“Қадим ўзбек халқисан, асл одам авлоди..."

    Фикр 26 сентябр 2020 1795

    Тошкент давлат юридик университети жамоаси томонидан Ўзбекистон халқ шоири, академик Ғафур Ғулом ижодий меросини комплекс ўрганиш, ҳар томонлама фаол тарғиб этиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда сўзлаган нутқида халқимиз ўз тарихидаги учинчи Ренессансга – навбатдаги юксак тараққиётга эришишидек эзгу ғояни илгари сурди. Истиқлол даври, айниқса, кейинги йилларда юртимизда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар айни ғоя ҳар жиҳатдан мустаҳкам асосга таянишидан яққол дарак бермоқда. Мактабгача таълим тизимидан бошлаб умумий ўрта таълим, олий таълим ҳамда замонавий илм-фаннинг барча йўналишлари ривожига, Фанлар академияси ва унинг тизимидаги илмий муассасалар фаолиятига, энг муҳими – мазкур даргоҳларда меҳнат қиладиган зиёлиларга кўрсатилаётган мунтазам эътибор бу асос мустаҳкамлигига кафолат бўлажак.

    Маълумки, IX-XII ҳамда XIV-XVI асрларда кечган икки Уйғониш даврида илм-фан ҳамда маданият ва маънавият бирдек – ўзаро уйғун, бир-бирини тўлдириб-бойитиб юзага чиққан. Дейлик, Ибн Сино тиббиёт ёхуд математикани қанчалик чуқур билса, худди шундай муваффақият билан санои нафиса – адабиёт ҳамда мусиқа санъати ривожига ҳисса қўшган. Навоий ҳазратлари эса нафақат шеърият султони, балки илми нужум – астраномия фанининг ҳам катта билимдони бўлганини навоийшунос олим Омонулло Валихонов домла ўзининг “Ғазал нафосати” китобида яққол кўрсатиб берганлар.

    Ана шу маънода учинчи Ренессанс нафақат аниқ фанлар, балки гуманитар фанлардан, адабиёт ва санъат, маданий соҳанинг турли йўналишлари ривожидан ҳам кучли қувват олмоғи талаб этилади.

    Пойтахтимиз марказида Адиблар хиёбонининг ташкил этилиши, у ерда муборак сиймолари ўрнатилган ҳар бир ижодкор ҳаёти ва фаолиятини кенг тарғиб этишга нуфузли олий таълим муассасаларининг масъул этиб белгиланиши ҳам айни шу мақсадларга хизмат қилиши аниқ.

    Жумладан, ўтган қисқа давр ичида Тошкент давлат юридик университети жамоаси томонидан Ўзбекистон халқ шоири, академик Ғафур Ғулом ижодий меросини комплекс ўрганиш, ҳар томонлама фаол тарғиб этиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди. Бу тадбирларнинг талабалар таътили давомида ҳам мунтазам ташкил этилиши ёшларнинг бўш вақтларини бой мазмун билан тўлдиришда, уларнинг ўзини ҳам мустақил шахс, ҳам ягона халқ сифатида англашида муҳим омил бўлмоқда.

    Масалан, жорий йилнинг июль-август ойлари давомида университет талабалари ўртасида Ғафур Ғулом ҳаёти ва ижодини кенг тарғиб қилишга бағишланган “Ўз элининг ўктам куйчиси” мавзусидаги “Энг яхши шеър” танлови, “Ватан ва миллатни мадҳ этган улуғ ижодкор” мавзуида мақолалар, “Биз севган адиб” рукнида “Энг яхши видеоролик”, “Aдиб тимсоли ёшлар нигоҳида” мавзуида “Энг яхши портрет” ҳамда аудиороликлар танловлари ўтказилди. Уларда 250 нафардан ортиқ талаба ўз ижодий ишлари билан қатнашди.

    Ғафур Ғулом ҳаёти ва ижодини замонавий усулларда кенгроқ тарғиб қилиш, шоирнинг ижодий меросини ҳамда у ҳақидаги маълумотларни тизимлаштириш, адиб ижодига қизиқувчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида https://gafurgulommerosi.uz номли махсус веб-сайт ташкил этилиб, айни кунларда уни контент – қимматли манбалар билан тўлдириш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур сайтга ижодкор қаламига мансуб бўлган ҳамда устоздан илҳомланиб ижод қилган шоир ва ёзувчиларнинг мавзуга оид адабий асарлари, хотиралари, ҳозирга қадар яратилган фильмлар ҳамда кўрсатувлар, Ғафур Ғуломнинг ўз овози янграган аудиоёзувлар жойлаштирилди.

    Шу билан бирга, Тошкент давлат юридик университетининг Интернет саҳифасидаги расмий сайтида адиб ижодиёти бўлими, университет Ахборот-ресурс марказида эса Ғафур Ғулом бурчаги ташкил этилиб, бу манзиллардан ижодкорнинг ўлмас асарлари жой олди. Университетда Ғафур Ғулом хонаси ташкил этиляпти.

    Университет томонидан Ғафур Ғулом ҳаёти ва ижодига бағишланган “Шарқдан келаётирман” номли ҳужжатли фильм сценарийси тайёрланиб, “Ўзбеккино” Миллий агентлигига тақдим этилди. Агентлик билан фильмни тасвирга олишда яқиндан ҳамкорлик қилинмоқда. Профессор-ўқитувчилардан иборат яна бир ишчи гуруҳ эса Ғафур Ғуломнинг нашр этилмаган адабий мероси асосида “Фарзандларимга” номли китобни тайёрлаб, нашрга топширди...

    Маълумки, Ғафур Ғулом ўзининг ким эканини, қандай халқнинг, миллатнинг фарзанди эканини, аввало, ўзи чуқур англаган ва буни она халқига англатишга имкон қадар уринган инсон – етук шахс бўлган эди. Бу ҳақиқат унинг деярли барча асарлари қатларидан кўриниб, сезилиб туради. Шоир ўз халқи хусусида

    Қадим ўзбек халқисан,

    Асл одам авлоди,

    Миср эҳромларидан

    Тарихинг қарироқдир.

    Хоразмнинг ҳар ғиштида

    Боболарнинг ижоди

    Англо-саксонлардан

    Анча юқорироқдир,

    дер экан, “бизда логарифманинг мушкул муаммолари қўлдаги бармоқлардай оддий қилинганда ҳал” ўзини олий ирқ вакиллари дея даъво қиладиган айрим кимсаларнинг аждодлари ўнта бармоғини эплаб санай олмаганини уларга эслатиб қўйганди...

    Она халқининг келгуси тақдирига бефарқ бўлмаган шоир ўзбекнинг ёш наслларига хитобан ёзган “Аввал ўқи” номли шеърида ҳали ҳозирга қадар аҳамиятини заррача йўқотмаган мана бундай ўлмас даъватни битган:

    Фалсафа – Афлотун, илмлар – Сино,

    Шеърлар Пушкинни қидирар сенда,

    Отага ўғил бўл, яъни хўжа бўл

    Қон-тер билан барпо бу сарзаминда.

    Дарҳақиқат, ўзбек халқининг учинчи Ренессансга томон интилиши ҳар жиҳатдан табиий, мантиқий ҳаракат бўлиб, бунга айни халқнинг маънавий ҳуқуқи ҳамда тарихий зарурат сифатида қараш лозим. Энг муҳими – халқнинг ҳар бир фарзанди ўзининг жисму жони, руҳиятида эртанинг Афлотунлари, Ибн Синолари, Навоий ва Пушкинларини ҳис қилмоғи, ана шу маънавий Оталарга муносиб ворис, бу муқаддас сарзамин – Ўзбекистонга чинакам хўжа – эга бўлмоқларидир.

    Раҳмон ҚЎЧҚОРОВ,

    ТДЮУ доценти в.б., филология фанлари номзоди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates