Қашқадарё вилояти ЭИЗ Корея компанияларининг эътиборини тортди

    Халқаро ҳамкорлик 28 ноябр 2022 1319

    Қарши шаҳрида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Қашқадарё вилояти бошқармаси, Эркин иқтисодий зона дирекцияси раҳбарияти ҳамда Кореянинг SK Nexilis Co. Ltd компаниясининг глобал кенгайтиришни режалаштириш гуруҳи менежерлари Ли Терин ва Ли Жимин иштирокида музокаралар бўлиб ўтди.

    Учрашувда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кореялик ҳамкорларни жалб этиш истиқболлари муҳокама этилди.

    Хусусан, кореялик ҳамкорларга ЭИЗда яратилган шарт-шароитлар, инфратузилмавий имкониятлар, хорижий инвесторларнинг қулай фаолият юритиши учун берилаётган имтиёз ва преференциялар ҳақида батафсил маълумот берилди.

    Қўшма ва хорижий корхоналар фаолиятини ташкил этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама этилди. Кореялик ҳамкорларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилиб, инвестиция лойиҳаларини қуриш, ишга тушириш ва келгусида фаолият юритиш жараёнида ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлик билдирилди.

    Учрашув якунлари бўйича томонлар истиқболли инвестициявий таклифларни ўрганиш мақсадида турли форматларда ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.