Қайд этилишича, ҳолат Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси назоратига олинган бўлиб, ўрнатилган тартиб асосида ўрганилмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳолат шу йилнинг 6 февраль куни Ғузор туман 4-ДМТТ катта гуруҳ тарбияланувчиси Н. М. ҳамда ДМТТда фаолият юритувчи Ш.Й. (тарбиячи), Д. Х.(тарбиячи) эътиборсизлиги оқибатида содир бўлган.
Маълум бўлишича, шу куни соат 12:00 лар атрофида тарбияланувчиларни ташқаридан ичкарига тушлик вақтига саф билан олиб кирилаётганда Ш.Й. ҳамда тарбияланувчи Н. М. ни тўқнашиши оқибатида қайнаган сув унинг пешона чап ёноқ соҳаси қисмига тўкилган.
Мазкур ҳолат давомида ДМТТ хамшираси Ш. М. томонидан зудлик билан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Шундан сўнг, тарбияланувчи Н. М. ни отаси чақиртирилиб, ДМТТ ходимлари иштирокида Ғузор туман шошилинч тез тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.
Бундан ташқари Тиббиёт бирлашмаси кузатув ва текширув ўтказгандан сўнг, тарбияланувчи ва отаси тиббиёт бирлашмасидан кетиб қолганини №554 маълумотномада келтириб ўтган.
Шунингдек, тарбияланувчи Н. М. ни тиббий кўриклардан ўтказилиши, унинг соғлигини тез тиклаши учун ДМТТ масъуллари томонидан ҳам молиявий ёрдам кўрсатилган.
Ҳозирда ўз вазифасига совуққонлик билан қараган таълим ташкилоти масъул ходимларига таъсир чораси қўлланилиши юзасидан ҳужжатлар тўпланиб хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Бундан ташқари мазкур ҳолат юзасидан Ғузор туман Прокуратураси томонидан ҳам ўрнатилган тартиб асосида ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ўрганишлар якунига доир қўшимча ахборот берилади.