Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 7 июндан бошланади

    Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар асосида 9 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг 39 вакили аккредитациядан ўтказилди.

    5 июнь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда МСК аъзолари, сиёсий партиялар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолари иштирок этди. Мажлис кун тартибидан сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги масалалар ўрин олди.

    Таъкидлаш жоизки, жорий йил 31 май куни Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, 1 июнь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олишни сўраб мурожаат қилди ва номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақаларини тақдим этди.

    Марказий сайлов комиссиясининг эксперт гуруҳлари жорий йил 31 май – 2 июнь кунлари юқорида қайд этилган тўртта сиёсий партия томонидан тақдим этилган номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари тўғри тўлдирилганини сайлов қонунчилиги талабларига қатъий амал қилган ҳолда текширди. Текшириш натижаларига кўра, тўртта сиёсий партия томонидан тўпланган имзо варақалари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш учун етарли миқдорда ҳамда қонунчилик талабларига мос экани тўғрисида хулосага келинди.

    Марказий сайлов комиссиясининг ишчи гуруҳи эксперт гуруҳлари томонидан тақдим этилган хулосаларни инобатга олган ҳолда ҳамда сиёсий партиялар такдим этган ҳужжатлар қонунчилик талабига тўлиқ мос келиши, белгиланган тартибда ва муддатда мурожаат қилинганидан келиб чиқиб, сиёсий партиялар томонидан кўрсатилаётган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш юзасидан ўз хулосасини тақдим этган. Унга мувофиқ, мажлисда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Улуғбек Илёсович Иноятовни, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёевни, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Робахон Анваровна Махмудовани ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Худойқулович Хамзаевни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.

    Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини ўтказиш масаласи муҳокама этилди ва тегишли қарор қабул қилинди. Қарор билан Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 2023 йил 7 июндан бошланиши қайд этилди. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг республика ва ҳудудий телерадиоканалларида бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти, “Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи”, “Народное слово” каби республика газеталарида ҳамда йигирма тўрт номдаги маҳаллий газеталарда бепул ажратиладиган нашр майдони тасдиқланди.

    Оммавий ахборот воситалари сайловолди ташвиқоти даврида бепул ажратиладиган эфир вақти ва нашр майдони доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти даврида чиқишлари учун зарур шарт-шароитлар яратади. Янгиликлар дастурларида ва бошқа ахборот материалларида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди тадбирларини ёритишда тенглик принципига риоя этиши лозим.

    Мажлисда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар асосида 9 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг 39 вакили аккредитациядан ўтказилди.

    Шу куни Марказий сайлов комиссиясининг матбуот марказида МСКнинг ушбу мажлиси кун тартибидан ўрин олган масалалар бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Президент сайлови кампанияси, Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга Марказий сайлов комиссияси раиси ва аъзолари томонидан жавоб қайтарилди.

    Баҳор Хидирова,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири