаро мусобақаларга тайёргарликни бошладим. Энг катта бурилиш 2024 йилдаги жаҳон кубогида бронза медални қўлга киритишим бўлди.
Унинг сўзларига кўра, велоспорт кишига ирода, сабр ва мақсад сари интилишни ўргатади. Энг муҳими, Фотима ўзига ишончни мустаҳкамлай олди. “Асосийси — қўрқмаслик. Биринчи қадамга кўп нарса боғлиқ. Агар чин дилдан меҳнат қилсангиз, шуғуллансангиз, натижа албатта бўлади”, дейди у.
Давлатимиз раҳбари топшириғи билан кеча Чирчиқ шаҳрида барча шароитлари мавжуд янги уйнинг калитини топшириш маросими бўлиб ўтди. Ҳа, шу пайтгача шахсий бошпанаси бўлмаган спорт юлдузи Фотима Саипова оиласи Президентимиз эътибори туфайли ўз уйига кўчиб кирди.
— Дилбандим менинг фахрим, — дейди Фотиманинг онаси Нилуфар опа Саипова. — Имконияти чекланганини ҳеч қачон тан олмайди, доим ҳаракатда, ўз устида ишлаб чарчамайди. Мана натижаси, машаққатли машғулотлари ортидан оиламиз азалий орзусига етишди. Аввало, бунинг учун давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорлик билдираман. Оиламиз номидан эртаю кеч дуодамиз. Бу қизимнинг жасорати, матонати, сабр-қаноати эвазига берилган ҳаққоний баҳо. Юртимизда ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги, инсон қадри ҳар нарсадан устун эканига яна бир далилдир.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Жалолиддин ЭСОНОВ олган суратлар.








