Ўсмирлик чоғида ота билан низолар ва ўртоқлар билан адоватли муомалада бўлиш одамнинг биологик қаришини кучайтиради, деган хулосага келди Виргиния университети (АҚШ) психиологлари.
17 йил давом этган ва 123 ўсмирни ўз ичига олган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, тахминан 13-20 ёшлар оралиғида отаси билан тез-тез зиддиятга борган ва яқин ўртоқларга нисбатан тажоввузкорона муносабатда бўлганлар 30 ёш атрофидаёқ биологик жиҳатдан “қари” кўриниш олади, деб хабар берди lenta.ru.
Организм ҳолатини баҳолаш учун олимлар ундаги холестрин, қон босими, қанд миқдори, яллиғланиш белгилари ҳамда узоқ умр кўриш ва касалликка чалиниш хавфини нисбатан аниқ башорат қилишга имкон берадиган оқсил даражасини ўз ичига олувчи комплекс кўрсаткичлардан фойдаланишди. Бунда ўзаро низолар, айниқса ота билан келишмовчиликлар физиологик қаришни тезлаштириш билан кўпроқ боғлиқ деб баҳоланган.
Тадқиқот муаллифи, профессор Жозеф Аллен таъкидлашича, ота билан низолашишни ўсмир онаси билан тортишишга қараганда нисбатан аламли, қаҳрли қабул қилади. Бу эса стрессни кучайтиради, унинг юрак-қон томир ва иммун тизимига салбий таъсир кўрсатади. Аслида 20 ёшларда ҳам ўртоқлар, дўстлар билан ёвқараш муносабатда бўлиш йиллар ўтиб инсон қиёфасида қаришнинг биологик белгилари бўртиб қолишига сабаб бўлади.
Олимлар шунга урғу берадики, ўсмирлик даврида бошқалар билан оғир муомала-муносабатда бўлиш шунчаки ҳиссий муаммогина эмас, узоқ давр соғлом бўлишга хавф солиш борасида муҳим сигнал саналади. Соғлом оилавий ва дўстона муҳит шаклланиши физиологик эрта қаришнинг олдини олишга қараганда муҳимроқ аҳамият касб этади. Илгари маълум бўлгандики, ҳатто меъёридаги ўртача қон босимининг тез-тез тушиб кетиши ҳам мия дегенерациясини (фаолияти) бузилишини тезлаштириши мумкин.









