Қадринг баланд бўлсин, она тилим!

    Фикр 4 август 2021 37653

    Маълумотларга қараганда, ер юзида етти мингга яқин тил мавжуд.

    Аммо, уларнинг аксарияти йўқолиб кетиш арафасида. Дунёда миллат, халқ шаклланибди-ки, ўз тилига, динига, урф-одатларига эга. Бир элатга хос бўлган тил ўлдими, демак энди бу эл ўлигидан айрилган, қанотлари қайрилган қуш мисолидир. Шунинг учун ҳам тарихдан аёнки, бир давлатни тобеъ қилиш учун аввало, унинг тили, дини ва маданиятига таъсир эттирилган. Масалан, ВИИИ асрда арабларнинг юртимизга босқини даврида араб ёзуви, араб тили жорий қилинди. ХИИИ асрда мўғуллар истилоси оқибатида кўплаб асрий қўлёзмалар, қимматли китоблар, дурдона асарлар йўқ қилинди. Худди шундай яқин ўтмишга боқадиган бўлсак, юртимиз деярли бир аср давомида СССР давлати тасарруфида бўлди. Шу вақт ичида халқимиз мисли қулдек яшади. Юртдошларимизнинг тарихи поймол қилинди, эътиқоди оёқости бўлди. Сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги чекланди. Ўз тилидан, динидан, урф-одатларидан мосуво қилинди. Ҳақ-ҳуқуқлари, юрт келажаги, Ватан равнақи учун курашган кўплаб аждодларимизга нисбатан аёвсиз жазолар, қийноқлар берилди. Ҳам руҳан, ҳам жисмонан зарба берилди.Чўлпон, Абдулла Қодирий, Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Фитрат, Усмон Носир каби буюк сиймолар умри хазон қилинди. Бироқ, саъй-ҳаракатлар изсиз кетмади. Йиллар ўтиб, ҳурлик шарофати ила бу метин ирода соҳиблари номлари оқланди. Ўша даврларда адабиётимизнинг нодир асарлари яратилди. Бугунги кунда бу асарлар нафақат ўзбек адабиётида, балки жаҳон адабиётида ҳам салмоқли ўрин эгаллаб келмоқда. Ҳа, тилимиз ана шундай мураккаб ва зиддиятли даврларда синалди. Ва ниҳоят, 1989 йил 21-октабрда тилимиз янгидан туғилди. Яъни, ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилди. Мустақиллик бизга қўлдан кетган эркимиз, чекланган ҳақ-ҳуқуқларимиз билан бир қаторда, давлат рамзларимиз, шу жумладан, она тилимизни ҳам туҳфа қилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг:

    «Она тили аввало, она алласи билан унинг бетакрор жозибаси билан цингади. Она тили бу миллатнинг руҳидир» дея айтилган даъваткор фикрлари биз ёшларга ўзгача шижоат беради Лекин ҳозирги ахбарот-технологиялари асрида турли хорижий тил сўзлари ҳам кириб келди. Бу тилимизнинг бойиши билан бир қаторда, унинг баъзи ҳолларда бузилишига ҳам олиб келмоқда. Китоб варақлаб турар эканман, эътиборимни бир адибнинг билдирган мулоҳазаси ўзига тортди: «Нега кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милисия ҳуштак чаладию, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди.» Абдулла Қаҳҳорнинг ушбу фикрлари айниқса, бугунги кун учун жуда ўринлидир. Чиндан ҳам ўзбек тилидек бой, равон ва гўзал тил йўқ. Асрлар давомида ўзлигини йўқотмаган, дунёга Навоий, Бобур, Увайсий,Нодираларни етиштириб берган назм боғига олтиндан ҳайкал қадаган бу ганжина нега энди нописандлик билан сўзланиши керак! Ижтимоий тармоқларда «Ок», «Пака», «Вапше» каби сўзларни кўп учратамиз. Бу ҳам тилимизга нисбатан ҳурматсизликдир, аслида биз бу билан нафақат ўзбек тили, балки, инглиз, рус тилларига ҳам зарар етказиб қўймоқдамиз. Тилимизда шундай сўзлар борки, уларни бошқа тилга таржима қилишнинг иложи йўқ. Биргина «Меҳр» сўзини оладиган бўлсак, бу сўзни айнан таржима қилишга ожизмиз. Чет эл тилларини таржимасида ҳам бу сўзга яқин маъноли, синонимлардан фойдаланиб ўгирилади. Бизнинг тилимиз ана шундай дунё филологларини ҳам шошилтириб қояди.

    Она тилимизда янграётган ҳар бир сўз, инсонга ўзгача туйғу, ўзгача ишонч беради, ғайрфатимизга-ғайрат, кучимизга-куч қўшади. Тилимиздаги илиқ, бетакрор, сержило сўзлар инсоннинг қалб торларини моҳирона чертади, бетобни соғайтиради. Бу ҳақиқат. Бир сўз билан инсонга дунёларни ҳадя этиш мумкин ёки аксинча. Энг қаттиқ берилган зарба бу тил билан бўлар экан. Халқимизда бежизга «Тиғ яраси битади, тил яраси битмайди» дейилмайди.

    Сўз – бениҳоят қудратли нарса. Бунга тарихдан ҳам далиллар бор. «Қобуснома»да ёзилишича, Ҳалифа Хорун ар-Рашид тушь кўради. Тушида ҳамма тишлари тўкилиб тушган эмиш. Шунда бу тушь таъбирини таъбир қилувчидан сўрайди. У. шундай дейди: «Сендан олдин барча яқинларинг ўлади. Сендан бошқа ҳеч ким қолмайди». Бу сўзни эшитган Ҳалифа Хорун ғазаб отига минади ва таъбирчини юз дарра уришини буюради. Кейин бошқа бир таъбирчини чақириб маъносини сўрайди. Доно таъбирчи: «Сенинг умринг барча қариндошларинг умридан узунроқ бўлади», - дейди. Шунда Хорун ар-Рашид: «Барча ақлнинг йўли бирдир ва иккала таъбирнинг негизи бир ерга боради, аммо бу ибора билан у иборанинг орасида фарқ бағоят кўпдур», - дейди ва унга юз тилло беришни буюради. Демак, сўзни ўз орнида ишлата билиш учун фаросат, малака ва зийраклик зарур. Ҳаёт йўлларимизда Мир Алишер Навоийнинг :

    «Кўнгил маҳзанининг қулфи тил ва ул маҳзаннинг калитин сўз билгин» деган ҳикматларини шиор қилиб олмоғимиз зарур, деб ўйлайман.

    Мана бугун безавол қолган, топталган тилимиз ўзининг асрларга тенг қаддини тиклади. Синовларни ортга суриб ўттиз бир ёшни қаршилади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан 2019 йил октябрда эълон қилинган фармонга биноан 21 октябрь – Ўзбек тили куни сифатида кенг миқёсда нишонланадиган бўлди. Тилимиз ривожи учун сўнмас олов учқунларини ёқиб, алангалатиб кетган Зулфияхоним, Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов каби забардаст адабиёт вакилларининг ҳайкаллари «Ёзувчилар боғи»дан жой олди. Бундан ташқари Абдулла Орипов номидаги махсус шеър, адабиёт мактаби очилди. Бу мактабда бугунги кунда юзлаб иқтидорли ёшлар сабоқ олиб келмоқдалар. Айниқса, юртимизда китобхонликни кенг тарғиб этиб, миллий ғуруримиз бўлган тилимизнинг кейинги келажаги учун хизмат қилаётган «Ёш китобхон» кўрик-танлови эътиборфга моликдир. Бугунги кунда тилимизга бўлган ҳурмат ҳукуматимиз томонидан, қолаверса, кенг жамоатчилик томонидан ўзгариб бормоқда. Масалан, эндиликда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш учун ўзбек тилини мукаммал билиш, махсус имтиҳондан ўтиш талаб қилинади. Яна, бундан кейин талаба бўлиш учун она тилидан имтиҳон топшириб, намунали натижа кўрсатиш лозим. Яқин кунларда инсонни фахрлантирадиган, барча ўзбек халқини этини жимирлатадиган воқеанинг гувоҳига айландик. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарларида соф ўзбек тилида нутқ сўзладилар. Бир юз тўқсон уч давлат вакиллари ва дунё телевидениясида ўзбек тили янгради.

    Муҳаббат, садоқат кошонасида,

    Ҳумо қуш парвози пешонасида,

    Учинчи ренессанс остонасида

    БМТда янграган Навоий тили!

    Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим…

    Тарихдан сўз очсалар, мағрурланадиган шонли тарихга эгамиз. Ҳеч иккиланмай «Тарихим Навоийнинг сўзида, Қошғарийнинг байтида, Бобурнинг ўтли рубоийларида», - дея оламиз. Тақдирим, шул Ватаннинг мурғак фарзандиман, у билан қисматдошман. Бахтим ҳам, ифтихорим ҳам шу. Келажакка айта оладиган сўзим бор, Бу омадим, Оллоҳ томонидан берилган имкониятдир. Мен аминманки, ўзбек тили мангу яшайди. Яна минг йиллар давомида қалбларнимизни забт этаверади.

    Она тилим, омон бўл мангу,

    Сен борсанки, мен ҳам ўлмайман.

    Тильдан қолсам, сени Ойбекдай,

    Мен кўзларим билан сўзлайман.

    Турсунпўлот Комилович Норов.

    Ғиждувон тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси

    No date selected
    сентябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates